«Tesla» ва «SpaceX» компаниялари раҳбари Элон Маск Техасдаги «SpaceX» учиш майдонида Starbase номли янги шаҳарни яратиш ниятида эканлигини ўзининг Tvitter саҳифасида айтиб ўтган.
«Bloomberg» хабарига кўра, гап «SpaceX» корпорациясининг учиш майдони жойлашган Техас штатидаги Бока-Чика номини ўзгартириш ҳақида кетмоқда. 2014 йилдан бери компания бу ерда Starship ракетасининг прототипларини ишлаб чиқариб, синовдан ўтказаётир.
Маскнинг таъкидлашича, Starbase Бока-Чикадан анча каттароқ майдонни қамраб олади.
Бока-Чика жойлашган Камерон округи судьяси Маскнинг «Business Insider»га берган шарҳида шаҳарни яратиш режаларини тасдиқлади.
Янги шаҳарни яратиш учун Маск расмий сўров юбориши керак, шундан сўнг рўйхатдан ўтиш жараёни бошланиши мумкин. «Агар «SpaceX» ва Элон Маск ушбу йўлдан боришни истаса, улар барча давлат қонунларига риоя қилишлари шарт. Камерон округи тегишли қонунчилик асосида ҳар қандай тегишли сўровларни кўриб чиқади», — деди Камерон округининг судьяси Эдди Тревино.
«SpaceX» нашрнинг ўз режалари ҳақида изоҳ сўраб берган мурожаатига ҳали жавоб бермади.
Ўтган йили «SpaceX» Техас штатининг Бока-Чика ҳудудидаги космодромда курортларни ривожлантириш бўйича менежер излаётгани маълум бўлди. Объект ҳали ҳам қурилиши давом этмоқда, аммо у янги авлод Starship космик кемаларини ишлаб чиқариш учун йиғиш мажмуасига айланади деб тахмин қилинмоқда.