Жаҳон банки рейтингига биноан иқтисодий даражасига кўра, Ўзбекистон 190 та мамлакат орасида 63-чи ўринни эгаллади. Бутунжаҳон иқтисодий форуми баҳосига кўра, 2014–2015 йиллар якуни ва 2016–2017 йиллар ўсиш прогнозлари бўйича Ўзбекистон дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан бири ҳисобланади. Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари аҳоли ўртасида даромадларни нисбатан мутаносиб равишда тақсимланишини таъминламоқда.
Бугунги кунда республикамизда энг юқори ва энг қуйи (дециль) гуруҳлар ўртасидаги даромадлардаги фарқ даражаси 7,8 мартадан ошмайди. Жаҳон амалиётида жамиятдаги ижтимоий табақаланиш даражасини баҳолаш учун кенг қўлланиладиган Джини индекси кўрсаткичи мустақиллик йиллари мобайнида 0,40 дан 0,29 гача камайди. Ушбу кўрсаткич бўйича ҳам Ўзбекистон жаҳоннинг энг тез ривожланиб бораётган мамлакатлари қаторидан жой олди.
2015 йил март ойида қабул қилинган 2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида умумий қиймати 40 миллиард АҚШ долларидан зиёд 846 та инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Шу жумладан, нефть-газ ва кимё саноатида 25 млрд доллар қийматидаги 70 та лойиҳа, электроэнергетикада тўққиз млрд доллар миқдоридаги 30 дан зиёд лойиҳа, тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноатида бир млрд доллардан зиёд 150 та лойиҳа, озиқ-овқат саноатида 410 млн доллар миқдоридаги 300 дан ортиқ лойиҳа, электротехника саноатида 270 млн доллар қийматидаги 40 та лойиҳа ва саноатнинг бошқа тармоқларида ҳам бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишда жаҳонга танилган етакчи технологик компаниялар иштирок этади. Масалан, «Дженерал Моторс» (АҚШ), «Хьюндай» (Жанубий Корея), «Тойота», «Марубени» (Япония), «Ритер», «Трушлер», «Заурер» (Германия), «Максам» (Испания), «Индорама» (Сингапур), CNPC, CITIC (КНР), «FIAT Машинери» (Италия), «Лукойл», «Газпром» (Россия) ҳамда Жаҳон банки, Осиё ва Ислом тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC), Халқаро ҳамкорлик япон агентлиги (JICA), Жанубий Корея, Хитой ва бошқа давлатларнинг Эксимбанклари каби халқаро молия ташкилотлари қатнашади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилгача иқтисодиёт тармоқларини узоқ муддатли ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқиляпти. Бунда амалга ошириш кўзда тутилаётган хомашё ресурсларини уч-тўрт босқичли чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобига қайта ишловчи тармоқларнинг жадал ривожланиши учун катта имкониятлар эшиклари очиб берилади.
Биз, 2030 йилга бориб ишлаб чиқаришни чуқур диверсификация қилиш асосида нефть-кимё ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини уч мартадан зиёд оширишга эришамиз. Масалан, мураккаб полимерлар, олефинлар, синтетик каучук, сунъий тола, ароматик углеводородлар ва бошқа юқори технологияли маҳсулотлар, мураккаб минерал ўғитлар ва бошқа тармоқларда талаб этилаётган кимё маҳсулотларининг кенг номенклатурасини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун барча зарур шарт-шароитларга эга бўламиз. Яъни, бу ишлаб чиқаришни машинасозлик ва электротехникада 3,7 мартага, фармацевтика маҳсулотларида қарийб 10 мартага, озиқ-овқат саноатида эса беш мартага, қурилиш материаллари саноатида тўрт мартага ошириш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон нисбатан қисқа даврда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритди ва бундан кейин ҳам изчил ва барқарор ривожланишни, барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик йўлини танлашдан манфаатдор. Ҳақиқатан ҳам, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «…биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз».
Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодиёт вазирлиги
Ахборот хизмати