Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳалари: хоҳ у тадбиркорлик бўлсин ёки қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва саноат ёхуд озиқ-овқат соҳаси бўладими уларда бирдек барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Бундай муваффақиятлар эса, албатта Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган туб ўзгаришлар, иқтисодиётга бўлган янгича қараш, устувор ислоҳотлар ҳамда ҳаётбахш дастурлар ижроси билан боғлиқ эканлигини англаш қийин эмас. Мазкур жиҳатни Андижон вилояти мисолида кечаётган янгиланишлар, ислоҳотлар натижалари ва дастурлар ижроси таъминланаётганини таҳлил қилиш эса, фикр-мулоҳазаларимизга янада ойдинлик киритади.
Андижон вилояти республикада иқтисодий салоҳияти жуда юқори, аҳолиси тадбиркор, кўплаб соҳа ва тармоқлар бўйича етакчи вилоят саналади. Бугун вилоят аҳли Президентимиз томонидан амалга оширилаётган устувор ислоҳотларни бирдамлик билан, қўйилган вазифа ва дастурлар ижросини юксак билим ва касбий салоҳиятга таянган ҳолда ташкил этмоқда. Айниқса, вилоятда автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, саноат соҳалари яхши ривожланган. Қуйида вилоятга маҳаллий ва хорижий инвестициялар киритиш ҳақида қисқача мулоҳаза юритамиз. Дарҳақиқат, жалб этилаётган инвестициялар сабабли, жойларда янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилиб, кўплаб хизмат кўрсатиш тармоқларининг ишга туширилиши, саноатни модернизациялаш, корхоналарни техник ҳамда технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ишлари самарали ташкил этилаётганлиги туфайли, вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари барқарор ўсмоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» қисмида амалга оширилажак вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган. Мазкур йўналишнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, вилоят миқёсида иқтисодий тараққиётни таъминловчи устувор вазифалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Яъни, ҳудудларни комплекс ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган мақсадли дастурлар ижросини таъминлаш, озиқ-овқат саноати асосий хомашёси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожланишига алоҳида эътибор қаратиш, тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг сифати оширилиши ҳамда экспорт қилинишига бирламчи вазифа сифатида қаралмоқда.
Жумладан, вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси 2017 йилда 106,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда ушбу кўрсаткич 113 фоизга етказилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, амалга оширилаётган техник модернизациялаш ҳамда технологик ўзгаришлар ва қувватлар ташкил қилиниши боис гўштни қайта ишлаш мос равишда 36,3–37 фоизга, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш 11,5–15,1 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 2–3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида тасдиқланган 2017–2018 йилларда амалга ошириладиган йирик лойиҳалар дастурига асосан, умумий қиймати 4,1 трлн сўмлик (шундан, банк кредити 1,9 трлн сўм ва 163,1 млн доллар хорижий инвестиция) маблағларни вилоятга жалб этилиши ҳисобига 166 та истиқболли лойиҳалар ишга туширилади. Мазкур лойиҳалар аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳаёт даражасини яхшилаш ҳамда даромад манбаларини юзага келтирувчи 19932 та иш ўрни яратилишига сабаб бўлади.
Айни пайтда дастур доирасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида умумий қиймати 439,1 млрд сўм (151,3 млрд сўм банк кредити) миқдоридаги инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига 57 та лойиҳа ишга туширилиб, 3881 та янги иш ўринлари яратилди. Бу эса, мавжуд ресурслар минтақага хос салоҳиятни намоён этишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли. Дастурлар ишга туширилиши билан саноат соҳасида 582,5 млрд, қишлоқ хўжалиги соҳасида 10,8 млрд сўмлик қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади.
Мисол учун, вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Пахтаобод туманида «Контекс» МЧЖ ўз маблағи ҳисобидан 3,6 млрд сўмлик сармоя киритиб, қўшимча 400 та янги иш ўрни яратишга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, корхона томонидан йилига 1,5 млн доллар қийматидаги тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, улар тўлиқ экспортга йўналтирилади.
Бундан ташқари, Асака туманида мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган «Обод турмуш орзуси» фермер хўжалиги томонидан умумий қиймати 8,3 млрд сўм (шундан, 850 минг доллари банк кредити) инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида 150 та янги иш ўрни яратилиб, йилига 15 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш имконияти яратилди.
Хўжаобод туманидаги «Навигул» ҚКда умумий қиймати 100 млрд сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда экспортга чиқариш бўйича йирик логистика маркази ташкил этилиши натижасида қарийб 1000 га яқин янги иш ўрни яратилиши таъминланди. Андижон вилоятида амалга оширилаётган ижобий ўзгариш ва янгиланишлар аҳолининг турмуш тарзи ҳамда ҳаёт даражасига ҳам сезиларли даражада ижобий таъсир қилмоқда.
Булоқбоши туманидаги «Найман мел» МЧЖда умумий қиймати 20 млрд сўмни ташкил этувчи, Марказий Осиёда ягона бўлган кимёвий чўктирилган бўр ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 105 та янги иш ўринлари яратилди.
Иқтисодиётнинг реал секторига маҳаллий ва хорижий инвестициялар киритиш – давр талаби. Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, узоқ йиллардан бўён фойдаланилмаётган, бўш турган собиқ «Бобур» АЖ 15 нафар тадбиркорга 102,6 млрд сўм ва 31,8 млн доллар инвестиция киритиш шарти билан 3816 та ҳамда собиқ «Андижонмаш» заводи ҳудуди 21 нафар тадбиркорга 98,6 млрд сўм миқдоридаги инвестиция киритиш ва 1235 та янги иш ўрни яратиш шарти билан берилди.
Вилоятимизда инвестиция киритиш йўли билан аҳоли турмуш тарзини обод қилаётган, оилаларга файзу барака киритаётган, янги тур маҳсулотлар чиқаришни йўлга қўяётган ишлаб чиқариш корхоналари сони тобора кўпайиб бормоқда. Бу жиҳатни барча соҳаларда, айтиш мумкинки, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кузатиш мумкин.
Фикримизга қисқача хулоса қилсак, меҳнатда тобланаётган танти ва мард, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига камтарона хизматлари билан ҳисса қўшаётган андижонликлар ҳар бир жабҳада, ҳар бир тармоқ ва йўналишда аввалгидек биринчиликни қўлдан бермасликка интилаётганликлари уларни янги-янги марралар сари илҳомлантирмоқда.
Ботир ҲАМРАЕВ,
вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни
комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи