- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz/en -

(O´zbek) Давлат молиясини бошқариш тизимидаги ютуқ, муаммо ва истиқболлар

Sorry, this entry is only available in Uzbek [1]. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда давлат молияси соҳасидаги самарадорлик, шаффофлик ва манзиллилик муҳим омил ҳисобланади. Шу боис, Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда давлат молиясини бошқа­риш (ДМБ) тизимини ислоҳ қилиш, ҳи­собдорликни оширишга қаратил­ган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хал­қаро молиявий бошқарув стандартларига ўтиш, бюджет жараёнини рақамлаш­тириш, давлат харажатлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ва очиқ бюджет механизмларини жорий этиш бу борадаги исло­ҳотларнинг асосий йўналишларини ташкил этмоқда.
     Давлат молиясини бошқариш тизими – мамлакат иқтисодиётининг «қон айланиш тизими» ҳисобланади. Унинг самарадорлиги давлатнинг ҳар бир сўми солиқ тўловчиларнинг фаровонлигига қанчалик хизмат қила­ётганини белгилаб беради. Замонавий давлат бошқарувининг самарадорлиги ва халқнинг фаровонлиги бевосита ДМБ тизимининг шаффофлиги ва натижадорлигига боғлиқ.
     ДМБ тизимини модернизация қи­лиш жараёнида бюджетни режалаш­тириш ва ижро этишда натижадорликка эътиборни кучайтириш, мо­лиявий ахборотларнинг ишончлилиги ва очиқлигини таъминлашга қара­тилган қатор ютуқларга эришилди. Шу билан бирга мавжуд институционал чекловлар, кадрлар салоҳияти, ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси ҳамда харажатлар самарадорлигини баҳолаш механизмларининг етарлича ривожланмагани каби муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.
     2017 йилга қадар Ўзбекистон молия тизими кўпроқ ёпиқ, қатъий марказлашган ва «смета харажатларини қоплаш» тамойилига асосланган механизм сифатида фаолият юритган, бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш жараёнларида очиқлик ва жамоатчилик назорати етарли даражада таъминланмаган эди. 2007 йилдан бошлаб ғазна иж­роси элементлари жорий қилина бошлаган бўлса-да, 2017 йилга келиб ҳам ғазначилик тизими тўлиқ шаклланмаган эди. ДМБ соҳасида халқаро стандартларга ўтиш зарурияти пайдо бўлди. Халқаро стандартларга ўтиш Ўзбекистон учун бир қанча стратегик мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Бу мақсадлар асосан молиявий барқарорликни таъминлаш, самарадорликни ошириш ва халқаро ҳамжамият олдидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқ­тисодиётининг барқарорлигини таъминлашда ДМБ тизимини ислоҳ қи­лиш энг устувор вазифалардан бирига айланди. 2017-2020 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ҳамда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлашга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Давлат бюджети парламент томонидан тасдиқланиши, «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри чоп этилиши, Openbudget.uz ахборот портали ишга туширилиши, давлат бюджети ижроси тўғрисидаги маълумотлар миллий ҳамда Халқаро валюта жам­ғармасининг Давлат молиявий статистикаси стандартларига мувофиқ эълон қилиниши тизими йўлга қў­йилди.
     2018 йилда амалга оширилган PEFA – Давлат молиясини бошқа­ришни давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик мезонлари асосида баҳолаш натижаларига кўра Ўзбекистон барқарор ва самарали тарзда фаолият юритаётган давлат молиясини бошқариш тизимига эга эканлиги таъкидланди. Шунга қара­май, давлат молияси тизимида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши зарурлиги аниқланди. Мазкур баҳолаш натижаларидан келиб чи­қиб ҳамда юқоридаги амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларни тизимлаштириш мақсадида 2020-2024 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ДМБ тизимини такомиллаштириш стратегияси тас­диқланди.
