Мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати – Давлат бюджетини шакллантириш, уни қабул қилиш ва ижросини таъминлашда парламентнинг ўрни ва иштироки жуда муҳим. Шу масалалар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Шарофиддин НАЗАРОВ билан суҳбатлашдик.
– Шарофиддин Ҳакимович, барчамизга аёнки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат молияси очиқлигини таъминлаш ва бюджет ижроси натижадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Бу жараёнда парламент демократик назоратнинг асосий институти сифатида муҳим ўрин тутади. Тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида парламентнинг давлат бюджети очиқлиги ва ҳисобдорликни таъминлашдаги ролини қандай баҳолайсиз?
– Дарҳақиқат, кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, демократик ислоҳотлар жараёнида парламентнинг ролини ошириш, парламент назорати ва қонун ижодкорлигида янги механизмларни татбиқ этиш йўналишларида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Аввало, парламент давлат молияси сиёсатининг шаклланиши, бюджетнинг қабул қилиниши ва унинг ижроси бўйича очиқ муҳокамалар олиб боришда фаол иштирок этмоқда. Давлат бюджети қонун шаклида парламентга тақдим этилиши йўлга қўйилди. Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси эса ушбу жараёнда қонунни маромига етказиш ҳамда муҳокамаларни мазмунли ўтказишда масъул ҳисобланади.
Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат бюджетини қабул қилиш парламентнинг ҳар иккала палатасининг ваколатига кириши аниқ белгилаб қўйилган. Қабул қилинган ва ижро этилаётган давлат бюджети устидан назорат қилиш эса Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига киради. Шундан келиб чиқиб, парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва махсус ишчи гуруҳлари бюджет ҳужжатларини чуқур таҳлил қилиб, жамоатчилик фикри ва мустақил экспертлар хулосаларини инобатга олган ҳолда муҳокама қилади. Бу эса очиқлик ва ҳисобдорликни оширишнинг муҳим омилидир.
Бугун бюджет масалалари ёпиқ ёки тор доирада эмас, балки очиқ эшитувлар, очиқ муҳокамалар, жамоатчилик иштироки орқали кўриб чиқилмоқда. Давлат бюджетини қонун кўринишида қабул қилишдан бошлаб, унинг ижросигача бўлган барча босқичларда тегишли қонун ташаббускорлари, бюджетдан маблағ олувчи вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотлар иштирокида бир қатор эшитувлар амалга оширилади. Қўмита мажлисларида қўмита қошида тузилган жамоатчилик кенгаши аъзолари, экспертлар ва мутахассислар иштирок этади. Масалан, 2026 йил учун «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаларида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ ва Божхона қўмиталари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар вакилларидан ташқари бюджетдан маблағ олувчи деярли барча ташкилотлар иштирок этишди. Қўмита томонидан ўндан ортиқ муҳокамалар ўтказилиб, юздан ортиқ аниқ таклиф ва тавсиялар ўрганиб чиқилди. Улардан асосли деб топилганлари бўйича лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Парламент бюджет ижроси устидан назорат механизмларини такомиллаштириб бораётганлиги сабабли, айни пайтда тегишли вазирлик ва идораларнинг нафақат уларнинг ҳисоботларини эшитиш, балки бюджет маблағларидан фойдаланишда натижадорлик ва самарадорлик кўрсаткичлари ҳам таҳлил қилиб борилмоқда. Шунингдек, бюджет даромадлари кўрсаткичлари бажарилишига масъул вазирлик ва идораларнинг ҳар чоракда бюджетга маблағ жалб қилиш борасида амалга ошираётган ишлари сифати ҳам депутатлар томонидан ўрганилмоқда. Ушбу жараёнда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган таклифлар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бу эса бюджетга маблағларни жалб қилишда солиқ базасини янада кенгайтириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, бюджет харажатларининг манзиллилиги, самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга коррупциявий омилларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг йиғилишида коррупция ҳолатлари ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида парламент палаталари олдига қатор аниқ вазифаларни қўйган эди. Қўмитамиз томонидан бу борада бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича чуқур таҳлиллар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ҳисоб палатаси, Давлат молиявий назорат органлари, таҳлил марказлари ҳамда экспертлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Умуман айтганда, ҳозирги босқичда парламент нафақат қонун чиқарувчи орган сифатида, балки молиявий интизом, шаффофлик ва жамоатчилик ишончини таъминлайдиган кучли назорат органи сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Келгусида парламент назорати механизмларини янада такомиллаштириш, назорат тадбирларининг таъсирчанлигини ошириш ва ушбу жараёнларда жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади. Шу ўринда қайд этиш жоиз, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати амалиётларини янги сифат босиқичига олиб чиқишда рақамли парламентни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда қонун лойиҳалари муҳокамаси ва назорат-таҳлил ишларида сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланишни шиддат билан ўзгариб бораётган даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
– Бюджет ижроси устидан парламент назорати жараёнида жамоатчилик ва мустақил экспертларнинг роли қандай? Бу йўналишда имкониятлар янада кенгайтириладими?
