- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Коронавирус: АҚШда қурбонлар сони 20 мингдан ортиқ, Испанияда ўлимлар сони яна оша бошлади

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 12.04.2020 @ 23:13 In Новости | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

АҚШда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 21 мингдан ошди — бу дунёдаги исталган давлатдаги қурбонлар сонидан кўпроқ. Бунгача энг кўп ўлим Италияда қайд этилаётганди, аммо ҳозирда Европада вазият барқарорлаша бошлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда Covid-19 оқибатида вафот этганларнинг жами сони 21,4 мингдан ошди, жами зарарланиш ҳолатлари 535 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Бир кун олдин АҚШ бир кунда икки мингдан ортиқ бемор вафот этган дунёдаги илк давлат бўлганди.

12 апрель ҳолатига кўра, бутун дунёда Covid-19’дан зарарланиш билан боғлиқ жами ҳолатлар сони 1,8 миллиондан ошган, 112 мингга яқин киши вафот этган, 416 мингдан ортиқ бемор соғайган.

Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомонинг сўзларига кўра штатдаги ўлим даражаси эндиликда аввалгидек кескин суръатларда ўсмаяпти. Сўнгги бир кунда Нью-Йоркда коронавирус яна 783 киши ҳаётига зомин бўлди, бу сўнгги кунлардаги статистикадан кўп фарқ қилмайди.

«Бу ўлимлар сони бўйича рекорд кўрсаткич эмас. Кўриб турганингиздек, ўлимлар сони барқарорлашмоқда, аммо бу барқарорлик жуда даҳшатли рақамларда ифодаланмоқда», деган Куомо.

Шанба куни кечқурун Американинг барча штатларида коронавирус пандемияси туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Шу ҳафтада Нью-Йоркда коронавирус қурбонлари жуда кўплиги туфайли марҳумлар биродарлик қабристонига дафн этилаётгани хабар қилинганди.

Пандемия туфайли бутун мамлакат бўйлаб ижтимоий муносабатларда қатъий чекловлар ўрнатилган, президент Дональд Трамп бундай чоралар камида 30 апрелгача амалда бўлишини маълум қилган. Кўплаб саноат корхоналари ишламай қолиши ва мамлакатдаги иқтисодий вазият оғирлашиши туфайли бир неча ҳафта ичида камида 16 миллион америкалик ишини йўқотди.

«Энг муҳим қарор»
Жума куни президент Трамп кейинги ҳафтада янги кенгаш тузилиши, унинг таркибидан тиббий ходимлари ва бизнес вакиллари ўрин олиши ҳақида айтди: бу орган унга бу чекловларни қачон юмшатиш бўйича қарор қабул қилишда ёрдам бериши керак. АҚШ президенти «бу ҳаётидаги энг муҳим қарор бўлиши» ҳақида айтиб ўтди.

Бу вақтда АҚШ конгресси жабрланган компанияларга ёрдам бериш чораларини муҳокама қилмоқда. Демократлар кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва шифохоналар ҳамда маҳаллий бошқарув органларини молиялаштириш учун қўшимча 250 миллиард доллар ажратишни таклиф қилмоқда. Аммо шанба куни таниқли республикачилар — Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл ва Вакиллар палатасидаги республикачилар етакчиси Кевин Маккарти бу ғояга қарши чиқишди.

New York Times якшанба куни эълон қилган материалда айтилишича, Америка махсус хизматлари ва тиббиёт экспертлари Трампга январь ойи охиридаёқ коронавирус хавфи ҳақида ҳисобот берган, аммо уларнинг огоҳлантирувига эътибор қаратилмаган.

Испания: пляжлар ёпиқлигича қолади
Якшанба куни ҳолатига кўра, Испанияда коронавирусдан яна 619 киши ҳалок бўлди, бу шанба кунги кўрсаткичдан (510 ўлим) кўпроқдир.

Шанба кунги ўлим кўрсаткичи мамлакатда сўнгги уч ҳафтадаги энг паст кўрсаткич бўлганди. Аммо Испания ҳукумати ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар дам олиш кунларидаги таътил туфайли маълумот етказилиши кечикиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган.

Испанияда сўнгги бир кунда яна 5 мингга яқин киши вирусдан зарарлангани аниқланди, жами ҳолатлар сони 166 мингдан ошди, бу борада фақат АҚШ олдинда.

Испания туризм ишлари вазири Рейес Марото 14 март куни жорий этилган ижтимоий масофаланиш чоралари қатъий карантин якунланганидан кейин ҳам амалда бўлиши ҳақида маълум қилди. Шундан келиб чиққан ҳолда пляжлар ҳам ёпиқлигича қолади, мамлакатга хорижликлар киришига тақиқ ҳам бекор қилинмайди.

El Pais нашрига берган интервьюсида Рейес шундай деган: «Вакцина пайдо бўлмагунча, ҳеч нарса аввалгидай бўлмайди. Хавфсиз масофани таъминлаш учун йиғилишларни чеклашга тўғри келади». У мамлакат чегаралари қачон очилишини айта олмаслигини, бу инқирозли ҳолат қандай ривожланишига боғлиқлигини билдирган.

Испания — мамлакатда сайёҳлар ташрифи бўйича Франциядан кейинги иккинчи ўринда туради, туристик секторнинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 12 фоиз атрофида.

Бундан ташқари
Европада коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича ҳамон Италия етакчилик қилмоқда — бу ерда 19,9 минг ўлим ҳолати қайд этилган. Мамлакатда Covid-19’дан зарарланиш ташхиси 156,3 минг кишига қўйилган.

Франция (132,6 минг ҳолат ва 14,4 минг ўлим) шанба куни кунлик ўлим ҳолатлари сони пасайгани ҳақида маълум қилди, шанба куни 635 ўлим қайд этилганди, якшанба куни қурбонлар сони 561 нафарга ошди. «Биз жуда юқори платога чиқдик, аммо бу эпидемия ҳамон фаолликни сақлаб қолмоқда», деган Франция соғлиқни сақлаш бошқармаси Жером Саломон.
Манба: Kun.uz [2]


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/novosti/o-zbek-koronavirus-a-shda-urbonlar-soni-20-mingdan-orti-ispaniyada-limlar-soni-yana-osha-boshladi.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/novosti/o-zbek-koronavirus-a-shda-urbonlar-soni-20-mingdan-orti-ispaniyada-limlar-soni-yana-osha-boshladi.html/print

[2] Kun.uz: https://kun.uz/news/2020/04/12/koronavirus-aqshda-qurbonlar-soni-20-mingdan-ortiq-ispaniyada-olimlar-soni-yana-osha-boshladi

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.