     Ушбу стратегия асосида бир қа­тор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб илк бор Давлат бюджети параметрларини Ўзбекистон Республикаси қонуни шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилди ва парламент назорати кучайтирилди. Консолидациялашган бюджет қамрови барча давлат мақ­садли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан таш­қари жамғармалари ҳисобидан кенгайтирилди. Бюджетни шакллантиришнинг ўрта муддатли режалаштириш механизмига ўтилди. Бюджетни шакллантиришда ўрта муддатли давр учун Фискал стратегияни ишлаб чи­қиш амалиёти йўлга қўйилди. Бюджетнинг натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида натижага йўналтирилган бюджетлаш­тириш тизимига ўтиш ислоҳотининг ҳуқуқий асослари яратилди. Фискал хатарларни мониторинг қилиш, ба­ҳолаш ва натижаларини эълон қи­лиш йўлга қўйилди. Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини кенгайтиришга эришилди. Шунингдек, «Давлат қарзи тўғрисида»ги қо­нун қабул қилиниб, давлат қарзини самарали бошқаришда стратегик ёндашув таъминланди.
     ДМБ тизимини трансформация қилишда институционал ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Бошқа ваколатли органлар билан бир қаторда Ғазначилик тизими ушбу ўзгаришларда марказий ўринни эгаллади. Бюджет тизими бюджетлари ижросини таъминлашда солиқ­ли ва солиқсиз давлат тушумларини тўплаш, сақлаш ва давлат харажатларини амалга ошириш учун Ғазна­чиликнинг ягона ҳисобрақами очилди. 2013 йилда Бюджет кодекси тас­диқланди. Бюджет кодекси билан барқарор макроиқтисодий ўсиш, давлат қарзини самарали бошқариш учун зарур институционал шарт-шароитлар яратилди. Усиз 2017-2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ва давлат бошқарувидаги кенг кў­ламли ўзгаришларни бундай суръат ва жамоатчилик ишончи билан амалга ошириш мумкин эмас эди.
     2018-2024 йилларда амалга оширилган рақамли трансформация на­фақат молиявий самарадорликни оширди, балки давлат бошқарувида очиқлик, ҳисобдорлик ва натижадорлик тамойилларини кучайтириш орқали Ўзбекистон молия тизимини янги босқичга олиб чиқди.
     Бюджет жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида 2026 йилдан бошлаб доимий харажатлар сметалари асосида харажатларни молиялаштиришга ўтиш белгиланди. Ўрта муддатли бюджетни шакллантириш тартиб-қоидаларини кучайтириш мақсадида бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан базавий ва соҳа сиёсатига боғлиқ ўзгаришлар асосидаги харажатларни баҳолаш ва шакллантириш услубиёти ишлаб чи­қилади.
     Ҳар йили тасдиқланадиган Фис­кал стратегия доирасида бюджет сўровларини чекланган маблағлар миқдорида ишлаб чиқиш ва уларга ўзгартириш киритиш шартлари белгилаб берилади. Шу билан бирга ва­зирлик, идора ва маҳаллий ҳоки­мият органлари ходимларининг бюджет сўровлари ҳамда ўрта муддатли бюджетни тайёрлаш салоҳияти оширилади. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида «Фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш» мақса­дига эришишнинг самарадорлик кўр­саткичларидан бири сифатида 2030 йилгача «Натижага йўналтирилган бюджетлаштириш» (дастурий бюджетлаштириш) амалиётига тўлиқ ўтиш белгиланган.
     Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясининг асосий мақсад­ларидан бири – йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги «натижага йўналтирилган бюджет» (Дастурий бюджетлаштириш) тизимини жорий этиш ҳисобланади. Дастурий бюджетлаштириш тизимига ўтишнинг дастлабки босқичида вазирлик ва идораларнинг бюджет маблағлари­дан фойдаланиши билан боғлиқ мақ­садли индикаторлари тасдиқланиб, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисо­ботлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилиниб ке­линмоқда.
     Дастурий бюджетлаштириш тизимини тўлақонли жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида 2024 йилда Ўзбекистон Респуб­ликасида дастурий бюджетлаштириш тизимини жорий этишда бюджет маблағларини тақсимловчилар­нинг бюджет дастурларини ишлаб чиқиш, мониторингини юритиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди. Бюджет тизими бюджетлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш мақсадида дастурий бюджетлаштириш тизимининг ке­йинги босқичида вазирлик ҳамда идораларнинг бюджетларини «бюджет дастурлари» кесимида шакллантириш тартиби жорий этилмоқда. Умуман олганда, сўнгги йилларда бюджетнинг натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида ҳи­собдорлик ва шаффофлик тамо­йиллари асосида натижага йўналтирилган бюджетлаштириш тизимига ўтиш ислоҳотининг ҳуқуқий асослари яратилди.
 
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин. [2]