(O´zbek) «Хизмат доирасидан ташқарида»ги қишлоқлар. Интернетсиз талабалар ва келажак ҳақида

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

Таҳририятга ҳар куни юзлаб мурожаатлар келиб тушади. Карантин вақтида мурожаатларнинг аксари интернет ва мобил алоқа сифатсизлиги ҳақида бўлмоқда. Деярли барча мурожаатлар қишлоқ жойлардан…

АҚШда хусусий корхоналар космосга одамларни олиб чиқаётган бугунги кунда биз ҳамон қишлоқларимизни сифатли интернет билан таъминлай олмаганимиз ғалати ҳолат. Айниқса олий таълим муассасалари талабалари интернет йўқлиги ҳақида куюниб гапириши ўйлашга ундайди. Ахир у талаба ва ҳозир айни қандайдир янгилик қила оладиган даври. Бундай вақтда ёш авлод оддий сайтдаги бир хабар қачон очиларкан деб бир неча дақиқалаб кутиши, қишлоқдаги уйида туриб Youtube’да видео кўришни фақатгина орзу қила олиши уларнинг келажакдаги режаларига қандай таъсир қилади?

Facebook, Google, Amazon каби компаниялар оддий стартап лойиҳаси кўринишида пайдо бўлиб, кейинчалик ривожланиб кетган. Уларнинг асосчиларида ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шароит бўлган. Айтайлик, 2000-йиллар бошида Ҳарвард университети ётоқхонасида интернет бўлмаганда, Марк Цукерберг Facebook’ни яратмаган ва бугун у бозор нархи 1 триллион доллардан ошган илк компанияга айланмаган бўларди.

Ёки Жефф Безос интернет тезлиги кўнгилдагидек бўлмай, уйида ҳадеб чироқ ўчаверса, Amazon’ни яратмаган ва бугун дунёнинг энг бой одамига айланмаган бўларди. Илон Маск ҳам шароит бўлмаганида PayPal, Tesla, Space X компанияларига асос сола олмаган, улар лойиҳалигича қолиб кетарди. Ёш авлодга шароит яратиб бериш деганда интернет сифатини яхшилашни эсдан чиқармаслик керак. Қишлоқ жойларда ҳам. Ахир бу имконсиз иш эмас.

Бир сайёҳ билан гаплашиб қолдик ва у қизиқ гапни айтганди: «Дунёнинг турли телеканалларида сизнинг рекламангизни кўрдим, улар жудда қиммат, лекин қанчалик наф беришини билмайман. Сиз жамоат жойларида, бекатларда, сайёҳлар кўп бўладиган ерларда, поездларда, жамоат транспортларида интернет ўрнатиб, унинг сифатини яхшилаб қўйсангиз, сайёҳларнинг ўзи Ўзбекистонни бепул реклама қилади». Жуда асосли гап. Бизда бекатлар, жамоат транспортларида интернет бўлиши уёқда турсин, меҳмонхоналарда ҳам сифатли интернет йўқ. Ҳар ой тариф бўйича фалон гигабайт интернет ваъда қиладиган мобил компаниялар ҳам қишлоқ жойларга сифатли интернет етказиб бера олишмаяпти. Келинг, гаплар исботи билан бўлсин, мурожаатларни айнан келтирсак.

«Бизнинг қишлоқда интернет деярли ишламайди. Онлайн дарсларни ўқитувчига юбориш учун камида 2 соат вақтимиз кетади. Бизда интернет антеннаси ҳам, wi-fi ҳам ўрнатилмаган. Тоғ ичкарисидаги Ингичка қишлоғида яшаймиз. Бирор киши ёрдам берса, савобга қоларди».

Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, Ингичка қишлоғидан

«Поп туманидаги Олтин кон шаҳарчасида тураман. Uzmobile компаниясидан илтимос, бизнинг ҳудудга ҳам антенна ўрнатишсин. Қўшни қишлоғимизда алоқа яхши, лекин бизга етиб келмаяпти. 3G’да ҳам, 2G’да ҳам интернет сифати яхши эмас».

