Mutaxassis fikri

Матонатли меҳнат маҳсули

1/2021

     Дунёда давом этаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитига қарамасдан, давлатимиз раҳбари ташаббускорлигида Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида сал­моқли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада аниқ стратегия ва режалар мав­жуд бўлиб, яқинда ­Президентимиз томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада ҳам айни масалага алоҳида эътибор қаратилди.
     Давлат ва жамият тараққиёти энг аввало, иқтисодий юксалишни талаб этади. Қувонарлиси, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан ҳам улкан сало­ҳиятга эга ва мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакат барқарорлиги, халқимиз турмуш фаровонлигининг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
     Миллий иқтисодиётимизда кон-металлургия саноати истиқболли, катта даромад билан таъминлайдиган ҳамда бой минерал хомашё базасига эга етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Олтин, уран, мис, вольфрам, калий тузлари, фосфоритлар, каолин ва бошқа кўплаб муҳим фойдали қазилмалар бўйича Ўзбекистон аниқланган захиралар ва уларнинг ўсиш истиқболлари бўйича дунё мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Навоий кон-металлургия комбинати эса бу соҳада юртимизнинг етакчи қувватларидан экани барчага кундай аён.
     Ҳозирги кунда комбинат жадал ривожланаётган ва мамлакат ялпи ички маҳсулотида (ЯИМ) ҳамда ­республиканинг давлат бюджетини шакл­лантиришда салмоқли улуш қў­шиб келаётган субъектлардандир. Биргина 2020 йилда корхона томонидан ишлаб чиқарилган жами маҳ­сулот­ларнинг хорижий валютадаги қий­мати салкам 5 млрд. долларга тенг бўлиб, республика ЯИМнинг 8,6 фои­зини, саноат маҳсулотларининг 14 фоизини ташкил этди. Комбинат мамлакатимизнинг энг йирик солиқ тўловчиси ҳисобланиб, ўтган йилда давлат бюджетига қарийб 32 трлн. сўм тўловларни амалга оширди. Бу республика бюджети даромадининг 23 фоизига тўғри келади.
     Инсониятни бир муддат карахт аҳволга солган коронавирус пандемияси шароитида ҳам НКМК ишни тўғри ташкил этиш ҳисобига ишлаб чиқариш ва ўсиш суръатларини сақ­лаб қолиш, белгиланган режаларни ортиғи билан бажаришга эришди. Корхона жамоаси қайсидир маънода чинакам матонати ва ҳамжиҳат­лигини намоён этди. Бунинг самараси ўлароқ ўтган йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 49,2 трлн. сўмга етиб, режа 105,3 фоизга бажарилди. Олтин, кумуш, уран ишлаб чи­қариш кўрсаткичлари ҳам сезиларли ошди.
     Бугун мамлакатимиз олтин-валюта захирасининг барқарор ўсиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Бунда жами олтин-валюта захирасининг 58 фоизини монетар олтин ташкил қилади. Ушбу олтинни ишлаб чиқаришда НКМКнинг ҳиссаси катталиги ҳам ҳақиқат.
     Комбинат томонидан ишлаб чи­қарилган олтиннинг дунё бозорида харидоргирлиги биринчи навбатда унинг юқори сифати билан изоҳланса, иккинчидан, маҳсулотнинг рақобат­бардошлиги, яъни олтин таннархининг бошқа ишлаб чиқарувчилар таннархига нисбатан арзонлигига боғлиқ. Бу тадбир комбинат меҳнат жамоаси томонидан эришилган яна бир ютуқ десак, муболаға бўлмайди. Жумладан, 2020 йилда бу борада 798,7 млрд. сўм иқтисод қилиниб, маҳсулот таннархи 6,6 фоизга камайтирилди.
