Tarixga nazar

Отатурк Амир Темур шахсига юксак баҳо берган

5/2020

     Буюк аждодларимиздан бири Амир Темурдан ғоятда бой тарихий ва маданий мерос қолган. Асрлар оша бугунги кунда ҳам бутун дунёда, шу жумладан, Туркияда бу буюк давлат арбобига ва унинг инсоният тарихидаги ролига қизиқиш сўнмаяпти. Соҳибқироннинг хизматларини нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун маърифатли дунё муносиб баҳолайди.
 
     Амир Темур билан Султон Боязид ўртасидаги Анқа­ра жанги Усмонийлар им­перияси тарихида ўч­мас из қолдирди. Бироқ бу қанчалик парадоксал жарангламасин, замонавий Туркияда Амир Темур шахсига ва тарихий меросига ҳамиша қизиқиш катта. Ушбу мамлакатда 1914 йилда Алп Дундарнинг «Темур – Шарқнинг энг буюк ҳукм­дори» романи, 1923 йилда эса Амир Темурнинг тузуклари ва Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асари ҳамда унинг Соҳибқирон ҳақидаги хотиралари турк тилида ­нашр этилди.
     Туркия пойтахти – Анқара шаҳ­рида Амир Темур боғи очилди.
     Амир Темур ва унинг мероси замонавий Туркияда нафақат тарихчи олимлар, балки сиёсатчилар эътиборини ҳам тортиб келган. Масалан, Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг ўзи Амир Темурнинг буюк шахсига ғоят ҳурмат-эҳтиром ила қараган ва унинг фав­қулодда етакчилик қобилиятига, сиёсий тафаккурига юксак баҳо берган. Туркиянинг Биринчи Президенти Темурнинг жангларини, тактик-стратегик қарорларини ёритувчи материалларни, умуман, бутун тарихини, шу жумладан, давлат тизимини қу­риш тажрибасини ўргангани ҳақида далиллар мавжуд.
     Отатуркнинг энг яқин сафдошлари, камолизм асосчилари – Маҳмут Эсат Бозкурт, Афет Инаннинг тарихий қайдлари ва хотираномалари уларнинг етакчиси Амир Темурни жасоратни ўзида мужассам этган энг ёр­қин тарихий шахслардан бири ва фавқулодда ҳарбий даҳо, деб ҳисоб­лаганини тасдиқлайди. Таъкидланишича, Мустафо Камол Амир Темурнинг қўшинларни бошқариш ҳамда янги, мустақил ва қудратли давлат қуришдаги тарихий тажрибасидан маълум маънода илҳомланган. М.Э.Боз­куртнинг «Atatürkİhtilali» («Ота­турк инқилоби») китобида «Ота­турк ва Темур» деб номланган ало­ҳида боб келтирилган бўлиб, унда қайд этилишича, бир куни Ота­туркни Амир Темурга қиёслаш­ганида, турк етакчиси шундай дейди: «Агар Темур даврида бўлганимда, эҳти­мол, у қил­ган ишларни амалга ошира олмаган бўлардим, лекин агар у менинг давримда бўлганида, у мендан кўра кўп­роқ нарсага эришган бўлар эди» (манба: M.Esat Bozkurt, Atatürk İhtilali, – А. 1967 г., стр. 83).
     Отатурк нафақат Амир Темурга, балки завжаси Бибихонимга ҳам алоҳида ҳурмат билан қараган. Масалан, 1923 йил 23 октябрда Бурсада мактаб ўқувчилари билан бўлган учрашувда у Бибихонимни улуғлаб, Соҳибқирон ва унинг рафиқаси муносабатларини эркаклар билан аёллар ўртасидаги ҳамжиҳатликнинг энг яхши намунаси сифатида келтирган. Отатурк Бибихонимнинг нафақат ақлли ва иродали аёл, балки Амир Темурнинг сафдоши ва энг яқин ёрдамчиси сифатидаги мавқейини ало­ҳида таъкидлаган (манба: Atatürk’ün Bütün Eserleri, Cilt 14. İstanbul: KaynakYayınları, 2004, s. 376-377.).
     Туркиянинг ҳозирги раҳбарлари ҳам Амир Темурга ҳурмат билан муносабатда бўлади. Хусусан, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасини 2003 ва 2016 йилларда зиёрат қилиб, муносиб эҳтиром кўрсатди.
