Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилаётган касалланиш ҳолатлари сони кўпаяётганини маълум қилиб, ҳудудда эпидемия яна авж олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
«Сўнгги кунларда Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари қатори Тошкент шаҳридан ҳам аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Касалланиш кўрсаткичлари шу темпда ўсиб борса эпидемия авж олиш хавфи янада кучаяди. Бу эса аҳолидан янада ҳушёр бўлиб, ўзи ва яқинлари саломатлигига ўта масъулият билан ёндашишларини талаб этмоқда.
Жумладан, бугун, ҳозирга қадар пойтахтимизда коронавирус инфекцияси аниқланган 11 нафар фуқаронинг барчаси аҳоли орасидан касалликни юқтириб олган. Мисол учун, бир неча кун олдин «Ўрикзор» савдо мажмуаси сотувчиси коронавирусга чалингани ҳақида хабар берган эдик. Эндиликда унинг ўғли ва қизида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.
Айни вазиятдан маълум бўладики, ҳар бир фуқаро, аввало, карантин қоидаларига қатъий риоя этишлари лозим. Зарурат юзасидан кўчага чиқиб, уйга келганингизда ҳам қўлингизни совунлаб, қайта-қайта ювинг. Қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришишдан тийилиш лозим. Энг муҳими, ижтимоий масофани сақланг, жамоат ва одамлар тўпланган жойлардан узоқроқ юринг, доимо тиббий ниқоб тақиб юришни унутманг. Акс ҳолда нафақат ўзингиз, балки оила аъзоларингиз, яқинларингиз соғлигини ҳам жиддий хавф остида қолдиришингиз мумкин», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Айни вақтда мамлакатдаги шифохоналарда 726 бемор даволанмоқда. Беморларнинг 7 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Манба: Kun.uz