Raqamli transformatsiya

Геология: рақамлаштириш ва ривожланиш истиқболлари

№ 3/2025

 
     Геология соҳаси мамлакат иқтисодиётининг узвий таркибий қисми сифатида нафақат ер қаъри бойликларини излаш, балки уларни саноатга тайёр ҳолда етказиб беришда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунда геология-қидирув ишлари – Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланиши, энергетик ва саноат хавфсизлиги ҳамда янги ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйиш учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.
 
     Ер қаъридаги фойдали қазил­малар – олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам, литий, хром, никель, кобальт, камёб ер элементлари ва бош­қаларнинг захираларини аниқ­лаш, баҳолаш ва саноатда қазиб олишга тайёрлаш геология соҳаси­нинг асосий вазифасидир.
     Шу жиҳатдан, 2021 йилда ташкил этилган «Ўзбек геология қидирув» АЖ мамлакатимиздаги энг йирик геология-қидирув компанияси сифатида қатор йўналишларда фаолият олиб бормоқда.
     Мамлакатимизда геология-қиди­рув ишлари тўрт босқичда – регионал тадқиқот, излаш, баҳолаш ва қи­дирув босқичларида амалга оширилади. Бу босқичлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ҳар бир қа­дам ер қаърининг геологик тузилишини чуқур ўрганиш ва истиқбол­ли конларни аниқлашда муҳим аҳа­миятга эга.
     Ҳозирги кунда республика ҳуду­дининг катта қисмида, айниқса, палеозой даври ётқизиқлари жойлаш­ган ҳудудларда кенг кўламли қа­зилма конлари изланмоқда. Айни вақтда олтин ва мис йўналишидаги тадқи­қотлар давлат бюджети ҳамда йирик саноат корхоналари – «Навоий КМК» ва «Олмалиқ КМК» билан ҳамкор­ликда амалга оширилмоқда.
 
Инновациялар ва рақамлаштириш
 
     Сўнгги йилларда соҳада рақамли технологияларни жорий этиш жараёнлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Хусусан, геология-қидирув ишлари билан боғлиқ бирламчи геологик маълумотлар Geobank ва Geobank Mobile дастурлари орқали тўпланади ва марказлашган электрон маълумотлар базаси асосида бошқарилади.
     Бундай ёндашув маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, уларга тезкор кириш имкониятини яратиш, шунингдек, халқаро стандартлар – JORC ва CRIRSCO кодекслари талаб­ларига жавоб берадиган ҳисобот­ларни тайёрлаш имконини берди.
     Қидирув ишларида аэрогеофизик технологиялар, космогеологик тас­вирлаш, 3D моделлаштириш ва геостатистик таҳлиллар қўлланилиши натижасида катта ҳудудларни қисқа вақт ичида самарали ўрганиш мумкин бўлмоқда.
     Янги қидирув стратегиясининг энг муҳим жиҳати – ахборотни ра­қамлаштириш ва электрон хариталар базасини яратишдир. Бунинг учун 1 : 200 000, 1 : 100 000 ва 1 : 50 000 миқ­ёсли янги хариталар тайёрланмоқда. «Ягона рақамлаштирилган картографик маълумотлар банки» ташкил этилган.
     Бу жараён геологик маълумотларни сақлаш, янгилаш ва таҳлил қилиш имкониятларини кескин ошириб, конларни башорат қилишда самарадорликни бир неча баробарга кўпайтирмоқда. Йирик миқёсдаги геологик тадқиқотлар нафақат маъ­лум конларни чуқур ўрганиш, балки ҳудуднинг геологик тузилишини ўрганишга ҳам ёрдам беради. Бу эса фойдали қазилмаларнинг ҳосил бўлиш қонуниятларини англаш, истиқ­болли майдонларни комплекс баҳо­лаш, янги маъданли зоналар ва томирларни кашф қилиш, кон ресурсларини башорат қилиш имконини яратади.
     Яқин йиллар ичида Ўзбекистон геологияси нафақат янги кашфиёт­ларга, балки глобал стандартларга мос инновацион қидирув технологияларига суянган ҳолда ривожланиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатнинг минерал-хомашё базасини кенгайтириш, стратегик ресурслар захирасини мустаҳкамлаш ва иқтисодий тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратишда ҳал қилувчи аҳа­миятга эга бўлади.
 
