Бугун жаҳон энергетика сектори жадаллик билан ўсиб бормоқда ва уни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Бу борада уран жуда муҳим стратегик хомашё сифатида тармоқ ривожида катта роль ўйнайди. Уран атом энергетикасининг асосий энергия манбаи бўлиб, дунёдаги электр энергиясининг қарийб 20 фоизини ташкил қилади. Аҳамиятлиси, бугун «ўзбек урани» дея жаҳон бозорларини забт этаётган маҳсулотимиз ушбу улушда катта ўрин эгаллайди. Маълумотларга кўра Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича етакчи давлатлардан бири бўлиб, 5-ўринда туради.
Барчамизнинг фахримиз ва ғуруримиз бўлган «Навоийуран» давлат корхонаси эса уран бозорининг йирик иштирокчиси сифатида ўз ўрнига эга. Бугунги кунда корхонада уран қазиб олишнинг бир қанча босқичлари, жумладан, геология қидирувдан тортиб ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар қамраб олинган.
Шу ўринда яқин тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бепоён Қизилқум кенгликларида геологлар томонидан кенг кўламли геологик-қидирув ишларини олиб бориш натижасида 1930 йилда Қизилқумнинг Аминзатов ҳудудида уран борлиги ҳақида дастлабки маълумотлар қайд этилади. 1931 йилда Томдитов, Букантов ва Алтинтов ҳудудида уран мавжудлиги тўғрисида дастлабки қарашлар юзага чиқади ва 1938 йилда Алтинтов ҳудудида уран борлиги аниқ бўлади.
Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган дастлабки геологик-қидирув тадқиқотлари натижасида Учқудуқ ҳудудида йирик уран конлари топилди. Ўша пайтда собиқ Иттифоқнинг атом саноати учун зарур бўлган уранни қазиб олиш ишларини тезлаштириш мақсадида бошқа республикалардан бу ерга кўплаб соҳа мутахассислари юборилди. Учқудуқда уран конларини ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Кашфиёт дунё стратегик хомашё захирасида мувозанатни ўзгартириб юборгани ҳам бор гап.
Навоий кон-металлургия комбинати Учқудуқ ҳудудида уран рудасини қазиб олиш ва қайта ишлаш мақсадида ташкил этилган эди. 1958 йил 20 февралда собиқ Иттифоқ ҳукуматининг қарори билан Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилди ва шу йилдан Учқудуқ уран конларининг бир қисмини саноат усулида ўзлаштириш бошланди. Ваҳоланки, уранни қазиб олиш ишлари бу ерда анча мураккаб бўлган. Негаки, ҳудудда уранни қазиб олиш ишлари биринчи бор олиб борилаётган, қолаверса, унинг захиралари мураккаб кон-геологик шароитларда жойлашган эди. Бу эса ўз навбатида, илмий тадқиқот ишларида ва конни ўзлаштиришда янги технологик усуллар, энг самарали услубларни қўллашни талаб қилар эди. Шу сабабли уранни очиқ ва ер остида ишқорлаш усулида қазиб олиш ишлари бир вақтда олиб борилади.
ХХ асрнинг 50-йилларида собиқ Иттифоқнинг махсус илмий тадқиқот институти ходимлари олиб борган илмий тадқиқот ишлари натижасида Учқудуқ урани физик-кимёвий хусусиятининг ўзига хослиги, техник тузилиши билан бошқа уран конларидан ажралиб туриши аниқланади.
Учқудуқда уран конларини излаб топиш мақсадида тажриба цехи ташкил қилинди ва уранни қайта ишлайдиган заводни ҳам барпо этиш ишлари бошланди. Янги гидрометаллургия заводи қурилиши учун Кармана (ҳозирги Навоий шаҳри) ҳудуди танланди. 1964 йилда 1-гидрометаллургия заводининг биринчи навбати ишга туширилди. Кончилар томонидан ўн битта карьер ва ер ости қазиш ишларини олиб бориш учун ўн тўртта шахта ишга туширилди. Бунинг натижасида 1962 йилда «Учқудуқ» геотехнологик кони ташкил этилди.
