Хизматлар соҳасининг ривожланиш босқичлари узоқ давр мобайнида шаклланиб борган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ушбу соҳа босиб ўтган тарихий йўл жуда мураккаб ва унда вужудга келган илмий нуқтаи назарлар, ғоялар кенг мазмунга эга.
Аҳолининг турмуш даражаси ва сифати яхшиланиши бевосита хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиш даражасига боғлиқ. Шу сабабли ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларидан мазкур соҳани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон мустақилликдан кейинги қисқа давр ичида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва унда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича салмоқли тажриба тўплади. Буни мамлакатда хизмат кўрсатиш соҳасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган макроиқтисодий сиёсатда ҳам кўриш мумкин.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш аҳоли бандлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида унга таъсир этувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва шу асосда ҳали ишга солинмаган имкониятларни излаб топишни тақозо этади. Республикамиз вилоятлари орасида Қашқадарё вилоятида аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 1510,9 минг сўмни ташкил этиб, мамлакатимиз бўйича энг юқори кўрсаткичларни намоён қилаётган Тошкент вилоятида аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажмидан қарийб икки марта камдир.
Таъкидлаш керакки, юртимизда хизмат кўрсатиш соҳасида яратилган маҳсулотлар ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Жумладан, 2015 йилда хизмат кўрсатиш соҳаси жадал суръатлар билан ривожланиб, унинг ЯИМ таркибидаги улуши 48,7 фоизни ташкил этди, 2016 йилда эса у 49,5 фоизга етди. Бундай ўсиш динамикаси 2019-2020 йилларда ҳам изчиллик касб этди. Гарчи ўтган йили коронавирус пандемияси иқтисодиётнинг барча соҳаларига, инчунун, хизмат кўрсатишга ҳам ўз таъсирини ўтказиб, карантин чекловлари айрим тармоқларни таназзулга учратган бўлса-да, айнан аҳоли талабидан келиб чиқиб айрим хизматлар (алоқа-ахборотлаштириш, соғлиқни сақлаш, етказиб бериш хизматлари)нинг кенгайиши соҳа ривожида жиддий узилишларга барҳам берди.
Шубҳасиз, хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳозирда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра сервис индустриясининг 1 фоизга ўсиши камбағаллар сонини 1,5 фоизга қисқартиради.
Айтиш ўринлики, мамлакатимизда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат ресурслари, аҳоли бандлиги ва ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш, бандлик масаласи бўйича уй хўжаликларини ўрганиш, шунингдек, ишга жойлаштиришга эҳтиёж сезаётган аҳоли сонини аниқлашни янги методика бўйича амалга оширмоқда.
Лутфулло ҚОДИРОВ,
Қарши давлат университети «Иқтисодиёт ва сервис» кафедраси ўқитувчиси