Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Покистон Бош вазирининг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро келишувлар амалга оширилишининг жорий ҳолати муҳокама этилди.
Тадбирда Ташқи ишлар, Транспорт вазирликлари ва “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ раҳбарияти ҳам иштирок этди.
Кун тартиби доирасида “Мозори Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг амалий жиҳатига эътибор қаратилди. Муҳокама давомида мавжуд масалалар атрофлича кўриб чиқилди, ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди ва лойиҳа жорий этилишини жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан томонлар энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа истиқболли соҳаларда ишлаб чиқилаётган бир қатор қўшма инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор бошқа икки томонлама ҳужжатлар юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди ва мазкур ҳужжатлар шаклланишини жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.
Шунингдек, жорий йил июль ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилишини ҳамда ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масала ҳам муҳокама қилинди. Мазкур тадбирлар ўтказилиши икки томонлама иқтисодий шерикликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Музокара якунида томонлар эришилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этишга ўзаро содиқлигини таъкидлаб, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришни жадаллаштириш бўйича биринчи даражали чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдилар.