1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи жорий этилади.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.
«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда вирусни юқтириб олган беморлар саломатлигини тиклаш юзасидан зарур вазифалар амалга оширилмоқда.
Бунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва коронавирусга қарши курашишда тажрибага эга мамлакатлар (Хитой, Жанубий Корея) мутахассисларининг тавсия ва маслаҳатларига қатъий амал қилинмоқда. Аҳоли, айниқса ёши улуғ инсонларни ушбу эпидемиядан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилиниб, муайян тартиблар ўрнатилмоқда», дейилади комиссия ахборотида.
Манба: Kun.uz