Наманган вилояти, Поп тумани, Чодак қишлоғидан

«Мен Самарқанд шаҳрида яшайман. ОТМ профессориман. Uzonline орқали талабаларимга онлайн дарсларни ўтиб тургандим. Бирдан алоқа узилди ва дарс ўтиш ҳам тўхтади. 1086 ва +998712007797 рақамлари билан бир неча марта боғландим. Ваъда беришади, лекин ижроси йўқ».

Самарқанд шаҳридан

Шу ўринда Uzonline ҳақида икки оғиз. Мен ҳам уйда шу провайдердан фойдаланаман. Алоқа сифати яхши. Аммо бирор марта Uzonline оператори билан боғлана олмаганман. Операторга боғланиш учун нақ 30 дақиқа уриндим, охир-оқибат телефоннинг пули тугаб ўчиб қолди. Пул ташлаб яна қўнғироқ қилганда, 50-навбатдасиз дейишди. Битта навбат юқорига кўтарилиш учун камида икки дақиқа вақт кетди. Бу эса оператор билан боғланиш учун камида 1,5 соат вақт керак дегани. Одамларнинг бекорчи вақти борми? Умуман, Uzonline’нинг оператори бормикин?

Мурожаатлар орасида интернет провайдерларда ишлайдиган ходимлар ҳам бор. Мана улардан бири.

«Мен Uztelecom’да ишлайман. Карантин вақтида тиним билганимиз йўқ. Ҳар куни қишлоқларга 1 километрдан кўпроқ интернет кабелини ўтказяпмиз. Бу кабелларни Uztelecom ўз ҳисобида ўтказмоқда. Шунча ишласак-да, сайтингизда фақат «интернет йўқ», «тезлик яхшимас», «монополия» деган мақолаларни ўқийман…».

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидан

«Мен Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтининг 4-босқичида ўқийман. Ҳудудимизда интернет тезлиги пастлиги сабаб онлайн дарсларга қатнашишда муаммога дуч келяпман. Wi-fi тармоғига уланиш учун март ойида ҳудудимиздаги тегишли идораларга мурожаат қилдим, аммо ҳалигача улаб беришмади. «Биз етарлича жиҳозланмаганмиз», дейишди. Кўчамизда 10га яқин менга ўхшаган талаба бор. Ёрдам беринглар».

Самарқанд вилояти, Жомбой тумани, Беруний кўчасидан

«Қишлоғимизга оптик толали интернет зарур. Қишлоқ марказида ўрнатилган тармоқдан тортиб бериш учун 100, баъзан 500 доллар сўрашяпти. Атрофимиздаги барча қишлоқларга оптик толали интернет тортиб бўлинган. Ҳудудимизга қарашли Келес АТС томонда пулсиз тортиб бермаймиз, дейишяпти. Илтимос, шу муаммони сайтингизда ёритиб беринг».

Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Чувалачи қишлоғидан

«Қишлоқларда интернет яхши ишламаслиги ҳақида кўп эшитамиз, онлайн дарслар ўтилиши муносабати билан бу янада яққол кўзга ташланяпти. Аммо интернет Тошкент шаҳрида ҳам талабга жавоб бермайди. Масалан, Сергели туманидаги янги қурилган уй-жойлар ҳудудида икки йилдир-ки, бирорта мобил алоқа операторлари талабга жавоб бермайди. Ўзим фойдаланадиган Beeline операторига бир неча марта шу ҳақида фикр билдирдим, аммо натижаси бўлмаяпти. Уйимизнинг бир хонасида интернетга бир амаллаб уланиб бўлса, нариги хонада умуман антенна чиқмайди. Алоқа ҳам шундай. Бу мурожаатим фойда берадими йўқми, билмайман, шунчаки билдириб қўяй дедим-да…». 

Тошкент шаҳри, Сергели туманидан

«Мурожаатим шундан иборатки, бизнинг қишлоқда Beeline алоқа операторининг антеннаси бор, у 2G тизимида ишлайди. Бизга интернет тизимининг 3G ёки 4G аппаратини ўрнатиб беришда ёрдам қилишингизни сўрайман. Ташкилотларга кўп бор мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Ахир бизнинг ҳам шундай имкониятлардан фойдаланишга ҳаққимиз бордир?».

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани, Чўянли қишлоғидан

«Бошқа давлатларда одамлар 5G интернет ишлатаётган вақтда биз ҳатто 3G ишлата олмаяпмиз. Бошқалардан нима камимиз бор? Интернет учун пул тўлаяпмиз, текинга ёки қарзга ишлатаётганимиз йўқ-ку?! Компанияга телефон қилдик, борамиз, деб келишмади. Керакли жойга алоқага чиқиб, ёрдам қилинглар».

Хоразм вилояти, Шовот тумани, «Роят» маҳалласи

«Қишлоғимизда Ucell ва Uzmobile антенналари ўрнатилган, лекин интернет сифати жуда паст. Мактаб ўқувчилари онлайн дарсларда юборилган 100 килобайтлик расмни ҳам зўрға очишади. Интернет сифати яхшиланса, бизга ҳам, компаниядагиларга ҳам яхши бўларди».

Амударё тумани, Холимбек овули фуқаролар йиғини, «Учёп Соға» маҳалласидан

«Бизнинг ҳудудда интернет яхши эмас. Талабалар, ўқувчилар онлайн дарсларга қатнаша олишмади. Beeline антеннаси 1 км узоқда жойлашган, лекин алоқа яхши эмас. Wi-fi ҳам, бошқа мобил оператор ҳам йўқ».

Фарғона вилояти, Бешариқ тумани, «Капаянги» маҳалласидан

«Онлайн дарсларда қатнаша олмаяпмиз. Ucell, Beeline, Uzmobile бирортасининг интернет сифати яхши эмас».

Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани Буктарой қишлоғидан

«Маҳалламиз марказида Ucell, Beeline, Uzmobile, UMS антенналари ўрнатилган, лекин бирортасининг интернет сифати яхши эмас. Ишласа ҳам, кечаси 00:00дан кейин қотиб-қотиб ишлайди. Бизда аҳоли кўп, бунинг устига санатория бор. У ерга келганлар ҳам интернет йўқлигидан нолишади. Карантинда талабалар уйга қайтган, улар маълумот олишда қийналиб, антенна қидириб тепаликларга чиқиб юришибди. Наҳотки тезликни оширадиган 4G қурилмасини ўрнатиш шунчалик қийин бўлса? Бу борада суриштирув ўтказинглар, илтимос».

Навоий вилояти, Хатирчи тумани, «Олтинсой» маҳалласидан

Кўриб турганингиздек, мурожаатлар мамлакатнинг тўрт томонидан келган. Ҳали бу мурожаатлар интернет секин бўлса ҳам ишлайдиган жойлардан юборилган. Қанча-қанча хатлар интернет ишламай, келмай қолгандир… Хуллас, айтмоқчи бўлганимиз замон бу қадар тез ривожланаётган бир вақтда интернет сифатини қишлоқларда ҳам яхшиламаса бўлмайди. Ахир мамлакатнинг асосий қисми қишлоқларда яшайди. Интернет таъминотчилари учун узоқ қишлоқларда алоқа сифатини яхшилаш фойда келтирмаса, балки уларга қандайдир ёрдам бериш керакдир?

Одамларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи қондирилмас экан улардан янгилик кутиш қийин. Ёшлар дунёда нима бўлаётганини, тенгдошлари нималар билан машғуллигини интернет орқали билиб бориши керак. Бугун онлайн дарс нима эканини тушунган ёшлар эртага дунё олийгоҳларининг онлайн дарсларини кузатади, билим олади, янгилик қилади ва ниҳоят давлат учун яхши кадрга айланади. Бундай икониятни қўлдан чиқармаслик керак. Ахир қанчадан қанча ўзбекистонлик ёшлар яхши шароит қидириб бошқа мамлакатларда ўқимоқда…

Ўткир Жалолхонов

Манба: Kun.uz

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • СКОРО

    2-3/2020

    № 2-3/2020

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • РЕКЛАМА

  • Купить журнал

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.