Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар мазмун-моҳиятан бойиб бормоқда. Ўзбекистон иқтисодий салоҳияти жиҳатидан дунёнинг энг кучли йигирма мамлакатидан бири бўлган Туркияни ишончли ва устувор ҳамкор, деб билади. Бу қудратли давлат билан яқин ҳамкорлик миллий манфаатларимизга хизмат қилади. Ўз навбатида Туркия Марказий Осиёда муҳим ўрин тутадиган Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсатини, самарали бозор иқтисодиёти ва эмансипация жараёнига киришганини қўллаб-қувватлаётгани қувонарли. Айниқса, ўтган тўрт йилда ўзаро алоқалар стратегик шериклик даражасига чиқди. Бунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг узоқни кўзлаб оқилона сиёсат юритиш бобида қарашлари ўхшашлиги, самимий муносабатлари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани чин ҳақиқат.
Туркия Буюк Миллат Мажлиси Режалаштириш ва бюджет комиссияси раиси Лутфи ЭЛВАН билан суҳбатимиз айни мавзу муҳокамаси билан бошланди.
– Ҳурматли Жаноб Элван, авваломбор, нашримиз учун интервью беришга рози бўлганингиз ва вақт ажратганингиз учун раҳмат. Қайд этиш керакки, Туркия Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини тан олган 200 мамлакатнинг биринчиси эди. 1992 йилдаёқ мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилиб, ўзаро муносабатларимизнинг тамал тоши қўйилди. Орадан 28 йил ўтди. Бу қисқа вақт эмас, тўғрими?! Ҳозирда Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг қайси жиҳатлари кўпроқ эътиборингизни тортмоқда? Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида қандай фикрдасиз?
– Аввало, Туркия-Ўзбекистон муносабатлари борасида фикр билдириш имконияти тақдим этилгани учун журналингиз жамоасидан миннатдорман. Ўзбекистон биз учун жуда муҳим ва қадрли мамлакат. Бизни умумий тил, тарих ва маданият боғлаб туради. Қардош Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга интеграциялашган, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор давлат эканини мамнунлик билан таъкидлашни истардим.
Албатта, 1980 ва 1990-йиллар Туркия учун жиддий ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, муҳим дипломатик ташаббуслар ва ҳамкорлик учун янги имкониятларни юзага келтирган давр бўлди. Туркия ташқи сиёсатидаги бу ўзгаришлар Кавказ ва Марказий Осиё сиёсатида яққол ифодасини топди. Собиқ СССР парчаланиб кетганидан сўнг 60 млн. аҳоли истиқомат қиладиган 6 млн. квадрат километрлик ҳудудда янгидан ташкил топган мамлакатлар давлат мустақиллигини қўлга киритишди. Мазкур воқеа катта иштиёқ ва қувонч билан қарши олинди. Қолаверса, жаҳон саҳнасида мустақил ва суверен давлатлар сифатида пайдо бўлган минтақадаги қардош мамлакатлар бахтига шерикмиз. 1990-йилларнинг биринчи ярмида бевосита минтақа давлатлари ўртасида ва қўшма саммитларда имзоланган бир қатор сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий битимлар орқали мавжуд салоҳиятдан фойдаланиш учун қандай саъй-ҳаракатлар қилинганини кўрдик. Мисол учун, турк ҳамжамияти билан яқин маданий-гуманитар алоқаларни таъминлаш мақсадида Туркиянинг ташаббуси ва қатъияти билан 1992 йилда Туркия халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА) ташкил этилган эди.
Хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Туркиянинг энг муҳим савдо ҳамкорига айланди. Эслатиш жоизки, ўша пайтда Туркия ва Ўзбекистон раҳбарияти ва Бош вазирларининг олий даражадаги ташрифларидан сўнг икки мамлакат ўртасида иқтисодий ва савдо алоқалари, маданий, таълим ва илмий алмашинув, соғлиқни сақлаш, спорт, туризмда ўзаро ҳамкорлик, алоқа ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳалар йўлга қўйилди. Туркия-Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши тузилди. Туркиялик кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистонга катта сармоя киритди. Яна такрор айтаман, 90-йилларнинг биринчи ярмида туркий мамлакатлар мустақилликка эришгач, Марказий Осиёда Туркиядан энг катта ёрдам Ўзбекистонга кўрсатилди.
Шуни айтишим мумкинки, 2016 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда Президент Жаноби Олийлари Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасида ўтган учрашув бугунги кунда Туркия-Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантиришнинг бошланғич нуқтаси бўлди. Мазкур учрашув икки давлат ўртасида янги давр эшикларини очди.
