Республикамизнинг иқтисодий жиҳатдан тараққий топишида Қашқадарё вилоятининг ўзига хос ўрни бор. Сўнгги йилларда барча вилоятларда бўлгани каби, воҳада ҳам кўплаб йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг натижасида аҳоли турмуш даражаси тобора ўсиб бораётганини, айниқса, саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик соҳалари барқарор суръатларда ривожлана бошлаганини кузатиш мумкин.
Жалб этилаётган инвестициялар вилоят иқтисодий салоҳиятини ошириш билан бирга, шаҳар ва туманларимизнинг тобора замонавийлашиб бораётган қиёфаси, аҳолининг ўз турмуш тарзи, ҳаётидан рози бўлиб яшаётгани, эртасидан кўнгли тўқ, бундан-да яхшироқ яшаш йўлида меҳнат қилаётганларида намоён бўлмоқда. Вилоятимизда асосан нефть-газ, энергия таъминоти, таълим тизими, енгил саноат, озиқ-овқат саноати ва уларни қайта ишлаш корхоналарида янги қурилиш, қувватларни техник жиҳатдан модернизация ҳамда реконструкциялаш ишлари амалга оширилмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, сўнгги беш йил давомида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 21 трлн сўмдан зиёд инвестициялар жалб қилиниб, ушбу маблағларнинг 6,7 трлн сўми ёки 31,2 фоизи марказлаштирилган инвестициялар,14,8 трлн сўми ёки 68,8 фоизи марказлаштирилмаган инвестициялар ҳиссасига тўғри келди. Маблағларнинг 14,9 трлн сўми ёки 69,3 фоизи ишлаб чиқаришга ва 6,6 трлн сўми ёки 30,6 фоизи ноишлаб чиқариш соҳаларига йўналтирилди.
Шундан жами инвестициялар таркибида хорижий инвестицияларнинг улуши беш трлн сўмни ёки 23,3 фоизни, тижорат банклари кредитлари бир трлн сўмни ёки 4,6 фоизни, корхоналарнинг ўз маблағлари 8,8 трлн сўмни ёки 40,9 фоизни ҳамда аҳоли маблағлари уч трлн сўмни ёки 13,9 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида вилоятда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиб, кўплаб янги ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди.
Шу жумладан, нефть ва газ соҳасида: «Таллимаржон иссиқлик электр станцияси» УКда узунлиги 218 км бўлган Таллимаржон-Сўғдиёна ҳаво линияси ва 500 кВли очиқ тақсимлаш қурилмаси лойиҳасининг биринчи навбати, Деҳқонобод тумани энергия таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳаси ва «Калийли ўғитлар заводи» УК ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш (2-навбати) лойиҳаси, «Шўртаннефтгаз» МЧЖга қарашли 2-компрессор станцияси қурилиши йўли билан 4,3 млрд куб/м газ ва 136,5 минг тонна конденсат қазиб олиш лойиҳаси, Шимолий Шўртан кони ҳудудлари ва Шўртан кони бош иншооти чиқинди газларини зарарсизлантириш лойиҳаси, Янги Қоратепа, Тўртсари, Ширкент конлари ва «Шўртан» компрессор станциясида 4 МВтгача электроэнергия ишлаб чиқариш қувватига эга электростанция, шунингдек, «Ғуссорнефтгаз» ҚКнинг шимолий Нишондаги 28 та қудуқ конини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳамда «Таллимаржон иссиқлик электр станцияси» УК қувватини ошириш юзасидан 450 МВт қувватига эга бўлган иккита буғ-газ қурилмаси қурилиши ишлари якунига етказилди.
«Муборакнефтгаз» МЧЖга қарашли Самантепа, Герсан, Чўлқувар, Қумли, Тойлоқ ҳудудларида қуввати 3,87 млрд куб/метр газ ва 67,8 минг тонна газ конденсати қазиб олиш лойиҳаси қурилиши (2-навбати), «Алан» конида сиқув компрессор станцияси қурилиши билан Алан конларини тўлиқ ўзлаштириш орқали беш млрд куб/м газ қазиб олиш лойиҳаси, «Помуқ» конида сиқув компрессор станцияси қурилиши йўли билан «Култак» конини ўзлаштириш лойиҳаси ва унга қарашли Жанубий Кемачи, Круқ, ғарбий Круқ, шимолий Ўртабулоқ ва Умид конларидаги паст босимли газларни зарарсизлантириш лойиҳаси, Сардоба конида турдош газда ишлайдиган 4 МВт қувватли янги кичик электростанция ўрнатиш орқали электроэнергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, темир йўл қурилиши соҳасида 25 км темир йўлни таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари якунига етказилиб, темир йўл бўлимлари учун талаб даражасидаги замонавий технологиялар ва жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди. Мароқанд-Қарши йўналишидаги 140 км.лик темир йўли участкасини электрлаштириш ишлари якунланди ҳамда 157,2 км.лик Самарқанд-Қарши йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи йўловчи ташиш поезди қатнови йўлга қўйилди, шунингдек, Қарши шаҳрида «Ўзбекистон темир йўллари» АКга қарашли Мароқанд-Қарши темир йўли участкасини электрлаштириш ишларининг 1-босқичи бошланди.