     Комбинат сўнгги ўн йил давомида ишлаб чиқариш жараёнининг барча бўғинларида харажатларни оптималлаштириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Ҳар йили комбинатда маҳ­сулот ишлаб чиқариш таннархи ва энергия сарфини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, изчил рўёбга чиқарилмоқда. Бунга на­фақат ёқилғи-энергетика ресурслари, ёнилғи мойлаш материаллари, хомашё ва материаллар сарфи устидан қатъий назоратни ўз ичига олган маъмурий чоралар, балки асосий ишлаб чиқариш воситалари ва карь­ер техникаларини модернизация қи­лиш, ишлаб чиқариш жараёнларига инновацион технологиялар ва ра­ционализаторлик ишланмаларини жорий этиш орқали эришилмоқда.
     Ўзбек олтинининг таннархи дунёнинг энг йирик компанияларида ишлаб чиқарилаётган олтин таннархининг ўртача миқдоридан паст ҳисоб­ланади. Хусусан, 2019 йилда олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчи хорижий компаниялар ҳисобланган AngloGold (ЖАР) томонидан ишлаб чиқарилган 1 тройя унция олтиннинг таннархи 1 031 доллар, Gold Fields (ЖАР) – 995 доллар, Kinross (Канада) – 983 доллар, Newmont Mining (АҚШ) – 975 доллар, Barrick Gold (Канада) – 894 доллар ва Newcrest (Австралия) – 783 долларни ташкил қилиб, улар бўйича ўртача олтин таннархи 887 долларга тенг бўлган бўлса, айнан НКМК томонидан ишлаб чиқарилган олтин таннархи 821 доллардан ошмади.
     Маҳсулот таннархининг пасайиши ўз навбатида фаолиятнинг якуний молиявий натижаларига ижобий таъсир кўрсатади. Буни корхонанинг соф фойдаси 10,1 триллион сўмга етиб, ишлаб чиқаришнинг рентабеллик даражаси 41 фоиздан юқорилагани мисолида ҳам кўриш мумкин. Давлат улуши сифатида қарийб 8 трлн. сўм дивиденд тўловлари амалга оши­рилди.
     Албатта, бу шунчаки оддий ра­қамлар эмас. Унинг замирида комбинат жамоасининг фидокорона меҳнати мужассам.
Айтгандай, комбинат республикада фойдали қазилмалар захираларини кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ҳудуд­ларда хомашё базасини яратиш мақсадида геология соҳаси эҳтиёжлари учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Геология университетини очиш ҳам­да унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирлари учун 83 миллиард сўм миқдорида ҳомий­лик ёрдами кўрсатди. Шунингдек, ­Президентимиз ташаббуслари билан илгари сурилган кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларида ушбу фанларни ўқитиш­нинг мутлақо янги тизимини қўллаш, соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашувини мустаҳкамлаш мақсадларини молиялаштиришга 2021-2024 йилларда 68 миллиард сўм маблағ ажратишни мўлжалламоқда.
     Муқим иш ўрнига эга бўлиш ҳар бир инсон учун келажак, даромад демакдир. Мана шундай имкониятга эга бўлган одамлар, ёшлар ҳаётдан, давлатдан рози бўлиши шубҳасиз. Шу маънода янги иш ўринлари яратиш, бу орқали аҳоли даромадларини ошириш ва яшаш шароитини яхшилашдек устувор йўналишда НКМК эришаётган ютуқлар ҳам залворли. Комбинатда 2017-2020 йилларда 8 минг 286 та иш ўрни яратилгани бунинг далилидир.
     Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ҳам бу борадаги ишлар давом этади: жорий йилда йигит-қизларимиз учун 3420 та иш ўрнини очиш кўзда тутилган.
     Хуллас, корхонанинг кўп минг кишилик жамоаси якдилликда янги марралар сари дадил интилмоқда. Жамоада ҳар томонлама шаклланган, ўз тақдирини мамлакат келажаги билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур ҳис этган малакали кадрларнинг сафи кенг. Уларнинг замон талабларига мос билим ва тажрибаси, қатъий азму шижоатини кўриб, Навоий кон-металлургия комбинатининг ёрқин истиқболига асло шубҳа қилмайсиз.
 
 
Нурмат ДЖУЛИБЕКОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати Бош директори ўринбосари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.