– Бугунги кунда бюджет ижроси устидан назорат тадбирлари нафақат давлат идоралари, балки кенг жамоатчилик иштирокида амалга оширилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Назорат тадбирларида жамоатчилик ва мустақил экспертларнинг иштироки парламент фаолиятида демократик тамойилларга амал қилинаётганлигини яққол кўрсатиб турибди. Парламент фаолиятидаги бундай очиқлик ва шаффофлик, энг аввало, сайловчиларнинг манфаатларини адолатли тарзда ифода этишга хизмат қилади.
Ўтган йили Президентимиз парламент палаталари вакиллари билан учрашувда олдимизга муҳим вазифаларни қўйган эдилар. Хусусан, масъул қўмиталар ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда илмий таҳлил марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, қўмитамиз 7 та илмий марказ билан меморандум имзолаб, ҳамкорликни йўлга қўйдик. Айни вақтда қатор масалалар бўйича уларнинг фикрлари, таклиф ва таҳлилларини ўрганиб боряпмиз.
Парламент томонидан ўтказиладиган очиқ эшитувлар, жамоатчилик муҳокамалари, экспертлар, таҳлил марказлари вакиллари иштирокидаги таҳлиллар бюджет ҳужжатларига янгича қараш, профессионал ёндашув ва танқидий баҳо бериш имконини кенгайтирмоқда. Бу жараёнда мустақил иқтисодчилар, молия мутахассислари, ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари парламентга муҳим ҳамкор сифатида майдонга чиқмоқда.
Жамоатчилик иштирокининг яна бир катта аҳамияти – бу ишонч омилидир. Давлат органлари фуқаролар иштирокида иш юритаётгани, қабул қилаётган қарорларининг очиқлашгани сари жамиятнинг, халқнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланиб боради. Бу эса давлат бошқарувида шаффофлик ва очиқлик билан иш олиб бориш маданиятини янада юксалтиришга имкон беради. Шу маънода брифинглар ташкил этилиб, бюджет ва иқтисодий, молиявий масалалар бўйича олиб бораётган ишларимиз ҳақида кенг жамоатчиликка, оммавий ахборот воситалари вакилларига мунтазам ахборот ва маълумотлар бериб бораяпмиз.
Бундан ташқари жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаш учун 14 кишидан иборат Жамоатчилик кенгаши ташкил қилинган. Унинг таркибида илмий ҳамжамиятлар, фуқаролик институтлари, жамоатчилик вакиллари, таниқли иқтисодчи олимлар ва экспертлар бор. Улар қўмита йиғилишларида мунтазам иштирок этиб, ўз таклиф ва тавсияларини бериб келмоқда.
Албатта, бу жараёнда фақат мавжуд механизмлар билан чекланиб қолинмайди. Келгусида жамоатчилик эшитувлари миқёси ва қамрови кенгайтирилади, мустақил экспертларни жалб этиш институционал даражада мустаҳкамланади, рақамли платформалар орқали эса таклиф ва тавсиялар билан чиқаётган фуқаролар иштирокини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. Бундай ёндашув бюджет ижроси ҳамда парламент назоратида бўлган бошқа муҳим масалалар бўйича халқни ўйлантираётган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда қарорлар қабул қилиш имкониятини кенгайтиради.
Қўмитамиз шунингдек, Ҳисоб палатаси билан ҳам ҳамкорлик ўрнатган. Молиявий назорат нуқтаи назаридан давлат харидлари, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида ахборот алмашуви йўлга қўйилган. Бу парламент фаолиятида бюджет қонунчилигининг бузилишини олдини олишга қаратилган чоралар кўриш ҳамда ҳукуматга тавсиялар ишлаб чиқишга имкон бермоқда.
– Муҳокама этилаётган муҳим ташаббуслардан бири – исломий молиянинг ҳуқуқий асосларини яратишга оид қонундир. Бу ташаббус мамлакатда молия бозорини диверсификация қилиш ва инвестицияларни жалб этиш учун янги имкониятлар яратади. Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади нимада ва Ўзбекистонда исломий молиявий инструментларни ривожлантириш бўйича қандай истиқболлар мавжуд. У инвестицияларни жалб этиш ва молиявий инклюзияни оширишда қай даражада хизмат қилади?
– Ушбу ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш бўлиб, исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари 2 та кодекс ҳамда 6 та қонунга киритилмоқда. Фуқаролик ва Солиқ кодекслари, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида», «Давлат божи тўғрисида», «Давлат харидлари тўғрисида» ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Fikr bildirish