Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ишлаб чиқаришни модернизациялаш, бозор иқтисодиётига хос ижтимоий меҳнат муносабатларини шакллантириш жараёнининг ҳозирги босқичида ҳар бир корхонанинг тараққиёти ва унда меҳнат қилаётган ходимлар фаровонлиги иш берувчи билан корхона меҳнат жамоасининг вакиллик органи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шерикчилик қай даражада йўлга қўйилганлигига боғлиқ. Мазкур масалани ҳал этиш ва ижобий самарани таъминлашда жамоат ташкилотларидан бири – касаба уюшмаларининг ҳам ўз ўрни бор. Инчунин, «Navoiyazot» АЖда бу борада эътирофга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда.
Корхонанинг касаба уюшма қўмитаси ўз фаолиятини Касаба уюшмалари Устави, тасдиқланган иш режа ҳамда Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан белгиланган устувор йўналишлар асосида олиб боради. Хусусан, ишчи-ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш, меҳнат муҳофазаси, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ва дам олишини ташкил этиш, ишчи-хизматчилар ойлик маошларини ўз вақтида олишларини назорат қилиш, жисмоний тарбия ва маънавий-маърифий ишлар, касаба уюшмалари фаоллари ўқувини уюштириш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда.
Ўзининг кўп йиллик тарихига эга касаба уюшма ташкилоти корхонанинг биринчи тамал тоши қўйилиши билан бир вақтда, яъни 1964 йилда ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида корхонада ишлаб чиқаришда чиниққан кўплаб раҳбарлар етишиб чиқди. Биринчи касаба уюшма қўмитаси раиси Тўлаганов Собир Тўлаганович ана шундай инсон эди, эндиликда уни ҳурмат ва фахр билан эслаймиз.
«Navoiyazot» АЖ кимёгарлари касаба уюшмаси республика касаба уюшма ташкилотлари орасида 8,5 мингга яқин аъзоларни бирлаштирган энг йирик касаба уюшма ташкилоти ҳисобланади.
«Navoiyazot» АЖда 4 та ишлаб чиқариш ва 60 дан зиёд цехлар мавжуд. Уларда 8 620 нафар ходимлар меҳнат қилишади, шулардан 3 460 нафарини аёллар, 1 067 нафарини ёшлар ташкил этади.
Жорий йил февраль ойида меҳнат жамоаси конференциясида «Navoiyazot» АЖнинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган 22 та бўлим, 441 банддан иборат жамоа шартномаси тасдиқланди. Шартномада иш берувчи ва касаба уюшмаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари, энг муҳими, ходимларнинг меҳнат қилиши, меҳнатига ҳақ тўлаш, дам олиш, саломатликларини мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратиш ва бошқа имтиёз ва кафолатлар ўз аксини топган. Эътиборлиси, меҳнат жамоаси конференциясида жамоа шартномаси янги боб ва бандлар билан тўлдирилади. Жамоа шартномаси бўлимлари давр талабларига, шунингдек, ҳар бир йилнинг ижтимоий йўналишига мос равишда шакллантирилади.
Ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш касаба уюшма ташкилотлари олдида турган асосий вазифадир. Муносиб меҳнат шароити ҳамда ходимларнинг иш жойларида хавфсизлигини таъминлаш нафақат корхона иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва ривожланишида муҳим омил бўлади, балки жамиятимизда инсон омилига нисбатан ҳурмат ифодаси ҳам ҳисобланади.
Касаба уюшма қўмитаси қошида жамоатчилик асосида Меҳнат муҳофазаси комиссияси ва ишлаб чиқариш цехларида 208 нафар меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллари фаолият юритмоқда. Ҳар чоракда тасдиқланган Низомга асосан меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакиллар рағбатлантирилиши йўлга қўйилган.
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан «Энг яхши корхона», «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси», «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил» ва «Энг фаол меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис» номинациялари бўйича вилоят босқичида фахрли 1-ўрин, республика босқичида «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси» номинацияси бўйича фахрли 1-ўрин, «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил» йўналишида фахрли 1-ўрин, «Энг фаол меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис» йўналишида 2-ўрин қўлга киритилганлиги барча жамоа аъзоларининг ютуғидир.
2024 йил давомида жамоа шартномасида белгиланган имтиёз ва кафолатлардан ўртача 8 496 нафар ходимлар фойдаланди.
2023 йилда жамоа шартномаси орқали ҳар бир ходим олган даромад миқдори 36 956 900 сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 39 417 500 минг сўмга етди ва 2 460 600 сўмга даромад миқдори ошишига эришилди.
«Navoiyazot» АЖ балансида тиббий санитария қисми, санаторий-профилакторий ва «Офтобжон» болалар соғломлаштириш оромгоҳи мавжуд. Ушбу муассасалар ишчи-ходимлар, уларнинг фарзандлари ҳамда корхона нафақахўрларининг даволанишлари, спорт билан шуғулланишлари, маданий ҳордиқ чиқариб, соғлиқларини мустаҳкамлашлари учун хизмат қилмоқда. Ушбу ижтимоий объектларни сақлаб туриш, ишчи-ходимларни соғломлаштириш, дам олишларини ташкил этиш ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун жамоа шартномаси орқали маблағ ажратилиши таъминланган. Жумладан, 2024 йил ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида «Офтобжон» болалар соғломлаштириш оромгоҳида 5 сменада 1 563 нафар болалар соғломлаштирилди.
Феруза ФАЙЗИЕВА, жамият касаба уюшма қўмитаси раиси