Истиқболли ҳудудлар
 
     Ўзбекистон – табиий бойликларга бой юрт. Асрлар давомида бу заминдан олтин, мис, газ ва бошқа қа­тор фойдали қазилмалар кашф этил­ган, мамлакат саноати ва иқтисо­диёти учун асосий ресурсга айланган. Бугун эса геология соҳаси янги босқичга қадам қўймоқда. «Ўзбек геология қидирув» АЖ олдида янги вазифалар, янги технологиялар ва катта истиқболли ҳудудлар турибди.
     Сўнгги йилларда ер юзасига чи­қиб турган кўплаб қазилма конлари аллақачон ўрганилган ва ишлаб чи­қаришга жалб қилинган. Шу боис эндиликда геологик қидирув ишларининг асосий эътибори ер остидаги ёпиқ қисмлар ва чуқур горизонт­ларни ўрганишга қаратилмоқда. Интеграциялашган тадқиқотлар – геофизик, геокимёвий, космогеологик усуллар кенг қўлланилмоқда. Стратегик аҳамиятга эга ресурслар – олтин, рангли ва ноёб металлар ва норуда қазил­малар устувор аҳамият касб этмоқда.
     Бу йўналишлар нафақат иқтисодий, балки стратегик мустақиллик нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
     Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудуд­лари бўлажак кашфиётлар учун катта салоҳиятга эга. Масалан, Қорақал­поғистон ва Устюрт платоси – углеводородлар учун, Қизилқум региони – олтин ва уран конлари бўйича истиқболли, Фарғона водийси – нефть ва газ ресурслари билан му­ҳим аҳамиятга эга, Тошкент ва Жиззах вилояти тоғ ҳудудлари – олтин, рангли ва нодир металлар изланиш­лари учун, Сурхондарё ва Қашқа­дарё вилояти чўл ҳудудлари – углеводород ва ер ости сувлари нуқтаи назаридан муҳимдир.
 
Муаммо ва вазифалар
 
     Соҳада ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжуд. Масалан, ер қаърининг ёпиқ участкалари ва чу­қур горизонтлари етарлича ўрганилмаган, шунинг учун қўшимча изланишларга эҳтиёж катта. Замонавий илғор технологияларни қидирув ишларига кенг жалб этиш талаб этил­моқда.
     Геология-қидирув соҳаси бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у нафақат ресурслар базасини кенгайтиради, балки мамлакатнинг умумий инвестиция иқлимини шакллантиришда ҳам ҳал қилувчи омил ҳи­собланади. Маълумотларнинг очиқ­лиги, халқаро стандартлар асосида иш юритиш ва илмий-техник имкониятларни ривожлантириш соҳанинг жозибадорлигини янада оширади. Шунингдек, кадрлар ва технологиялар масаласини комплекс ҳал қилиш орқали Ўзбекистон яқин йилларда нафақат минтақада, балки жаҳон миқ­ёсида ҳам геология соҳасида етак­чи давлатлардан бирига айланиши мумкин.
 
Намуналар ҳаракати
 
     «Ўзбек геология қидирув» АЖда намуналар ҳаракатини назорат қи­лиш бўйича мустақил дастур ҳам жорий этилган. Ушбу ахборот тизими лаборатория таҳлилига юборилган геологик намуналарни рўйхатга олиш, уларнинг ҳаракатини кузатиш, жорий жойлашувини аниқлаш, майдалаш цехлари ва лабораториялар кесимида автоматик ҳисоботлар шакллантириш ҳамда натижаларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини беради. Бу ечим ишлаб чиқариш жараёнининг шаффофлигини оширади, намуналар йўқолиши ёки кечикишини бартараф этади ва жараён устидан тўлиқ мониторинг ўрнатади.
     Базадаги барча геологик маълумотлар кодлаштирилган бўлиб, улар Datamine, Micromine ва Leapfrog каби замонавий геологик дастурларга бевосита юборилади. Натижада блок-моделлаштириш, 3D геологик моделлаштириш, геостатистик таҳ­лил ва минераллашган зоналарни аниқлаш каби жараёнлар тез ва аниқ амалга оширилади.
     Рақамли геология бошқарма­си мутахассислари томонидан GEOBANK тизимидан олинган маълумотлар геологик ахборот тизимлари ёрдамида маъдан таналарининг морфологик тузилиши ва ер қаъри­даги жойлашуви 3D визуал кўринишда қайта ишланади.
     Геологик ахборот тизимлари ёрдамида маъдан таналарининг блокли моделлари тузилиб, уларнинг захиралари Ўзбекистон Республикаси Фойдали қазилмалар захиралари бў­йича давлат комиссиясининг та­лаблари ва қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари ҳақидаги халқаро ҳисобот JORC кодексининг стандартларига му­вофиқ ишлаб чиқилади.
     Захиралар JORC кодекси асосида ҳисобланади, ҳамда дастлабки тех­ник-иқтисодий асослаш (PFS) ҳисо­боти ишлаб чиқилади.
 
 
Элмурод ЭРГАШЕВ, Бошқарув раиси ўринбосари, бош геолог
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.