2021 йил 16 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаганлигининг қабул қилиш ўлчамларини (The Food Insecurity Experience Scale – FIES) жорий қилиш бўйича семинар ташкил этди.
Семинарда очлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш ушбу муаммоларни ҳал қилиш сиёсатини ишлаб чиқиш ва мониторинг қилиш учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланмаганлигини қабул қилиш даражаси одамларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ тажрибасини баҳолаш учун глобал стандартдир. 2017 йилга келиб дунё бўйича 22 та давлат ўз уй хўжаликлари миллий тадқиқотларига FIESни киритган.
«Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаганлигининг қабул қилиш ўлчамлари одамларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини баҳолаш учун ишончли кўрсаткичдир. Ушбу тадқиқот озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишнинг бошқа кўрсаткичларига қараганда анча тежамкор ва миллий уй хўжаликлари учун фойдаланиладиган сўровномаларга киритиш осонроқ, деб ҳисобланади», – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.
Эслатиб ўтамиз, ФАО БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг 21 кўрсаткичи, шу жумладан, 2.1.2 Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаганлигини қабул қилиш даражаси асосида Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигининг ўртача ёки оғир даражаси кўрсаткичи бўйича ҳам масъул агентлиги ҳисобланади. Дарҳақиқат, Барқарор ривожланиш мақсадларининг муваффақияти кўп жиҳатдан самарали мониторинг ва кузатувга боғлиқ.
Семинар давомида мутахассислар FIES модули асосида 2021 йил июль-декабрь ойлари учун Ўзбекистондаги уй хўжаликларининг танланма сўрови натижаларининг батафсил таҳлилини тақдим этдилар. Бундан ташқари, 2022 йилда уй хўжаликлари ҳолатини ўрганиш жараёнларида FIES модулини яна татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.