Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мустақиллик йилларида Хоразм вилоятида туризм соҳасини жадал тараққий эттириш бўйича амалга оширилаётган муҳим лойиҳалар хоразмликлар турмуш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада қабул қилинаётган давлат дастурлари ушбу тармоқни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш билан бирга, тадбиркорларга турли қулайликлар яратиб бермоқда. Барча саъй-ҳаракатлар туфайли, вилоят ҳудудларида туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 2012 йилга нисбатан 36 тадан 72 тага, меҳмонхоналар сони 26 тадан 52 тага кўпайди. Шундан Урганч шаҳрида 12 та, Хива туманида 34 та, Хазорасп туманида тўртта ва Гурлан туманида иккита, туроператор ва турагентлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар сони ўнтадан 20 тага етказилди. 2016 йилнинг ўзида ўнта меҳмонхона (Урганч шаҳрида тўртта ва Хива туманида олтита), туроператорлик билан шуғулланувчи (Урганч шаҳрида битта, Хива ва Хазорасп туманларида биттадан) учта сайёҳлик ташкилоти иш бошлади.
Айни пайтда вилоятимизда чет эл сармояси иштирокидаги бешта – «Хейвак», «Хива маликаси», «Хоразм маликаси», «Арқончи», «Ҳаёт ИНН» меҳмонхоналари самарали фаолият юритмоқда. Меҳмонхоналардаги ўринлар сони 1477 тадан 2300 тага етказилди. Сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида туризм инфратузилмасини мукаммаллаштириш бўйича барпо этилаётган меҳмонхоналар мажмуаси таркибига гараж, автотранспорт тўхташ жойи, дўконлар ва овқатланиш шохобчалари ҳам киритилган. Уларга хизмат кўрсатиш ва сервис сифатини ошириш, транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида «Зуҳро травел» МЧЖ битта Hyundai StarX H1, «Бек тур» МЧЖ иккита Higer Bus ва 12 ўринга мўлжалланган Hyundai 10+1 H1 микроавтобуслари харид қилди.
Қолаверса, вилоятнинг ҳар бир гўшасида узоқ тарих суронлари, халқимизнинг шонли ўтмишидан гувоҳлик берувчи ноёб битиклар, осориатиқалар, маҳобатли иншоотлар, муборак қадамжоларнинг мавжудлиги минтақанинг туризм имкониятлари нақадар катта эканлигидан далолат бериб турибди.
Хива ва Урганч шаҳарлари ҳамда туманлардаги муқаддас қадамжолар, архитектура, ҳайкалтарошлик санъати ёдгорликлари, жами 260 га яқин тарихий, маданий мерос объектлари кўз қорачиғидек асраб-авайланмоқда. Айниқса, Хивадаги «Ичан қалъа» тарихий ёдгорлиги, «Оллақулихон» мадрасаси, Маъмун академияси, энг асосийси ҳудуд аҳолисига хос бўлган миллий урф-одатлар сайёҳларни оҳанрабодек ўзига жалб этмоқда. Хусусан, рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2015 йилда вилоятга 40,6 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган, 2016 йилда эса бу кўрсаткич 46,6 мингдан зиёдни ташкил қилди. Ҳисобот даврида хорижий ва маҳаллий сайёҳларга кўрсатилган жами хизматлар ҳажми 5,6 млрд сўмни, 2016 йил якуни билан эса қарийб 11,5 млрд сўмни ташкил этиб, хизматлар ҳажми 2012 йилга нисбатан икки баробарга ошди. Бундан ташқари, хорижий сайёҳларга кўрсатилган экспорт хизматлар ҳажми 2013 йил (1,8 млн доллар)га нисбатан 2016 йилда 20 фоизга ошиб, 2,3 млн долларни ташкил этди. Сайёҳларнинг ўртача ташриф кунлари 2012 йилдаги 1,1 кеча-кундуздан 2016 йилда 1,8 гача узайди. Бир нафар хорижий сайёҳнинг кунлик ўртача харажатлари миқдори 2012 йилда 80 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бугунги кунда 180–200 долларни ташкил этмоқда.
