Ўзбекистонда бир ойда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 13,2 фоизга ошиб, 498 минг сўмни ташкил этди. Минимал истеъмол харажатларининг оширилиши натижасида айрим турдаги пенсия ва нафақалар миқдорлари ҳам камида шу суммага етказилиши кутилмоқда.
Давлат статистика қўмитаси 2022 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари миқдорини эълон қилди. Унга кўра, бир киши учун минимал истеъмол харажатларининг янги миқдори 13,2 фоизга ошиб, 498 мингни ташкил этди.
Ўзбекистонда дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойида эълон қилинган.
Қўмитанинг қайд этишича, янги ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари миқдори республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган кузатув натижаларига асосланган. Мазкур ҳисоб-китобларга мувофиқ, энг кам даромадга эга бўлган уй хўжаликларида кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат ва зарур ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этади.
Маълум қилинишича, жаҳон тажрибасида, шу жумладан Ўзбекистонда, минимал истеъмол харажатлари камбағаллик чегараси ҳисобланади ҳамда мазкур кўрсаткичдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, кам таъминланган оилаларга кўрсатиладиган моддий ёрдам миқдорини белгилаш;
давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш;
мамлакатда камбағаллик чегарасини белгилаш;
камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, минимал истеъмол харажатларининг оширилиши ортидан қуйидаги турдаги пенсия ва нафақалар миқдорлари ҳам камида шу суммага етказилиши кутилмоқда:
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори.