Tarixga nazar

Турк дунёсининг маданий пойтахти

5/2020

     2018 йил 3 сентабрь куни Чўлпон ота шаҳри (Қирғи­зистон)да бўлиб ўтган Турк кенгашининг 6-саммитида Саммитнинг фахрий меҳ­мони – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ТУРКСОЙ ташаббуси билан 2012 йилдан буён муваффақи­ятли давом этиб келаётган «Турк дунёсининг маданий пойтахти» дастурида иштирок этиш учун Хива шаҳрининг номзоди илгари сурилганлигини эълон қилди. Шу тариқа қадимий Хива 2020 йилда Турк дунёсининг маданий пойтахти сифатидаги янги мақо­мига тайёргарлик кўра бошлади.
     Ўзбекистон дурдонаси ҳисоблан­ган Хива шаҳри очиқ осмон остидаги ҳақиқий музей бўлиб, у ҳар бир сайёҳни тор кўчалар лабиринти билан ҳайратга солади. Ушбу ажойиб шаҳар ҳақли равишда Бутунжаҳон меросининг бир қисмига айланган, у чуқур тарихий илдиз ва маданий бойликка эга. Келинг, Хиванинг қади­мий кўчалари бўйлаб бирга сайр қиламиз…
     Хива текисликда, Жайҳун (Амударё) дарёсининг ғарбий, Орол денгизининг жануби-шарқий томонида жойлашган. Тадқиқотларга таяниб шуни айтиш мумкинки, ушбу қадимий кент Хива хонлигининг пойтахти ма­қомини қўлга киритгач, маданиятлар чорраҳасига айланди.
     Хива илк бор X асрга тааллуқли ёзма манбаларда тилга олинган. Араб сайёҳи ал-Истархий Хоразмнинг му­ҳим шаҳарлари қаторида Хивани санаб ўтган. Афсоналарга кўра Нуҳ­нинг ўғли Сом чўл ўртасида қудуқ қазиб, мана шу шаҳарга асос солган.
     Бошқа ривоятларда айтилишича, тарихий Ипак йўлида жойлашган ушбу қудуқдан сув ичган саёҳатчилар «Хей Вах!» («Во ажабо! Қандай ажойиб сув!»), деб таъриф беришган. Вақт ўтиши билан «Хивақ» «Хива»га айланиб кетган.
Савдо йўлларида қулай жойлашганлиги туфайли Хива кўп асрлар давомида муҳим савдо маркази, карвонсаройлар мажмуи бўлиб келган.
     Археологлар шаҳарнинг ташкил топган вақтини милоддан аввалги V-IV асрларга боғлайдилар. Хива Хоразм цивилизациясининг ажралмас қисми бўлиб, унинг тараққий этган марказлари Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар истилоси даврида Ер юзидан йўқ қилинган.
     XIII-XIV асрларда ҳудуд ўзбек сулолалари ҳукмронлиги остига ўтди, XV асрда эса Хоразм Темурийлар империясининг бир қисмига айланди. Хива яна ривожлана бошлади ва Шайбонийларнинг ўзбек сулоласи даврида ижтимоий-сиёсий барқа­рорлашди. Ниҳоят XVI аср бошида Хива хонлигининг пойтахти сифатида бу шаҳар буюк меъморий ёдгорликларни ўзида мужассам этган сиёсий ҳокимиятнинг муҳим маркази сифатида гавдаланди.
     1873 йилда генерал К.П.Кауфман қўмондонлигида Россия империяси аскарлари Хива хонлигининг бир қисмини босиб олди. Кейинчалик минтақага Совет ҳокимиятининг келиши билан бу ерда турли ўзгариш­лар амалга оширилди; 1924 йилда Ўзбекистон ССР тузилди ва Хива Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти маъ­мурий марказига айланди.
     Хиванинг меъморий ёдгорликлари 1967 йилдаёқ давлат муҳофазасига олинган эди. Тарихий ички шаҳар – Ичан қалъа реставрация қилиниб, бундан юз йил аввалги кўринишига келтирилди. Ушбу «очиқ осмон остидаги музей шаҳар» Ўзбекистон давлат музейи мақомига эга. 1997 йилда халқаро тадбирлар қаторида Хива шаҳрининг 2500 йиллиги кенг нишонланди. 2003 йилда эса Хоразм ви­лояти Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий мукофоти – «Жалолиддин Мангуберди» ордени билан мукофотланди.
     Бугунги кунда Хива дунёнинг энг гўзал қадимий шаҳарлари рўйхатига киритилган. Айнан фазовий-морфологик тузилиши Хивага ушбу хусусиятни ато этади. Шаҳар икки қисмдан иборат: саккиз метрли деворлар билан ўралган ички шаҳар – Ичан қалъа ва ташқи шаҳар-рабада – Дишан-қалъа. Ичан қалъанинг қудратли ва мустаҳкам деворлари Эрон қўшин­лари ҳужумларига қарши иҳота сифатида милоддан аввалги IV–III асрларда қурилган. Ўрта асрларда ички шаҳар аҳолисини юқори мартабали сарой аъёнлари ва амалдорлар, бой савдогарлар ва руҳонийлар ташкил этар эди.
 
 
Айше Чолпан ЯЛДИЗ,
Анқара шаҳри Йилдирим Баязид Университети
сиёсатшунослик ва давлат бошқаруви факультети доктори
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.