Ўзбекистон табиий бойликларга эга мамлакат сифатида дунё миқёсида тобора катта эътиборни тортмоқда. Олтин, мис, уран ва нодир металлар каби захиралар нафақат миллий иқтисодиёт ривожида, балки глобал миқёсида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Кейинги йилларда юртимизда йирик конлар очилиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда, халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда. Геология-қидирув соҳаси халқ манфаатига хизмат қиладиган соха бўлиб, мамлакатимизда инвестициявий муҳитни ривожлантириш, стратегик тармоқларни барқарор ресурс базаси билан таъминлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Фарходович ИСЛАМОВ билан бўлган интервьюда соҳада эришилган ютуқлар, халқаро ҳамкорлик, инновацион технологиялар ва келгусидаги истиқболлар ҳақида атрофлича тўхталамиз.
– Ўзбекистон олтин ва мисдан тортиб, уран ва камёб ер элементларини ўз ичига олган фойдали қазилмаларнинг бой захираларига эга. Геология-қидирув ишлари иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини хомашё билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда қандай муҳим кашфиётлар қилинди? Қандай лойиҳалар саноат миқёсида ўзлаштириш босқичига чиқди?
– Кейинги йилларда жуда кўплаб янги конлар очилиб, саноатда қазиб олишга жалб қилинди. Жумладан, Пистали, Чумаук, Балпантов, Бесопантов, Томдибулок, Турбай олтин конлари, Чинорсой полиметалл кони, Ёшлик 1, Олий Зиё мис конлари, Жонгелди, Шимолий Букиной, Оқтов уран конлари, Лашкерек кумуш конлари ҳамда норуда конларини санаб ўтсак бўлади.
Ушбу конлар бугунги кунда йирик кон-металлургия комбинатларимиз томонидан қазиб олинмоқда, норуда конларини ўзлаштиришга эса маҳаллий ва хорижий инвесторлар тўлиқ жалб қилинди.
– Экспертлар баҳолашича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажмида минерал-хомашё мажмуаси улуши катталигича қолмоқда, геология-қидирув соҳаси эса инвестиция иқлимини шакллантиришга бевосита таъсир кўрсатади. Бугун геология-қидирув соҳасининг мамлакат иқтисодиётига қўшган ҳиссасини қандай баҳолайсиз ва қандай омиллар Ўзбекистон инвестициявий жозибадорлигини сезиларли оширишга қодир?
– Ҳар йили давлат бюджетидан геология-қидирув ишларига ажратилаётган маблағлар эвазига фойдали қазилмаларнинг захира ва ресурслари оширилиб, сарфланган маблағлар бир неча баробар ўзини оқламоқда, буни биргина фойдали қазилма кон ва участкаларни аукцион орқали реализиция қилинишидан келиб тушган маблағдан ҳам кўрсак бўлади.
Маълумки, геология-қидирув соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга. Соҳа саноатнинг кўплаб тармоқлари учун барқарор ресурс базасини таъминлаб келмоқда. Шу сабабли, соҳадаги фаолият тўғридан-тўғри инвестиция иқлимига таъсир кўрсатиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини яратади.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар инвестициявий муҳитни сезиларли даражада яхшилади. Ҳозирда хорижий ва маҳаллий инвесторларга фойдали қазилмаларни саноат усулида ўзлаштириш, геология-қидирув ишларини замонавий усуллар ва технологиялар билан олиб боришда бир қатор имтиёзлар ва солиқ енгилликларидан фойдаланишмоқда.
Хусусан, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқи учун ундириладиган тижоратбоп топилма бонуси ҳамда фойдали қазилмаларни аниқлаш ва разведка қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун ундириладиган имзоли бонус бекор қилинди. Геология-қидирув учун ажратилган ер участкалари ер солиғи солиш объекти ҳисобланмаслиги белгиланди. Конларни қидириш ва геологик ишлар учун зарур бўлган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника ва асбоб-ускуналар божхона тўловларисиз олиб кирилмоқда. Янги нефть ва газ қудуқлари дастлабки икки йил солиқдан озод қилиниб, кейинги уч йилда солиқ ставкасининг ярми қўлланади. Шу билан бирга тегишли солиқ юклари, хусусан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари, жумладан, нефть ва табиий газ бўйича 10 фоизгача, олтин ва мис учун 7 фоизгача, вольфрам учун 2,7 фоизгача ва уран учун 8 фоизгача камайтирилди.
Ушбу омилларнинг барчаси хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун янги лойиҳаларни самарали амалга оширишни осонлаштириб, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширди.
– Жаҳонда ер қаърини 3D-моделлаштириш усуллари, аэрогеофизика ва маълумотларни қайта ишлаш учун сунъий интеллект фаол татбиқ қилинмоқда. Бугун амалиётингизда қандай инновацион технологиялар қўлланмоқда ва улар Ўзбекистон шароитида қанчалик жадал жорий этилмоқда? Геология-қидирув жараёнларини рақамлаштириш қанчалик фаол кечмоқда?
– Соҳага нуфузли хорижий компаниялар, халқаро экспертлар ҳамда илғор технологияларни кенг кўламда жалб қилиш, кадрларни чет элда тажрибасини ошириш бўйича яратилган шароитлар натижасида сунъий интеллектнинг юқори имкониятларидан фойдаланган ҳолда янги геологик объектларни прогноз қилишда катта натижа олиш имконияти пайдо бўлмоқда.
Жаҳон тажрибасида геологик объектларни аналогия усули асосида аниқлаш кенг қўлланилади. Бу усулда ҳали яхши ўрганилмаган янги ҳудуд, геологик шароитлари ўхшаш бўлган, аввал пухта ўрганилган бошқа бир ҳудуд (эталон) хусусиятлари билан таққосланади. Республикамизда чўкинди қатлам билан қопланган майдонлар жуда катта ҳудудни ташкил этади, ўз навбатида бундай кенг ҳудудларда қисқа муддатда геологик тадқиқотлар олиб бориш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш бугунги кунда жуда долзарб масала. Шунинг учун геология соҳасида янги инновацион технология сифатида замонавий аэрогеофизик тадқиқот усулларини қўллаш мақсадга мувофиқ. Ушбу технологияларни илғор хорижий компаниялар билан бирга бизда қулланилмоқда ва ундан геология соҳасида тезкор тадқиқотларни олиб боришда ва қисқа муддатда катта ҳудудларни бевосита геологик хусусиятларини ўрганиш ва истиқболли зоналарни аниқлашда кенг фойдаланилмоқда.
Шунингдек, Фонд материалларининг электрон базасини яратиш ва олиб борилаётган геологик ишларни рақамлаштириш мақсадида 2024 йил ва кейинги йилларда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда Геомониторинг портали ишга туширилиб, унда минерал хомашё базасини ривожлантириш давлат дастури, илмий-техник кенгаш, ер қаъридан фойдаланувчилар, давлат харидлари мониторинги, ускуна ва транспорт воситалари ягона реестри модулларидан фойдаланиш жорий қилинди. Бунда ArcGIS, Micromain, Geobank, Leapfrog Geo, GlobalMapper дастурий таъминотларидан фойдаланилмоқда. Мониторинг тизими Ўзбеккосмос ва Кадастр агентликлари ҳамда Солиқ қўмитаси билан интеграция қилинди.
Fikr bildirish