Сўнгги беш йил ичида вилоятимизда туризмни ривожлантиришга оид эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Яъни, Биринчи Президентимиз И. Каримов тасдиқлаган «Хоразм вилоятида 2013–2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури» ҳудудларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, туризм соҳасида бурилиш ясади. Дастурга кўра, 2013–2015 йилларда жами 214,3 млрд сўмлик 200 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 49,3 млн долларга тенг инвестиция маблағлари эвазига 108 та лойиҳа тўлиқ бажарилиб, 36,5 млн долларлик 46 та лойиҳа бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
«Туризм инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудуднинг сайёҳлик йўналишлари ва хизматларини такомиллаштириш, сайёҳлик имкониятини намойиш қилиш ишларини амалга ошириш, сайёҳлар учун қўшимча объектлар инфратузилмасини яхшилаш, туризм соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш» бўйича Хива туманида «Боғи шамол», «Хива қоракўл» фермер хўжалигида, «Эшон Равот» кўлида, Боғотда «Қалажиқ қалъа», Урганч туманидаги «Улли ҳовли» объектларида янги сайёҳлик инфратузилмалари ташкил этилди. «Хоразм гиламлари» каталоги 500 нусхада чоп этилиб, вилоят бренди рамзи туширилган футболкалар савдога чиқарилди. «Хива сополи» МЧЖда ишлаб чиқарилаётган етти хилдаги сувенирлар сайёҳлар томонидан катта қизиқиш билан харид қилинмоқда. Шовот канали бўйида инфратузилма яратилиб, кемалар тўхташ жойи барпо этилди, янги кемалар харид қилиниб, дам олиш масканлари қурилиши боис, канал бўйи ҳордиқ чиқарувчиларнинг севимли масканига айлантирилди.
«Тарихий маданий мерос объектларини таъмирлаш ва ҳолатини яхшилаш» мақсадида 19 та обидада 6,8 млрд сўмлик таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди. Масалан, «Чодира ҳовли» мажмуасида 14,5 млн, «Музхона» обидасида 36,4 млн, «Тўрт Шоввоз» мажмуасида 571,8 млн, «Боғи шамол» мажмуасида (Оллақулихон боғи) 150 млн, «Нуруллабой» мажмуасининг кириш қисмида 80 млн сўмлик ишлар бажарилди. Урганч аэропорти биноси замонавий, жаҳон андозаларига мос таъмирланиши натижасида халқаро аэропорт мақомига сазовор бўлди. Сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида 2014 йилдан бошлаб Париж, Милан ва Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Волгоград шаҳрига тўғридан-тўғри авиарейслар қатнови амалга оширилмоқда.
Сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 17,25 км узунликдаги оптик-толали кабель ўтказилиб, 2304 та интернет портлари ўрнатилди. Аэропорт, темир йўл вокзали ҳамда «Ичан Қалъа» мажмуаси ҳудудида сайёҳлик объектлари ва меҳмонхоналарда Wi-fi интернет зоналари ташкил қилинди. «Хоразм Маъмун» академияси томонидан «Wikipedia» электрон энциклопедиясига диққатга сазовор жойлар ҳақидаги 28 та мақола жойлаштирилди. Хива шаҳрининг 3D моделини яратиш ва Google Earthга жойлаштириш, объектлар таркибий тузилишини яратиш рўйхатига асосан фотосуратлари ишлаб чиқилди. Бугунги кунгача Googleга 62 та объект жойлаштирилган. Ҳудуднинг тарихи ва маданиятини тараннум этувчи ягона мажмуага бирлаштирилган Ўлкашунослик музейи ва «Авесто» музейи негизида доимий фаолият юритувчи Ўлкашунослик экспозициясини ташкил қилиш ишлари якунланди. Доимий экспозиция учун Хоразм Маъмун академияси биносидан иккита зал ажратилган.
Сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун «Достон фольклор», «Хива фольклор» этнографик халқ ансамбли ва «Сайқал» оилавий фольклор ансамблларидан иборат бадиий жамоалар «Оллақулихон» мадрасасида мавсум давомида хорижий сайёҳларга ҳар куни концерт дастурлари, шунингдек, ўзбек миллий киносининг дурдоналари: «Тоҳир ва Зуҳра», «Насриддиннинг саргузаштлари», «Алишер Навоий», «Ўтган кунлар» каби фильмлар инглиз тили субтитрларда, «Огаҳий» номидаги вилоят драма театри ва қўғирчоқ театри ҳамкорлигида «Тош ҳовли» мажмуасида «Хон қабулида» номли театрлаштирилган саҳна томошалари намойиш этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг «Жойларда туризм соҳасини ривожлантириш ва туризм хизматлари экспортини янада ошишини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар тўғрисида»ги баённомасига асосан вилоятда 2016–2017 йилларга мўлжалланган режа ишлаб чиқилди. Жумладан, 57,2 млрд сўмлик инвестиция маблағларини жалб қилиш ҳисобига 81 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлиб, 2016 йил якуни билан 1,9 млрд сўмлик 16 та лойиҳа тўлиқ бажарилди, 65 та лойиҳа ишлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, мазкур баённома ижросига қаратилган вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти ва туристик дастурларини очиб берувчи тақдимотлар тайёрланган ҳолда, 2016 йилнинг март ойида Берлин ва Москва шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро туристик кўргазмаларда «Бек тур» МЧЖ, 5-16 май кунлари «Зуҳро травел» МЧЖ вакилининг Австрия, Венгрия, Чехия, Польшага хизмат сафари ташкил қилинди. Шу билан бирга, республикамиздаги элчихоналар масъул ходимлари, февраль ойида Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси бош котиби ва Корея Республикаси Миллий сайлов комиссия раиси Ким Ёнг Хи бошчилигидаги делегация, март ойида Европарламент вакиллари Хоразм вилоятига ташриф буюришди.
