Texnologik rivojlanish

Ўзбекистон ва Туркия технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

5/2020

     Ўзбекистон ва Туркия бир-бирини қўллаб-қувватлаб, технопарк­ларни ривожлантириш борасидаги мавжуд амалий тажрибани баҳам кўрган ҳол­да юқори технологиялар соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантир­моқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Респуб­ликаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абду­раҳманов Туркиянинг йирик ахборот агентликларидан бири – “Anadolu”­га берган интервьюсида алоҳида тўхталиб ўтди.
     Вазирнинг таъкидлашича, ­Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги вазифаси асосан илмий-тадқиқот ва илғор технологияларнинг устувор ҳамда истиқболли йўналишларини аниқлаш, илмий-техник ишлаб чиқа­ришни кўпайтириш, шунингдек, илмий-технологик паркларни такомиллаштиришдан иборат. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳуку­мати илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалар (ИТТКИ)нинг анъанавий усуллари билан бир қаторда мамлакатда замонавий технопаркларни бар­по этиш ва ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда.
     Масалан, ушбу стратегия доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида «Яшнобод» технопарки ташкил этилди. «Бу йил Ўзбекистоннинг биринчи марта Глобал инновацион индексга киритилиши кутил­моқда. 2021 йилда ушбу индексда ўн поғона кўтарилишни, 2030 йилда эса инновацияларнинг ривожланиш даражаси кўрсаткичи бўйича ТОП-50 та мамлакат қаторидан жой олишни режалаштирганмиз», – деди вазир.
     Иброҳим Абдураҳманов Туркия­нинг технопаркларни яратиш ва ри­вожлантириш масаласида катта таж­рибага эгалигини назарда тутиб, Тур­кия технология парклари раҳбария­тини Ўзбекистон билан ҳамкорлик қи­лишга таклиф этди. Вазир, шунинг­дек, Ўзбекистон турк сармоядорлари ва тадбиркорлари билан юқори тех­нологиялар соҳасида конструктив ҳам­корлик қилишга тайёр эканини бил­дирди.
     Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда икки мамлакатнинг етакчи ил­мий-конструкторлик муассасалари ўртасида бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривож­ланиш вазирлигининг Туркия илмий-техник тадқиқотлар Кенгаши (TÜBİTAK), Истанбул технопарки, Истанбул университети ҳузуридаги “Entertech” технопарки билан ҳамкорлиги ри­вож­ланмоқда, бошқа турк тузилма­лари ва ташкилотлари билан ҳам шерикликни кенгайтириш саъй-ҳа­ракатлари изчиллик касб этмоқда.
     Бундан ташқари вазир мазкур со­ҳада икки томонлама ҳамкорлик­нинг янги механизмига урғу берди. Чунон­чи, вазирлик билан TÜBİTAK ўртасида имзоланган Ҳамкорлик тўғ­рисидаги баённомага мувофиқ, томонлар икки мамлакат саноат кор­хоналари то­монидан амалга оши­рилаётган қўшма илмий-тадқиқот, тажриба-конструк­торлик ва иннова­цион лойиҳаларини қўллаб-қувват­ламоқда.
     «Шу билан бирга Туркия Савдо-саноат палаталари ва товар биржалари уюшмаси венчур капитали ассоциацияси билан Ҳамкорлик меморандуми доирасида туркиялик ҳам­корлар иштирокида Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни қўллаб-қув­ватлаш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бошланғич капиталга эга бўлган Ўзбекистон-Туркия венчур фондини ташкил этиш режалаштирилган», дея қайд этди вазир. Иброҳим Абдураҳманов туркиялик инвесторлар билан Ўзбекистонда «ақлли шаҳар» концепциясини амал­га ошириш борасида ҳам келишувга эришилганини маълум қилди.
     – Ривожланган давлатлар, жумладан, Туркия тажрибаси Ўзбекистон учун жуда муҳим, – дейди И. Абдураҳ­манов. – Шу билан бирга ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ҳам тур­киялик ҳамкорларда амалий қи­зиқиш уйғотадиган лойиҳаларини таклиф этмоқда.
     Вазирнинг фикрича, ўзаро ҳамкор­лик ҳар икки томон манфаатларига жавоб беради ва икки давлатнинг стратегик шериклигидаги янги йўналиш бўлиб хизмат қилади.
 
 
Бахтиёр АБДУКАРИМОВ,
Анадолу янгиликлар агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.