Айни пайтда Китоб туманида «Ўзбекенгилсаноат» ДАКга қарашли 2500 тонна калава ип ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Китоб ип йигирув» АЖ базасида калава ип ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди, Қарши шаҳрида «Ўзбекчармпойабзали» уюшмасига қарашли йиллик қуввати 200 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Премиум капитал гроупп» МЧЖнинг пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳаси фойдаланишга топширилди, Яккабоғ туманидаги «Қурбон текс» МЧЖ базасида калава ип ишлаб чиқариш лойиҳаси ташкил этилган бўлса, Қарши туманида «Лт текстиль интернейшнл» ХК томонидан йилига 22 минг тонна калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фойдаланишга топширилди. Муборак туманида «Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖ томонидан йилига 800 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона ишга туширилди.
Озиқ-овқат соҳасида ҳам бирмунча ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, «Озиқ-овқат саноати» уюшмасига қарашли «Қарши ёғ экстракция» АЖда ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни йўлга қўйиш лойиҳаси ҳамда «Косон ёғ» АЖда модернизация қилиш ҳисобига қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. «Ўзбекэнерго» ДАКга қарашли жанубий-ғарбий ҳудудларда энергия жиҳозларини модернизация қилиш (2-босқич) лойиҳаси амалга оширилди, шунингдек, «Нишон кўзгу» ФХда лойиҳа қиймати 6,2 млрд сўмга тенг бўлган замонавий кушхона мажмуаси бунёд этилди, Шаҳрисабз туманида «Ўзвинсаноатхолдинг» ХКга қарашли «Шаҳрисабз вино-ароқ» МЧЖ базасида коньяк спирти ишлаб чиқариш лойиҳаси фойдаланишга топширилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўтган беш йил мобайнида инвестициялаш жараёнлари деярли барча соҳаларни қамраб олишига муваффақ бўлинди. Жумладан, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида ҳам диққатга молик ишлар амалга оширилди. Яъни, таълим тизимида 4191 ўқувчи ўринли 16 та мактаб янгидан қурилди, 44062 ўқувчи ўринли 186 та мактаб 225 ўринли ётоқхона билан бирга реконструкция қилинди, 5256 ўқувчи ўринли 32 та мактаб капитал таъмирдан чиқарилди, 5250 ўқувчи ўринли 25 та касб-ҳунар коллежига қўшимча ўқув биноси ва устахоналар қуриб берилди, 1620 ўқувчи ўринли 18 та касб-ҳунар коллежи ҳамда битта 330 ўқувчи ўринли лицей-интернат реконструкция қилинди. Капитал таъмирдан чиқарилган 32 та коллеж учун 1450 ўринли 17 та ётоқхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қашқадарёлик ўғил-қизларни спортга бўлган қизиқишини ошириш, мусиқадан сабоқ олишларини таъминлаш мақсадида 84 та болалар спорт иншооти ва сузиш ҳавзалари, 2350 ўринли 14 та болалар мусиқа мактаблари бунёд этилди.
Бу борада соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Ҳисобот йили давомида 550 қатновга мўлжалланган тўққизта ҚВПлари янгидан қурилди, 3525 ўринга мўлжалланган шифохоналар реконструкция қилинди, 1850 қатновга мўлжалланган 12 та амбулатор поликлиникалар реконструкция қилиниб, аҳоли соғлиғини ҳар тарафлама мукаммал муҳофаза этувчи тиббиёт масканларига айлантирилди.
Албатта, вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги инвестициявий лойиҳалар асосида вилоят аҳолисининг турмуш даражаси, аҳоли фаровонлиги ҳам ўз-ўзидан ошиб бориши табиий. Шу боис, қашқадарёликлар эртанги кунларидан кўнгиллари тўқ, навбатдаги марралар сари иштиёқ билан, мақсаду-муддаоларига эришиш йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.
Вилоятимизда кечаётган кенг кўламли устувор ислоҳотлар, жумладан, маҳаллий ва чет эл инвестицияларини жалб этиш бир мақсадга – аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш, фарзандларимизни жисмонан ва маънан баркамол вояга етказишда ички ва ташқи ресурслардан самарали фойдаланиш ҳисобидан иқтисодий салоҳиятимизни тўла намоён этишга қаратилган.
Зафар ЭРГАШЕВ,
вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш
бош бошқармаси бўлим бошлиғи