(O´zbek) Терактлар ҳафтаси ва чақалоқлар ўлими. Ашраф Ғани яна «Толибон»га уруш очди

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

Афғонистонда сўнгги кунларда бир неча йирик терактлар содир этилди. 12 май куни пойтахт Кобулдаги туғруқхонага ҳужум оқибатида 16 киши ҳалок бўлди, жумладан уч аёл ва икки бола ҳам. Мамлакат президенти Ашраф Ғани ушбу терактда «Толибон»ни айблаб, афғонистонлик ҳарбийларга жангариларга қарши юриш бошлашга буйруқ берди.

АҚШ ва «Толибон» ўртасида февраль ойи охиридаги музокаралар ва 29 февраль куни тузилган тинчлик битими Афғонистонда тинчликни таъминлай олмади. Минтақада март ойида ҳам «Толибон» ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувлар давом этди. Бу эса тинч аҳоли ўртасида қурбонлар берилишини ҳам давом эттирди. Айни вақтда мамлакатда вазият сўнгги йиллардаги энг оғир ҳолатга келган.

Президент Ашраф Ғани 12 май куни телемурожаатида «Толибон»нинг тўхтовсиз ҳужумларига жавобан ҳарбийларга ушбу ташкилот позицияларига ҳужум бошлаш тўғрисида буйруқ берди. Қайд этилишича, курашнинг «фаол мудофаа» шаклидан «ҳужум» шаклига ўтилади.

Ғанининг айтишича, «Толибон» Афғонистон ҳукуматининг ўт очишни тўхтатиш ва зўравонлик кўламини қисқартириш бўйича чақириқларини эътиборсиз қолдирмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, урушни тўхтатиш бўйича чақириқлар «кучсизликни англатмайди, балки тинчликпарварликни ифодалайди». У ҳаракат тарафдорларини яна бир марта ҳукуматнинг мамлакатда тинчликни тиклаш бўйича таклифига рози бўлишга чақирган.

Кобулда бу ҳафта давомли терактлар билан бошланди. 11 май куни Таиа Маскан туманида бир неча портлашлар содир этилди. Хавфсизлик кучлари маълум қилишича, ҳужум нишони Миллий хавфсизлик бўйича дирекция ва ҳукумат автомобиллари бўлган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмади. 

12 май куни Кобулдаги туғруқхонага ҳужум уюштирилди. Аввалига терорчилардан бири тиббиёт муассасасига киришда ўзини портлатган, қолганлари ичкарига бостириб кириб, одамларни ўққа тутган. Кобулнинг ғарбий қисмида жойлашган бинода камида 24 киши, жумладан, ўндан ошиқ аёллар ва икки нафар чақалоқ ҳалок бўлгани айтилмоқда, яна 15 киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, худкуш террорчилар ҳарбий кийимда бўлган ва уларнинг ҳаммаси йўқ қилинган. Тиббиёт муассасасига ҳужумга бу ерда «Чегарасиз шифокорлар» инсонпарварлик ташкилотининг «хорижлик ходимлари» борлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Толиблар бу терактлар учун жавобгарликни зиммасига олмади, президент Ашраф Ғани ва биринчи вице-президент Амрилло Солиҳ ушбу ҳужум ортида «Толибон» ҳаракати ва уларнинг иттифоқчилари турганини қайд этган. 

12 май куни Нангарҳар провинциясида ҳудудий полиция бошлиғи Ҳожи Шайх Икромнинг дафн маросими вақтида ҳам портлашлар рўй берди ва 32 киши ҳалок бўлиб, 68 киши яраланди. Жароҳатланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда ва қурбонлар сони ўсиши мумкин.

13 май куни Афғонистон шарқидаги Пактия провинциясидаги ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Маҳаллий телеканал маълумотига кўра, автомобил шоссесида ҳаракатланган автомобилга қарата ўт очилган ва 3 нафар полициячи ҳамда тинч аҳоли вакилларидан 2 киши ҳалок бўлган.

Бу ҳолатлар АҚШнинг толиблар билан тинчлик битими чок-чокидан сўкилиб кетганини кўрсатмоқда.

Асирлар алмашиш жараёни
Ҳаракат аъзоларининг фаоллашуви бежиз эмас, толиблар Афғонистон қамоқхоналаридаги сафдошлари озод этилишини талаб қилишмоқда. 

Февраль ойи охирида АҚШ ва «Толибон» ҳаракати узоқ давом этган музокаралардан кейин ҳудудда ўт очмаслик ҳақида келишиб олган ва Афғонистон ҳукумати билан ҳам бу борада музокара олиб борилиши маълум қилинганди. Доҳадаги келишувнинг асосий шартлари бўйича икки томон асирлар алмашишни бошлаганди.

Шу вақтгача ҳукумат қамоқхоналаридан «Толибон» сафига мингдан ортиқ киши қайтган. Ҳукумат жами 5 мингга яқин асирни қайтариши керак эди. Кўп эҳтимол билан озод қилинганлар аввалги «бизнеси»ни давом эттиради.

BВC қўлга киритган маълумотларга кўра, «Толибон» ҳар йили турли ноқонуний фаолияти орқали 1,5 миллиард доллардан ортиқ даромад кўради ва ёшларни қуроллантириш учун етарли молиявий манбага эга ҳисобланади. Ҳаракатнинг Қўшма Штатлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлиги Афғонистон расмий давраларида ушбу ҳарбий-диний ҳаракат давлат ҳаётида яна устун мавқе эгаллай бошлаши ҳақидаги ташвишларни пайдо қилди.

