- O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi - https://evu.uz/uz -

ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини барқарор механизациялаштиришга кўмаклашмоқда

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 01.03.2024 @ 11:19 In Новости | No Comments

     Тошкентда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг “Қишлоқ хўжалигини барқарор механизациялаштириш стратегиясини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси кириш семинари бўлиб ўтди. Тадбирда миллий манфаатдор томонлар ва халқаро экспертлар иштирок этиб, лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритдилар. Лойиҳа ФАО томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва Ўзбекистон Ҳукуматига қишлоқ хўжалигини барқарор механизациялаштириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва манфаатдор томонлар учун тренинглар ўтказиш орқали мамлакатда механизациялаштириш соҳасидаги миллий салоҳиятни ривожлантиришда ёрдам беришга қаратилган.
     Лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва қишлоқ хўжалигини минтақа иқлим ва тупроқ шароитларига мос замонавий ва арзон қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги саноатини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ йўлга қўйишга ёрдам беради. Лойиҳа ФАО экспертлари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотчилар, фуқаролик жамияти вакиллари, вазирлик ва идоралар, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ва фермерларнинг қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш жараёнларининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиради.
     Кириш семинарида таъкидланганидек, кейинги йилларда дунёда қишлоқ хўжалигини барқарор механизациялаштириш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди ва ушбу тармоқнинг ривожланиши барқарор деҳқончилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун мослаштирилган тегишли асбоблар, ускуналар ва машиналарни, шунингдек аниқ деҳқончиликка эътибор қаратган ҳолда ер ресурсларини бошқаришни ўз ичига олиши керак. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш, овқатланиш сифатини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, шу билан бирга муносиб иш ўринлари яратиш, ижтимоий адолат ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун бундай ютуқларни маҳаллий шароитларга мувофиқ равишда кенгайтириш керак.  
     ФАОнинг янги лойиҳасини ишга тушириш доирасида қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро маслаҳатчи Василе Бумаков ва қишлоқ хўжалиги муҳандиси Сантьяго Сантос Валле Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент Давлат аграр университети ва “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида ҳамда бошқа ҳамкорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, соҳанинг мавжуд муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилди. Бундан ташқари, хорижлик экспертлар қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи қатор корхоналарда бўлиб, уларнинг салоҳияти ва иш жараёнлари билан танишди.
 

Article printed from O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi: https://evu.uz/uz

URL to article: https://evu.uz/uz/novosti/fao-sposobstvuet-ustojchivoj-mehanizaczii-selskogo-hozyajstva-v-uzbekistane.html

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.