Ilmiy yondashuv

Кон-металлургия саноати корхоналарини солиққа тортиш механизми: халқаро амалиёт ва тажриба

1/2021

     Дунёнинг кон-металлургия саноати ривожланган мамлакатларида со­лиққа тортиш тизими саноқли солиқ турлари билан чекланган. Бунда солиқ тизимининг асосини фойда солиғи, роялти ва лицензияланган тўловлар ташкил қилади. Шу билан бирга маҳсулот ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатни ривожлантиришни рағ­батлантиришга қаратилган солиқ чегирмалари ҳамда имтиёзлари тизими ҳам амалда қўлланилади.
     Бу соҳадаги халқаро амалиётни таҳлил қиларканмиз, кон-металлургия саноати корхоналарини солиққа тортиш ўзига хос хусусиятлари ва доимий ўзгариш тенденциясига эга эканини кўрамиз. Бинобарин, ривожланаётган мамлакатларда ривож­ланган давлатларга нисбатан ушбу турдаги компанияларга солиқ со­лишнинг пастроқ ставкалари белгиланган.
     Шундай қилиб, илғор инфратузилма ва қулай ишбилармонлик му­ҳити мавжуд бўлмаганда ривожланаётган мамлакатларнинг кон қазиш тармоғи корхоналарига инвести­цияларни жалб қилишнинг энг самарали механизмларидан бири солиққа тортишни тартибга солишнинг қулай тизими ва имтиёзли солиқ солишни таъминлаш ҳисобланади.
     Шу билан бирга аксарият кон қазиш билан шуғулланувчи мамлакатларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш харажатларига операцион харажатлар сифатида қа­ралади. Кон қазиш корхоналари мазкур харажатларни қоплаш асносида етарли миқдорда фойдага эга бўлса, ушбу харажатларни улар вужудга келган йил давомида солиқ солинадиган базадан тўлиқ чегириб ташлаш имтиёзидан фойдаланади.
     Маълумки, хорижий мамлакатлардаги кон-металлургия саноати корхоналари учун солиққа тортиш тизими асосан фойда солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун со­лиқ (роялти)дан ташкил топган. Дунё­даги кон-металлургия компаниялари мажбурий тўловларининг таркибида 33 фоиз – фойда солиғига, 27 фоиз – ер қаъридан фойдаланганлик учун роялтига, 3 фоиз – лицензия тўловларига йўналтирилган. Бундан таш­қари кон-металлургия саноати корхоналари қўшимча қиймат солиғи, ер солиғи, иш ҳақидан солиқлар ва суғурта бадаллари тўлайди.
     Бу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимизда ҳам кон-металлургия саноати корхоналарини ривожлантириш мақсадида улар томонидан тўланадиган фойда солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун со­лиқ (роялти)ни илғор хорижий таж­рибага таянган ҳолда қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
     Дарвоқе, кўпгина мамлакатларда фойда солиғи федерал ва ҳудудий даражаларда иккита солиқ ставкалари йиғиндиси сифатида ўрнатил­ган. Алоҳида мамлакатларда (Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Чили, ЖАР) барча солиқ тўловчилар учун ягона, фақатгина федерал солиқ ставкаси амал қилади. Кон қазиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида геологик-қидирув харажатларини бир марталик ҳисобга олиш орқали даромад солиғи бўйича солиқ юки камайтирилади. Конни ўзлаштириш билан боғлиқ бўлган бошқа капитал харажатлар тезкор равишда амортизация қилинади.
     Ўрганишларга кўра, АҚШ, Канада, Австралия, Замбия, Жанубий Африка, Чили, Россия, Буюк Британия ва бошқа давлатларда фойда солиғининг ўртача ставкаси 26 фоизни (15 фоиз­дан 34 фоизгача) ташкил этади.
Фойда солиғининг юқори ставкалари роялти ставкасининг пастлиги билан боғлиқ. Айнан ушбу ҳолат кон қазиш саноати корхоналари учун мазкур икки асосий солиқ ўртасидаги балансни ифодалайди.
     Баъзи мамлакатларда эса кон қа­зиш компаниялари учун фойда со­лиғининг пасайтирилган ставкалари кўзда тутилган.
Кон-металлургия саноати корхоналарини солиққа тортиш тизими ҳақида сўз борганда, яна бир муҳим жиҳат – роялти хусусида алоҳида тўх­талиб ўтиш айни муддаодир. Чунки дунёнинг барча мамлакатларида табиий ресурслар эгаси давлат ҳисоб­лангани боис компаниялар (ер қаъ­ридан фойдаланувчилар)нинг қазиб олинган фойдали қазилмаларни сотишдан тушган даромадларига нисбатан роялти (фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун солиқ) қўлла­нилади.
Кўпгина давлатларда роялти қатъий фоизда белгиланган бўлиб, уни ҳисоблаш учун база сифатида компаниянинг молиявий кўрсаткич­лари (тушум, фойда) ёки қазиб олинадиган хом ашёнинг қиймати асос сифатида келтирилади. Баъзи давлатларда эса солиқ ставкалари қазиб олинадиган фойдали қазилмаларнинг ҳар бир турлари бўйича алоҳида белгиланади.
     Қазиб олинаётган хом ашёнинг турлари ва қазиб олиш амалга оширалаётган ҳудуднинг қонунчилигидан келиб чиққан ҳолда роялти миқдори ўзгариб туради. Австралия, Замбия ва Канада каби мамлакатлар томонидан бир нечта кўрсаткичларни ҳисобга олувчи роялтининг ўсиб борувчи (прогрессив) ёки аралаш (комбинацияланган) ставкалари амалиётга киритилган.
     Қимматбаҳо металлар бўйича роялти ставкалари, одатда, нисбатан қиммат бўлмаган фойдали қазилма­лар ставкасига мос келади ёки ҳатто ушбу ставкага қараганда нисбатан паст бўлади. Бу, ҳатто тенг ставкада ҳам, олтин қазиб олувчи компаниялар томонидан тўланадиган солиқлар йиғиндисининг мутлақ қийматда анча юқорилиги билан тушунтирилади (ставка жуда юқори солиқ базасига нисбатан қўлланилади). Шунингдек, қимматбаҳо металлар қазиб олувчи компанияларнинг юқори маржиналлиги сабабли уларга фойда солиғи­нинг нисбатан юқори юки тўғри келади. Жами бу солиқ солишнинг нис­батан юқори самарали ставкасига олиб келади.
     Жаҳон амалиётида кон саноати компаниялари фаолиятининг рентабеллигини қўллаб-қувватлаш ва солиқ юкини камайтириш мақсадида ер қаърида фойдали қазилма­ларнинг камайиши, ишлаб чиқариш­нинг мураккаблиги ва конларнинг узоқлигини ҳисобга олган ҳолда роялтининг пасайтирилган коэффициентини қўллаш ҳолатлари ҳам мавжуд. Шу билан бирга дунё миқёсида ўртача роялти даражаси 5 фоиздан ошмайди.
     Рангли металлар бўйича эса хорижий мамлакатларда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (роялти) ставкасининг ўртача миқдори 6 фоизни ташкил қилади.
 
 
Нурмат ДЖУЛИБЕКОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати Бош директори ўринбосари
 
Насиба АШУРОВА,
Навоий давлат кончилик институти ишлар бошқармаси бошлиғи, и.ф.д., доцент
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.