Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар юртимизнинг бир гуруҳ пешқадам журналистлари ва блогерлари билан давра суҳбати ўтказди. Самимий руҳда ўтган учрашувда Туркия элчиси ва элчихона ходимларидан ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди. Пандемия пайтида бошланган Хавфсиз туризм лойиҳаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Унда айтилишича, шу пайтгача ўзбекистонлик 43 журналист ва олти блогер иштирокида олтита медиа-тур ташкил қилинди. Ушбу лойиҳа 2022 йил охиригача давом этади.
– Юртингизда шу йилнинг март ойида иш бошладим. Биринчи кунларданоқ мамлакат оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилдик. Бугунги тадбирнинг асосий мақсади журналистларни тинглаш, уларнинг фикр ва таклифлари асосида янги режалар тузишдир. Ўйлайманки, келажакда ушбу ҳамкорлик янада мустаҳкамланади, — деди Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар.
Шунингдек, Ўзбекистон мустақиллиги куни арафасида туркиялик журналистларнинг бир гуруҳини қадимий шаҳарларимиз ҳамда олиб борилаётган жадал суръатдаги ислоҳотлар билан таништириш учун мамлакатимизга ташрифини ташкил этиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Ўзбекистонлик журналистлар таъкидлаганидек, Туркия элчихонаси ташаббуси билан ўтказилган бундай пресс-нонушта (Press Lunch)лар жамоатчилик билан алоқаларда муҳим ва самарали формат ҳисобланади.
Тадбирда «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси- ЎзИА» ходимлари ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги журналимизда муттасил ёритиб келиниши, хусусан,2020 йилда махсус 5- сон айнан шу мавзуга бағишлангани айтиб ўтилди. Ўз навбатида жаноб Элчи ташаккур билдириб, ижодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.