«Bloomberg» агентлигининг хабар беришича, Хитойнинг Alibaba интернет компанияси акциялари нархи ҳукуматга рекорд даражада жарима тўлагандан кейин яна қимматлашган. Мазкур кўтарилиш компания асосчиси Жек Манинг бойлигини 2,3 миллиардга оширди.
Alibaba акциялари нархи жаримадан кейин 10 фоизга қимматлашгани айтилмоқда.
Компания антимонополия талабларини бузганликда айбланган эди. Натижада Хитой бозорини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш давлат бошқармаси компанияга 18,23 миллиард юань миқдорида (тахминан 2,8 миллиард доллар) жарима солди. Бу маблағ мамлакат тарихида қўлланилган энг йирик жарима сифатида қоладиган бўлди.
Хабарда таъкидланишича, Alibaba 2015 йилда ўзининг бозордаги етакчилик мавқеини суиистеъмол қилишни бошлаган ва компания платформасидаги савдо компанияларига ўзларининг интернет магазинларини очиш ёки рақиб платформаларида реклама акцияларида иштирок этишини тақиқлаб қўйган.
Ўз навбатида, Alibaba раҳбарияти ҳукумат белгилаган ушбу жазони тўлиқ қабул қилишини маълум қилиб, келгусида фаолиятини ҳалол амалга оширишга ва ҳукумат билан фаол ҳамкорлик қилишга ваъда берган.
Alibaba Group компаниясига 1999 йилда тадбиркор Жек Ма томонидан асос солинган бўлиб, у Хитойдаги энг йирик интернет-савдо компанияси ҳисобланади.
Айни пайтда Alibaba Group компанияси таркибига Alibaba Pictures, Alibaba.com, AliExpress.com, Taobao.com, Tmall.com каби бир нечта шўъба компаниялар ва интернет майдончалар ҳам киради.