Жаҳон Банки томонидан дунё давлатларининг 2020 йил учун инсон капитали индекси эълон қилинди. Дунё аҳолисининг 98 фоизи истиқомат қилувчи 174 та мамлакат иштирок этган мазкур рейтингга илк маротаба Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид маълумотлар ҳам киритилган, дея хабар қилди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати.
Ушбу маълумотлар 2020 йил март ойигача бўлган даврни қамраб олади ва пандемиягача болалар саломатлиги ва таълимининг асосий кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади.
Қайд этилишича, инсон капитали индекси боланинг келажакда қай даражада самарали кадр бўлиб шаклланишини ўлчайди. Индекс қиймати 0 дан 1 гача интервалда бўлиб, қиймат 1 га яқинлашиши бугунги болаларнинг келажакда қай даражада етук инсон бўлиб шаклланишини кўрсатади.
Жаҳон банки гуруҳи томонидан ўтказилган янги таҳлилга кўра, COVID-19 пандемияси сўнгги ўн йилликда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари эришилган ютуқларга таҳдид солмоқда. Бу, айниқса, энг камбағал мамлакатларга кучли таъсир кўрсатиши мумкин. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, пандемия бошлангунга қадар аксарият давлатлар болаларда инсон капиталини шакллантириш бўйича барқарор ўсишга эришган. Кам даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич энг юқори натижага эга бўлган.
Шу билан бирга, ушбу тараққиётга қарамай ва пандемия таъсири сезила бошлангунга қадар, оддий давлатда туғилган бола тўлиқ таълим ва соғлиқни сақлаш шарти билан инсон капиталининг потенциал даражасининг атиги 56 фоизига эришишга умид қилиши мумкин эди.
Пандемия туфайли болаларнинг аксарияти (1 миллиарддан ортиқ) мактабга бормади ва таълим олиш учун белгиланган ўртача олти ойлик билимларнинг бой берилиши иқтисодий жиҳатидан сезиларли йўқотишларга олиб келади.
Ушбу тадқиқотларда илк маротаба иштирок этган Ўзбекистон 62 фоиз натижа кўрсатган. Яъни Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ичида Беларусь (70 фоиз), Россия (68 фоиз) ва Қозоғистондан (63 фоиз) кейинги ўринга жойлашган.
Марказий Осиё мамлакатлари миқёсида эса Қозоғистон ва Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон 60 фоиз, Тожикистон 50 фоиз натижа кўрсатган.
2020 йилга қадар Ўзбекистоннинг маълумотлари «Инсон капитали индекси» рейтингида эълон қилинмаган. Яъни Ўзбекистон томонидан фақат соғлиқни сақлаш ва иқтисодий кўрсаткичлар тақдим этилган ва бу Жаҳон банки томонидан қабул қилинган. Бироқ 2017 йилга қадар мамлакат мактаб ўқувчиларининг билимини аниқлаш учун ўтказилган мониторинг ишлари халқаро стандартларга мос эмаслиги сабабли таълим сифати (ўқувчиларнинг билимини баҳолаш) бўйича тақдим этилган маълумотлар қабул қилинмаган.
«Юртимизда мавжуд таълим сифати бўйича ишончли маълумот тақдим этиш учун 2019 йилнинг ноябрь ойида Таълим инспекцияси Жаҳон банки билан ҳамкорликда TIMSS халқаро тадқиқотлари саволлари асосида математика бўйича мактаб ўқувчиларининг билими ўрганилган эди. Мазкур синовларда мактаб ўқувчилари қайд этган натижалар ҳам юртимизда инсон капиталини аниқлашда муҳим маълумот бўлиб хизмат қилган», — дейилади хабарда.
Жаҳон банки Инсон капитали индекси доирасида боланинг ривожланиш траекторияси (туғилганидан вояга етгунича) қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича баҳоланади:
- тирик қолиш эҳтимоли (туғилганидан 5 ёшгача);
- бошланғич ва ўрта мактабда кутилаётган таълим сифатига қаратилган ўқиш давомийлиги;
- ривожланиши орқада қолаётган болалар фоизи;
- катта ёшдаги авлоднинг яшовчанлиги.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон илк маротаба инсон капиталини баҳолашга қаратилган PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларида ҳам иштирок этмоқда. Бугунги кунда Таълим инспекцияси томонидан тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув қўлланмалар тарқатилмоқда. Уларнинг малакасини ошириш учун халқаро экспертлар иштирокида семинарлар ўтказилмоқда. Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун халқаро тадқиқотларда фойдаланиладиган намунавий саволлар асосида онлайн-тренажёрлар ташкил этилди. Республика бўйича 348 та таянч мактаб белгиланиб, қолган мактабларни уларга бириктирган ҳолда педагогларнинг малакаси оширилмоқда.