Президент қарорига асосан UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powetrain жамиятларининг 100 фоиз акцияси фонд биржасида сотувга чиқарилади. Шунингдек, яна 6 та акциядорлик жамиятидаги давлат улуши сотувга қўйилиши режалаштирилмоқда.
UzAuto Motors компаниясининг 100 фоиз акцияси «Тошкент» республика фонд биржасида IPO`га чиқарилади. Бу президентнинг 17 январдаги «Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-90-сон] қарорида қайд этилган.
Маълумот учун, IPO (Initial Public Offering), бу — компания акцияларининг бирламчи бозорга чиқарилишидир. Яъни акциялар кенг оммага таклиф этилади.
Қарорга мувофиқ, яна бир қатор акциядорлик жамиятлари, шу жумладан, UzAuto Motors Powetrain, Ўзбекгеофизика, Ўзтемирйўлконтейнер, Дори-дармон, Ўзбекистон почтаси, Универсал Суғурта ва Alskom компаниялари акциялари сотувга қўйилади.
2021 йилнинг апрель ойида президент фармони билан 2021−2023 йилларда акциялари фонд биржасида оммавий савдо учун жойлаштириладиган компаниялар рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, Uzbekistan Airways, «Ўзметкомбинат», «Ўзбекнефтегаз», «Ўзмиллийбанк» ва «Ўзтрансгаз» каби бошқа компаниялар 2021−2023 йилларда акциялари фонд биржасида оммавий савдо учун жойлаштириладиган компаниялар рўйхатига киритилди.