- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) “Kichik Olimpiada”dan jahon maydonlariga

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 03.02.2015 @ 15:44 In Новости | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     “Сизларнинг чуқур, замонавий билимлар олиш ва маънавий юксалиш билан бир қаторда, спорт мусобақаларида қатнашишингиз, қизғин кураш ва беллашувларда жисмоний чиниқиб, иродангизни тоблаш, қийинчиликларни енгиш йўлидаги интилишларингиз келгуси ҳаётингизда янги-янги ютуқларга эришишда, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етишингизда мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонаман”.

     Президентимиз Ислом Каримовнинг 2002 йили Фарғона вилоятида илк маротаба ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари қатнашчиларига йўллаган табригида айтилган бу сўзлар бугун соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етаётган, ўз иқтидори ва салоҳияти билан юртимиз равнақига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишига муносиб ҳисса қўшаётган ўғил-қизларимиз тимсолида ўз исботини топмоқда.

     Мамлакатимизда жорий қилинган таълим соҳасидаги уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари юртимизда ана шундай навқирон авлодни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда, миллионлаб спортсевар ёшларимизга бир олам қувонч, ғалаба нашидасини, унутилмас лаҳзаларни ҳадя этадиган ёшлик ва баркамоллик байрамига айланмоқда.

 

Баркамол авлод орзуси

     Халқимизда яхши одат бор: оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб битта кўчат экади. Бунинг ҳикмати шуки, меҳр ва парвариш билан она заминдан куч-қувват олиб, илдизлари бақувват бўлиб ўсган ниҳол кўкка бўй чўзгани каби, яхши таълим-тарбия олиб, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб улғайган фарзандлар эл-юртга, ота-онасига раҳмат келтиради.

     Болалигимизда бобою момоларимиз, ота-оналаримиз айтган эртакларни – ори учун талашган Алпомишу Барчинойни, эл-юрт тинчлигини ўйлаб жонини хатарга қўйишдан бош тортмаган Широқни эсланг. Бу каби эртагу афсоналарда, достонларда комил инсон тимсоли, унинг қаҳрамонликлари куйланган, авлодларга ибрат қилиб кўрсатилган. Халқимиз шу билан фарзандларини мард, жасур, ватанпарвар инсонлар қилиб вояга етказишга интилган. Зеро, баркамол авлод орзуси – халқимизнинг эзгу мақсади, барча интилишларимиз негизидир.

     Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг интеллектуал қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариш, уларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртбошимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган пурҳикмат даъвати ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда.

     Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ таълим тизимида узоқни кўзлаб амалга оширилган эзгу саъй-ҳаракатларнинг натижаларига бутун дунё тан бермоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида қад ростлаган замонавий таълим-тарбия масканлари, у ерда ёшларнинг мукаммал билим олиши учун яратилган кенг имкониятлар дарҳақиқат кишини лол қолдиради.

     Ўтган йили мамлакатимизда 380 мактаб, 160 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей тубдан янгиланди. Мазкур мақсадлар учун қарийб 550 миллиард сўм сарфланди. Ушбу маблағларнинг 120 миллиард сўмдан ортиғи таълим масканларини ўқув-лаборатория ва ишлаб чиқариш ускуналари, компьютер ва мультимедиа воситалари билан таъминлаш учун ажратилди.

     2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш дастури доирасида 19 олий ўқув юртида қурилиш-реконструкция, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича қиймати 230 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Бу ишларни илгари тасаввур қила олармидик?! Ана шунинг ўзиёқ юртимизда ёш авлод камолотига нечоғли эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

 

Эзгу мақсадларга қанот

     Ўғил-қизларининг соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб вояга етишида спорт муҳим воситалардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда спорт ривожига қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган барча зарур шароитлар ўғил-қизлар ўртасида спорт турларининг оммалашишида, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

     Президентимизнинг ғояси ва ташаббуси билан жорий қилинган уч босқичли спорт мусобақалари бугунги кунда мамлакатимизнинг миллионлаб ўқувчи-ёшларини ўзига қамраб олмоқда, уларнинг эзгу орзуларини рўёбга чиқариши учун хизмат қилмоқда.

     Мазкур спорт ўйинлари Олимпия ўйинлари тамойилларига тўла мос келиши, мусобақалар адолат, ҳамжиҳатлик, аҳиллик, дўстлик ва соғлом рақобат руҳида ўтказилиши билан аҳамиятлидир. Бу эса ўз интилиши, шижоати ва мустаҳкам иродасини намоён этган навқирон йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда, улар учун катта спортга кенг йўл очилмоқда. Ушбу мусобақаларда кашф этилган иқтидорли спортчиларнинг аксарияти бугунги кунда қатор спорт турлари бўйича қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

     – 2009 йили Гулистонда ўтказилган “Умид ниҳоллари” ва 2011 йили Термизда ташкил этилган “Баркамол авлод” спорт ўйинларида бадиий гимнастика бўйича эришган муваффақиятларимни ҳозир ҳам ҳаяжон билан эслайман, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи Замира Санақулова. – Бу ғалабаларим катта спортга қадам қўйишимда муҳим босқич бўлган.

 

Ўқувчи ёшларнинг спорт байрами

     “Умид ниҳоллари” мусобақаси умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилиши ҳаммага маълум. Унинг “Умид ниҳоллари” дея номланиши шунга ишора. Зеро, ҳар бир инсоннинг қалбида болалик чоғиданоқ, аниқроқ айтадиган бўлсак, мактаб ёшидаёқ улкан орзу-умидлар куртак ёзади.

     Мазкур ўйинлар чемпион бўлишни мақсад қилган минглаб ўқувчиларнинг катта спортга илк қадами, том маънода тажриба ва маҳорат мактабига айланди. Мазкур спорт мусобақаси 2002 йили Фарғонада, 2003 йили Хоразмда, 2006 йили Қаршида, 2009 йили Гулистонда, 2012 йили Навоийда юқори савияда ташкил этилди.

     Жорий йилда “Умид ниҳоллари – 2015” республика мусобақаларига яна Хоразм вилояти мезбонлик қилади.

     Воҳада ўқувчи ёшларнинг спорт байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, Урганч олимпия захиралари коллежи, Урганч давлат университети, Ёшлик шаҳарчаси, Урганч шаҳар 2-академик лицейидаги спорт зали, кураш, гимнастика ва теннис заллари, ёпиқ ва очиқ сув ҳавзалари, ёпиқ спорт манежи, очиқ теннис корти мажмуаси, талабалар турар жойлари, ошхоналар, ўқув, тиббиёт ва хизмат бинолари, Урганч шаҳридаги “Олимпия” марказий стадиони каби кўплаб спорт ва ижтимоий объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

     Бу йил жами минг нафардан зиёд ўқувчи ўн олти спорт тури бўйича ғолиблик учун куч синашади. Аҳамиятли жиҳати, мусобақада ўқувчилар Олимпиададан жой олган спорт турлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этади. Демак, улар орасидан келажакда жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда, хусусан, Олимпия ўйинларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқиши шубҳасиз.

 

Байрам АЙТМУРОДОВ,

ЎзА мухбири


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/novosti/o-zbek-kichik-olimpiada-dan-jahon-maydonlariga.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/novosti/o-zbek-kichik-olimpiada-dan-jahon-maydonlariga.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.