     2016 йили 2 декабрда Президент Эрдоған Анқара яқинидаги Султон Йилдирим Боязид номидаги олий­гоҳнинг янги мажмуаси очилиш маросимида нутқ сўзлаб, замонавий Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги узвий боғлиқликка алоҳида урғу бериб ўтди. Самарқанд шаҳрига таш­рифи асносида Имом ал-Бухорий ва Имом Мотуридий мақбаралари билан бирга Амир Темур мақбарасини ҳам зиёрат қилиш имкониятига эга бўлганини мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, олийгоҳ раҳбария­тини умумий туркий цивилизациянинг гўзал мероси, бетакрор меъморий иншоотлар – Регистон майдони, Улуғбек, Шердор ва Тилла­кори мадрасалари билан танишиш учун талаба-ёшларни Ўзбекистонга саё­ҳатга жўнатишга ундади.
     Туркия Республикаси Президенти ўз чақириғи билан мамлакатларимиз ўртасидаги, жумладан, сайёҳ­лик ва маданий алмашув соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга интилишини кўрсатди. Шу билан бирга Темур ва Темурийлар даврида Са­марқандда амалга оширилган улкан бунёдкорлик дурдоналарининг асрлар оша виқор билан «бўй чўзиб тургани»дан ҳайратини яширмади. Шу ўринда Соҳибқирон Амир Темурнинг қуйидаги сўзлари беихтиёр ёдга тушади: «Агар бизнинг қудрати­мизга шубҳа туғилса, биз қурган иморатларга қаранг».
     Таъкидлаш лозимки, бугунги Туркияда Темурийлар билан Усмонли ҳукмдорлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги қирралари очил­моқда. Кўплаб турк олимлари таъ­кидлашича, ўз даврининг энг қуд­ратли икки туркий давлатни нафақат ўзаро рақобат ва жанг, балки ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатлар, чуқур маданий-гуманитар алоқалар ҳам боғлаб турган. Жумладан, Ҳожеттепа университети қоши­даги Социологик билимлар институтида XIV асрда Ҳирот шаҳрида машҳур тарихчи Ҳофиз Эбру томонидан Хуросон ҳукмдори, Амир Темурнинг кенжа ўғли – Шоҳрух Мирзо (Улуғбекнинг отаси) томонидан ёзилган «Куллият-и Тарих» китобини ўрганиш бўйича илмий иш тайёрланмоқда. Ушбу китобнинг қўлёзма нусхаси «Тўпқопи» саройи (Истанбулнинг тарихий марказида жойлашган XIX аср ўрталаригача Усмонийлар империясининг асосий саройи) музейининг кутубхонасида сақланади. Унда ҳали ўрганилмаган, лекин йирик туркий давлатлар ўртасидаги муносабатлар тарихи ҳақида муҳим маъ­лумотлар мавжуд.
     Қувонарлиси, 2019 йили март ойи­да Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузу­ридаги «Ўзархив» агентлиги билан Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат архивлари Бош дирекцияси ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик режаси имзоланди. Ўзбекистон архивчилари делегацияси Туркия давлат архивлари, хусусан, энг йирик ва бой Усмонли архивининг фаолияти билан танишди. У ерда Темурийлар сулоласи ҳукмдорлари билан Усмонли империяси вакиллари ўртасидаги ёзишмаларнинг асл нусхалари тақ­дим этилди. Жорий йилда Туркия Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Давлат архивлари Бош дирекцияси билан биргаликда тўплам нашр этиш ҳамда Туркия ва Ўзбекистон давлат архивларида сақланаётган мамлакатларимиз тарихига оид архив ҳуж­жатлари халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган. Кўргазмага ташриф буюрувчиларни кутилмаган совғалар – Усмонийлар империя­си ва Темурийлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида янги маълумотлар кутиб турибди.
 
 
Нигора ЙИГИТАЛИЕВА,
сиёсий фанлар номзоди (Phd)

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.