Икки мамлакат Президентлари 2017 йилнинг октябрь ойида яна учрашишди, бу сафар Туркияда. Мазкур тарихий ташриф доирасида турли соҳаларда қатор битимлар, шу жумладан, икки мамлакат ўртасида олий даражадаги стратегик ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланди. 2018 йилда икки мамлакат раҳбарларининг Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви расмий ташрифларнинг энг ёрқин қисми бўлди, дейиш мумкин. У бутун дунёга икки мамлакат ўртасидаги молиявий-сиёсий муносабатлардан ташқари маънавий қардошлик алоқалари чуқур ва мустаҳкам илдиз отганини кўрсатди.
– Ўтган йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда маълум муддат узилиш юзага келганини яширишнинг ҳожати йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев лавозимига киришгач, ушбу бўшлиқ дарҳол тўлдирилди. Барча соҳада Туркия энг яқин ҳамкорлардан бири сифатида қаралмоқда. Сизнингча, ҳозирги кунда Туркия учун янги Ўзбекистоннинг ўрни қандай?
– Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида, тарихий Ипак йўлида жойлашган бўлиб, географик жиҳатдан Шарқ билан Ғарб ўртасидаги савдода муҳим ўрин тутади. Бугун Жаноб Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон Марказий Осиёда ёрқин юлдузга айланди.
Бугунги кунда биз Ўзбекистон янги ташқи сиёсий стратегия ёрдамида ушбу географик салоҳиятдан сиёсий ва иқтисодий манфаатлар учун фойдалана бошлаганини ва бу борада мамлакат минтақадаги қўшни давлатлар билан яхши алоқалар ўрнатишга устувор аҳамият бераётганини кўриб турибмиз. Ўйлашимча, Туркия Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига тобора «очилиши»да асосий роль ўйнаши мумкин. Дарвоқе, Жаноб Мирзиёев 2017 йилда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Туркияга Ўзбекистоннинг халқаро майдонда юксак обрў-эътиборга эга бўлган ишончли ва муҳим ҳамкори сифатида қаралишини айтиб, буни тасдиқлаган эди.
Шуни алоҳида айтишни истардимки, муносабатларимизнинг асосида давлатларнинг ташқи сиёсий мустақиллиги ва суверенитети ётади, бу ўзаро алоқа ва бир йўналишдаги ҳаракатни белгилаб беради. Ҳар икки давлат ҳамкорликдан фойда кўришини англаган ҳолда муносабатларни фаоллаштириши муҳимдир.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил февраль ойида Туркияга ташрифи чоғида олий даражадаги стратегик ҳамкорлик Кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. «Икки томонлама муносабатлар тарихидаги мулоқотнинг янги шакли» деб номланган мазкур Кенгаш фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ҳа, Жаноб Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 19-20 февраль кунлари Туркияга амалга оширган расмий ташрифи пировардида икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни ривожлантириш ҳамда аниқ қарорлар қабул қилишда яна бир дадил қадам ташланди. Ташриф доирасида, айтишим мумкинки, олий даражадаги стратегик ҳамкорлик Кенгашининг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган биринчи мажлиси Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги муносабатлар форматининг янада кенгайишига олиб келди. Кенгаш мажлиси доирасида икки мамлакат ўртасидаги сиёсатдан тортиб савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликкача кўплаб йўналишларни қамраб олган Ҳаракатлар режаси ва «йўл харитаси» белгиланди. Қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар икки мамлакат ҳаракатлари учун масъул бўладиган муассасалар ва ишчи гуруҳлари аниқланиб, тегишли тадбирларни амалга ошириш муддатлари белгиланди. Шундай қилиб, икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларимизга тааллуқли барча масалалар бўйича 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган комплекс «йўл харитаси» тайёрланди. Биз ушбу кенг қамровли «йўл харитаси»га мувофиқ ҳаракат қилмоқдамиз.
Биз «йўл харитаси» ҳар бир бандининг бажарилишини кузатиб бораяпмиз ва тўхташ бўлган тақдирда дарҳол уни бартараф этиш чораларини кўраяпмиз. Давлатларимиз раҳбарларининг самимийлиги ва қатъийлиги бизни янада кўпроқ ҳаракат қилишга ундайди. Шунингдек, муносабатларимиз мустаҳкамлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшаётган вице-президентимиз жаноб Фуат Ўқтой ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзаковга миннатдорчилик билдираман.
Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини тарихий воқеа, деб ҳисоблайман. Яқинда икки давлат ўртасида имзоланган битимлар натижасида ушбу стратегик шериклик ҳуқуқий асосга эга бўлди. Эндиликда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорлик янада жадаллашувига гувоҳ бўламиз. Икки мамлакат ўртасидаги яқин ҳамкорлик нафақат минтақавий даражада, балки жаҳон миқёсида ҳам муҳокама қилинади.
– Шу ўринда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги савдо муносабатларига тўхталсак. Биз учун иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги фикрингиз жуда қизиқ.