Айрим афғон парламентариялари АҚШ президенти маъмурияти «Толибон»нинг фаолиятини қонунийлаштириб, уни ўзига хос хусусий ҳарбий кампанияга айлантирмоқчи, деган фикрда. Гўёки бу ташаббус 29 февраль куни Қатардаги учрашувда расмийлаштирилган. Албатта, «Толибон» хусусий ҳарбий кампанияси ҳақидаги гап муболаға, аммо ҳаракат аъзоларига сўнгги йилларда кўп нарсага рухсат берилаётгани, америкаликлар Афғонистонни ташлаб кетаётгани, Кобулдаги «қўшҳокимлик» толибларнинг ҳокимиятга қайтиш имкониятларини оширмоқда.

«Толибон» март ойидан бери атиги 105 нафар полициячилар ва афғон ҳарбийларини озод қилди, бу эса расмий Кобул қўйиб юборган жангарилар сонидан 10 баравар камроқ. Шу туфайли Афғонистон ҳукумати 11 май куни тенгсиз алмашувни тўхтатишга қарор қилди. Афғонистон ислом республикаси Хавфсизлик кенгаши раиси Жавид Фейсал толиблар хавфсизлик хизматининг 200 нафар ходимини қўйиб юбормагунча, бирорта маҳбус озод қилинмаслигини билдирди.

«Толибон» ғазабда
Яқинда БМТнинг Афғонистонга ёрдам бўйича миссияси ҳисоботида ҳаракатнинг сўнгги вақтлардаги фаоллашуви рақамларда акс этганди: 2020 йилнинг биринчи чорагидаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли тинч аҳоли вакиллари бўлган 533 киши ҳалок бўлган, шундан 150 нафари болалардир. 55 фоиз ҳолатда тинч аҳоли вакиллари  ўлими учун масъулият ноқонуний қуролли гуруҳлар зиммасида. Толиблар 533 ўлимнинг 39 фоизида айбдор ҳисобланишади. Шунингдек, ўлимларнинг 13 фоизи ИШИД террорчилик ҳаракати таъсиридаги кучлар айби билан содир бўлган. Ҳукумат таъсиридаги қуролли гуруҳлар эса 32 фоиз ҳолат учун жавобгардир.

Афғонистонда зўравонлик даражаси ошиб бориши фонида толибонлар назоратидаги ҳудудларда тинч аҳоли вакиллари ўртасида йўқотишлар деярли йўқ. «Толибон»нинг расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид БМТнинг Афғонистонда тинч аҳоли ўлимлари бўйича ҳисоботини «америкалик ҳарбийлар, Кобул маъмурияти, разведкачилар, полиция ва тинч аҳолига қарши ҳарбий кучлар томонидан содир этилаётган ҳар кунги жиноятларни яширишга уриниш» деб ҳисоблайди.

Помпео муросага чақирди
АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» биргаликда ушбу терактлар ташкилотчисини топиши кераклигини билдирди.

У Кобул шарқидаги шифохонага ҳужум ва Нангарҳар провинциясидаги округлардан бирининг полиция раҳбарининг дафн маросими вақтидаги портлашларни «қўрқинчли терактлар» деб атаган.

«Муқаддас Рамазон ойида ва COVID-19 хавфи шароитида бундай терактлар содир этилиши жуда қўрқинчли ҳолат. Толиблар бу ишга алоқадорлигини рад этмоқда ва бу ҳужумларни қаттиқ қоралашмоқда. «Толибон» ва Афғонистон ҳукумати биргаликда айбдорларни топиб, уларни жавобгарликка тортиши керак.

Кенг кўламли зўравонлик ҳолатлари қисқартирилмас ва сиёсий барқарорлашув йўлига ўтилмас экан, Афғонистон терроризм қаршисида ожиз бўлиб қолади. Афғон халқи террордан холи келажакда яшашга ҳақли, ҳозирги тинчлик жараёни Афғонистон халқига  терроризм таҳдидига қарши бир фронтда бирлашиш имкониятини тақдим этади», деган Америка дипломатияси раҳбари.

Миллий хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Доҳада 29 февраль куни АҚШ ва «Толибон» ўртасида имзоланган келишувдан буён толиблар кунига ўртача 55 ҳужум уюштиришган. Афғонистон миллий хавфсизлик ва мудофаа кучлари (ANDSF) жангариларга қарши 1 200 ҳарбий амалиёт ўтказган.

Миллий хавфсизлик бўйича Дирекция раҳбари (Афғонистон разведкаси) Аҳмад Зиё Сарож шундай дейди: «Толиблар ҳозиргача ҳам «ҳокимиятга ҳарбий йўл билан қайтиш» ҳақида ўйлашади ва ўзаро бағрикенглик ва тинчликни қадрлашмайди. Бундан ташқари, толиблар бошқа террорчилик гуруҳлари билан қалин алоқаларни сақлаб қолмоқда ва бу Қўшма Штатлар билан имзоланган келишув шартларига зиддир».

Албатта, «Толибон» мамлакатдаги 407 ҳудуддан 133тасида назорат ўрнатган бўлсада, жанг майдонида ғолиб кела олмайди. Туганмас ва маъносиз уруш давом этмоқда.
Манба: Kun.uz

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.