Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра COVID-19 пандемияси, талабнинг сустлиги, саноат ишлаб чиқариши ва хизматлар соҳасидаги пасайиш натижасида бу йил Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишнинг янада пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

ОТБнинг етакчи йиллик иқтисодий нашри бўлмиш «Asian Development Outlook 2020»га (ADO) киритилган янги маълумотларга мувофиқ ОТБ 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсишини 0,5% даражасида прогноз қилмоқда ва бу июнь ойидаги 1,5% даражасидаги прогнозга нисбатан пасайишдир. Бироқ, 2021 йилда ЯИМ 6,5% гача кўтарилиши кутилмоқда ва бу прогноз бу йил олдинроқ қилинган прогнозга мос келади.

«Бизнинг ҳисоботимизда бу йил ўсишнинг пасайишини тахмин қилинаётган бўлса-да, хизматлар ва саноат соҳаларида кутилаётган ўсиш натижасида 2021 йилда қайта тикланиш кутилмоқда», — дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Синди Малвичини. «Мамлакат пандемияни энг қисқа вақт ичида енгиши ва иқтисодиётни тиклашини таъминлаш учун биз касалликнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини ва соғлиққа бўлган таъсирини камайтириш борасида Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаб, ёрдам бериб келмоқдамиз».

Банкнинг инфляция прогнозлари ўзгаришсиз қолмоқда — 2020 йилда 13% ва 2021 йилда 10%. Пандемия билан боғлиқ узилишлар 2020 йилнинг дастлабки 7 ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг инфляциясини оширди, бироқ бу даврда бошқа товар ва хизматлар нархлари инфляцияси секинлашди. Шу билан бирга, олдинги йилга нисбатан Ўзбекистон сўмининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши 2019 йилнинг биринчи ярмидаги 2,5%дан бу йил 6,7%гача кўтарилди.