Ўзбекистон ҳукумати жаҳондаги экологик муаммоларнинг кўламини тўлиқ англаган ҳолда табиий ресурсларга зарар етказмасдан қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Шу муносабат билан органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва экологик тоза ҳамда барқарор ишлаб чиқариш тизимларини рағбатлантириш маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Органик қишлоқ хўжалиги – бу синтетик ўғитлар, пестицидлар, ўсимликларни ўстириш регуляторлари, озуқа қўшимчаларидан фойдаланишни онгли равишда минималлаштирган ҳолда қишлоқ хўжалигини юритиш усулидир. Бунинг ўрнига ҳосилдорликни ошириш ва зараркунандаларга қарши курашиш учун алмашлаб экиш, органик ўғитлар, турли хил ишлов бериш усуллари ва бошқаларнинг таъсири фаолроқ қўлланилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида фермерлар, экспортчилар ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг бошқа вакиллари учун органик қишлоқ хўжалиги бўйича бир қатор тренинглар ўтказди. Машғулотлар халқаро экспертлар томонидан олиб борилди ва улар бу борадаги илғор хорижий тажриба билан ўртоқлашдилар. Тренинглар ФАО ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари ва институционал салоҳиятини такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
«Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалигини жорий этиш ва ривожлантириш тупроқлар, экотизимлар ва одамлар саломатлигини таъминлашга ёрдам беради. Синтетик ўғитлар ва пестицидлар, генетик ўзгартирилган уруғлик ва қорамол зотлари, консервантлар ва бошқа нарсаларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини ҳисобга олган ҳолда, бу усуллар органик қишлоқ хўжалигида тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш ва ошириш, зараркунанда ва касалликлар кўпайишини олдини олувчи махсус амалиётлар билан алмаштирилади», – дейди лойиҳасининг координатори Фурқат Ибрагимов.
ФАОнинг мазкур лойиҳасини амалга ошириш 2020–2030-йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу билан бирга, ушбу лойиҳа Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга, яъни, қашшоқлик ва тўйиб овқатланмасликни бартараф этиш, масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш, соғлом турмуш тарзи ва барча учун фаровонликни таъминлаш, ер усти экотизимларини сақлаб қолишга хизмат қилади.