2021 йил 7-9 июнь, Тошкент – ФАО / ГЭФ нинг “Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда “Ўрмонлойиҳа” лойиҳалаш институти асосида ахборот маркази ва геоахборот тизимлари лабораторияси (ГИС) ташкил этилди. Янги объектлар, ўрмонларни ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг замонавий тизимига асос бўлади ва шунингдек Ўзбекистоннинг ўрмон хўжаликларини кейинги рақамлаштиришига ёрдам беради.
Ахборот маркази ва ГИС-лабораториясининг тантанали очилишида вазирлик ва муассасалар, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Ахборот маркази ўрмонларни барқарор бошқариш мақсадида ахборот хизматларини тақдим этиш йўли билан, ахборот сақлаш ва тарқатиш вазифасини бажаради. Ўз навбатида ГИС-лабораторияси майдонли (географик) ахборотлар ва зарур объектлардаги улар билан боғлиқ маълумотларни йиғиш, сақлаш, таҳлил қилиш ва график визуаллаштириш учун янги имкониятларни яратиб беради. Ахборот маркази ва ГИС-лабораторияси ўрмон экотизимини таҳлил қилишни такомиллаштириш, йўлдош навигацияси воситаларидан фойдаланиб ўрмон фонди ерларини тўлиқ ҳисоблаш ва мониторинг қилинишини амалга ошириш учун зарур бўлган замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. Ўрмон хўжалиги мутахассисларида ўтқазилган ўрмон дарахтларининг замонавий рўйхатини яратиш ва уни Ўрмон хўжалигининг ягона электрон маълумотлар базасига киритиш имкони пайдо бўлади. Шундай қилиб, ахборот маркази ва ГИС-лабораториясининг яратилиши Ўзбекистонда ўрмонларни барқарор бошқариш бўйича тадбирларнинг рақамлаштирилишига асос бўлиб хизмат қилади.
“Янги ахборот маркази ва ГИС-лабораториясининг очилиши ўрмон барпо этилишига таъллуқли бўлган ахборотларни анъанавий сақлаш усулидан замонавий электрон-рақамли ташувчиларга ўтказилишини билдиради. Энди бизда ўрмон фонди ерларининг ҳолати тўғрисида келиб тушаётган маълумотларни реал вақт режимида ишлаб чиқиш имконияти пайдо бўлди. Буларнинг барчаси ўрмон экотизимининг таҳлил қилинишини яхшилаш, деградация ва чўлга айланиш билан курашиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш, узоқ муддатли ўрмон хўжалик тадбирларини режалаштириш имконини беради”, -дейди ФАО/ГЭФ нинг “Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси техник координатори Олимжон Қаҳҳоров. “ГИС-лабораториялари туфайли, биз замонавий йўлдош тизимлари ёрдамида катта аниқлик билан рақамли хариталар ярата оламиз. Аввал 2-3 йилда эскириб қоладиган қоғоз хариталарга киритиш йўли билан бир йилда 2-5 та ўрмон ташкилотларини ҳисоблашни амалга оширган бўлсак, энди бизда ўрмон хўжаликларидаги ўзгаришларни реал вақт режимида электрон хариталарга киритиш имкони пайдо бўлди. Замонавий технологияларни жорий этиш туфайли энди Ўрмон хўжалиги, мамлакатнинг экологик муаммоларига ҳам тезкор жавоб бера олади”.
Тадбир давомида, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, юқори малакали ходимларни тайёрлаш, минтақаларда рақамли технологияларни ривожлантириш ва соҳанинг бошқа муҳим масалалари муҳокама қилинди.