Уч йил олдин қайта тикланган AҚШ санкцияларидан Эронга тўғридан-тўғри етказилган зарар 200 млрд доллардан ошди, деди кеча Эрон Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний.
Шу билан бирга, у Теҳрон AҚШнинг мамлакат ядро дастури бўйича Қўшма ҳаракат режаси (ҚҲР)га қайтиши шарти сифатида етказилган зарар учун товон пули талаб қилишни ният қилмаслигини таъкидлади.
«Баъзи дўстларимиз улар билан гаплашишдан олдин AҚШдан товон пули талаб қилдилар. Сўнгги уч йил ичида AҚШдан тўғридан-тўғри етказилган зарар 200 млрд доллардан ошди. Aммо биз дўстларимизга буни кейинги босқичда қолдиришимиз кераклигини айтдик. AҚШ санкцияларни бекор қилиш орқали ҚҲРга қайтиши мумкин», – деди Эрон Ислом Республикаси раҳбари.
2018 йил май ойида АҚШ келишувдан чиқиб, Эронга қарши санкцияларни қайта тиклади. AҚШнинг янги президенти Жо Байден эса ҚҲРга маълум шартлар асосида қайтишга тайёрлигини билдирди.