2016 йил 6 октябрь куни Россиянинг НТВ телеканали ходимлари «Ичан Қалъа» ҳудудидаги «Жума масжиди», «Муҳаммад Раҳимхон Феруз мадрасаси» ва «Паҳлавон Маҳмуд мақбараси», буюк олим Муҳаммад Мусо Ал-Хоразмий ёдгорлигида тасвирга олиш ишларини олиб боришди. Шу билан бирга, «Кўҳна арк» мажмуасида вилоят Академик ва халқ бадиий жамоаси концерт дастури ҳамда кулолчилик устахонасидаги иш жараёнлари тасвирга олинди.
Соҳага етук мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга катта эътибор берилмоқда. Хива ва Урганч туризм касб-ҳунар коллежларида «Туристик хизматлар менежери», «Меҳмонхона ва ресторан хизматлари менежери», Урганч давлат университети «Туризм» кафедрасида малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Шу билан бирга, «Республика илмий-ўқув консалтинг маркази» вилоят филиали ташкил этилиб, туризм соҳаси субъектлари ходимлари учун ўқув курслари ва амалий тренинг-семинарлар ўтказиш йўлга қўйилди. Дунё тажрибасини ўрганиш мақсадида Латвияга тўрт нафар, Хитой, Жанубий Корея ва Туркияга бир нафардан мутахассислар жўнатилди. Бухоро ва фарғоналик ҳунарманд усталар 40 нафар, наманганлик усталар 20 нафар вилоятимиз ёшларига ҳунармандчилик йўналишлари бўйича машғулотлар ўтказишди.
Хоразмнинг бой маданий мероси ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи бренди яратилиб, Жаҳон туризм бозорида, Тошкент халқаро сайёҳлик кўргазмаларида фаол иштироки таъминланмоқда. Сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида вилоятнинг йўл кўрсаткич харитаси 10000 нусхада чоп этилди. Қолаверса, «Мега-инфо-тур»лар ташкил этилишига ҳам алоҳида урғу қаратилмоқда. Ҳозиргача дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан 56 нафар оммавий ахборот ва 423 нафар хорижий туристик ташкилотлар вакиллари қабул қилинди. Хорижий давлатларда вилоят туризм салоҳиятини кенг ёритиш мақсадида дунёнинг етакчи «SMG» (Хитой), «Kelvinfilm GmbH» (Германия), «Euronews» (Франция) ва «Би-Би-Си» (Шотландия) телерадиокомпаниялари томонидан ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Сайёҳлик расмий веб-сайти (www.visitkhorezm.uz) яратилиб, унда сайёҳлик имкониятларига оид маълумотлар жойлаштирилди. Ҳудуднинг сайёҳлик имкониятини намойиш этиш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Урганч» халқаро аэропорти ва «Ичан Қалъа»да сайёҳлик ахборот офислари ишга туширилди.
2017 йил 13–14 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Дам олиш дунёси» 5-Халқаро ўзбек туризм кўргазмасида вилоятнинг сайёҳлик йўналишида фаолият юритаётган туроператорлари, сайёҳлик агентликлари, миллий халқ ҳунармандлари фаол иштирок этди. Хоразм вилоятида фаолият юритаётган ресторан ва кафелар ошпазлари томонидан тайёрланган миллий таомлар кўргазма иштирокчиларида яхши таассурот қолдирди.
Хуллас, амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар, устувор вазифалар замирида ягона мақсад мужассам – у ҳам бўлса, Хоразм воҳасининг сайёҳлик салоҳиятини, имкониятларини, қолаверса, шонли ўтмиши ва нурли келажагини вилоятга ташриф буюраётган ҳар бир сайёҳ орқали дунёга танитиш, жаҳонга ёйишдан иборат!
Темур ДАВЛЕТОВ,
Хоразм вилояти ҳокимининг туризмни
ривожлантириш бўйича ўринбосари