Қизилқумда уран конлари топилиши, ўз навбатида, бу ерда аҳоли яшаш жойлари ҳам барпо этилишига олиб келди. Учқудуқ шаҳрининг тарихи бу ерда уран конининг очилиши билан боғлиқ. 1956 йил баҳорида шаҳарни барпо этиш ишлари бошланди. Ўзбекистон ҳудудида уран қазиб олувчи асосий бўлинмалардан бири бу 5-кон бошқармаси (ҳозирги «Зафаробод» кон бошқармаси) эди. Мазкур уран қазиб олувчи корхона 1971 йил 1 февралда Ленинобод кон-металлургия комбинатининг тажриба-саноат участкаси сифатида ташкил этилган. Учқудуқдаги уран конининг очилишидан кейин ҳудуд бўйлаб олиб борилган геологик-қидирув ишлари яна кўплаб конлар очилишига сабаб бўлди. 1975 йилда ҳозирги Конимех тумани ҳудудидаги Кўкча овули ёнида Зафаробод қўрғони барпо этилди.
Кон бошқарма таркибида ўн тўртта уран конларини ўзлаштираётган 4 та геотехнологик конлар мавжуд. 1, 2 ва 4-геотехнологик конларида тайёр маҳсулот чиқариш билан бирга маҳсулдор эритмалардан АР-0 маркасидаги аммоний перренати шаклида рений олинмоқда.
Бошқармага қарашли «Шимолий Кўҳнур», «Жанубий Суграли», «Оқтов», «Нуркон», «Мойбулоқ», «Боймин», «Жанубий Шарқий Жонгелди» каби янги конларда оксидланиш реагентларини танлаш, янги ускуналарни синаб кўриш ҳамда ноқулай кон-геологик шароитлардаги уранни қазиб чиқаришда захираларни очиш ва ер остида эритмага ўтказиш самарали технологияларини аниқлаш мақсадида синов ва тажриба-саноат ишлари олиб борилди.
Яна бир уран кони бу – Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудидаги «Собирсой» конидир. Мазкур кон 1964 йилда ташкил топган бўлиб, кейинчалик «Нурбулоқ», «Улус», «Жарқудуқ», «Шарқ», «Ингичка» каби кичик уран конларини ўзида бирлаштирди. Бугунги кунда «Ағрон», «Арнасой» конларида тажриба синов ишлари олиб борилмоқда.
Уран ишлаб чиқариш заводи (аввалги 1-гидрометаллургия заводининг 3-цехи негизида ташкил этилган) бугунги кунда мамлакатимизда уран чала оксидини ишлаб чиқарадиган ягона заводдир. Мустақиллик йилларида заводда жисмонан ва маънан эскирган асбоб-ускуналар янгиланди ҳамда замонавий технологик жараёнларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари ва назорат-ўлчов асбоблари ўрнатилди. Натижада, уран чала оксидини ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошди.
Янги Ўзбекистон ўзининг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини амалга ошириш давомида барча соҳаларда улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, сўнгги йилларда республикамизнинг ер ости бойликларида салмоқли ўрин эгаллайдиган табиий уран қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати тармоғи ҳам тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 6 мартда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, бозор механизмларига ўтиш, рақобатбардошликни ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги истиқболли конларни ўзлаштириш мақсадида «Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4629-сонли қарорнинг қабул қилиниши мазкур ислоҳотларга дебоча вазифасини ўтади. Ушбу ҳужжат асосида табиий уран ва ноёб металларни қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган «Навоийуран» давлат корхонаси ташкил этилди.
Джамал ФАЙЗУЛЛАЕВ, «Навоийуран» давлат корхонаси Бош директори
Fikr bildirish