Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида хусусий мулкчиликнинг турли шакллари ривожланиб, ишбилармон ва тадбиркорлар учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Модернизация ва диверсификация, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун берилаётган имтиёз ва преференциялар натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари йил сайин ўсмоқда. Буни юртимизда маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилаётган сифатли, арзон ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар мисолида кўриш мумкин.
Аниқ мақсадга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар нафақат саноатнинг жадал ўсишини, балки унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг ортиб бориши ҳамда ички бозорнинг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминланишида муҳим омил бўлмоқда. Натижада, жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сафи йил сайин кенгаймоқда. Ваҳоланки, мана шундай иқтисодий жиҳатдан юксак ўсиш кўрсаткичларига эришилаётгани ҳамда савдо-иқтисодий муносабатларнинг жадал суръатларда ўсиб бораётгани Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб, нуфузи ошаётганидан далолат беради. Асосийси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилаётганлиги, қулай ва жозибадор сармоявий муҳит яратилганлиги энг тараққий этган мамлакатлар ишбилармонларини ҳам юртимиз тадбиркорлари билан фаол ҳамкорлик қилишга ундамоқда. Шунинг учун ҳам, мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектлари тайёрлаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш, жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ўзига хос ўрни бор. Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Республика саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ташкил этилиб, тез орада халқаро мақомга эга бўлди. Сабаби, у орқали чет эл сармоялари жалб қилиниб, қўшма корхоналар ва фирмалар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу тадбир корхоналар ўртасида ўзаро кооперацион алоқаларни ўрнатишда, уларнинг буюртмалар портфелини шакллантиришда муҳим роль ўйнамоқда. Шу йўл билан янги турдаги, жумладан, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши қўллаб-қувватланмоқда. Ишлаб чиқаришга илғор технологияларнинг жорий этилиши туфайли маҳаллий хомашёни комплекс ва чуқур қайта ишлаш таъминланди, мамлакатимиз саноати томонидан енгил ва юк автомобиллари, йўловчи автобуслари, полиэтилен, полипропилен, суюлтирилган газ, кальцийлаштирилган сода, турли хилдаги электр техника ва кабель-ўтказгич маҳсулотлари, машинасозлик учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар каби жаҳон бозорида рақобатбардош, импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган саноат ярмаркаси истеъмолчиларни республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари тўғрисида кенг хабардор қилиш, ҳамкорларни излаб топиш ҳамда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни етказиб бериш тўғрисида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида хўжалик шартномалари тузишда, шунингдек, келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантиришда жуда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экспорт қилиш учун янги имкониятларни очиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини тизимли таҳлил қилиш, уларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлик даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозори талабларига мос келишини таъминлашга оид таклифлар ишлаб чиқилишида саноат кооперацияларининг аҳамияти юқори десак, муболаға бўлмайди. Негаки, мазкур тадбир саноатчиларнинг йирик анжумани сифатида рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ички тармоқ ва тармоқлараро алоқаларни мустаҳкамлашда муқобили йўқ тадбир. Муҳими, мазкур тадбирга нафақат юртимиз тадбиркорлари, балки хорижлик ишбилармон доиралар, йирик халқаро сармоядорларнинг ҳам қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Ўн йилдан буён ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ўзининг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини исботлади. Шу вақт ичида бизнес-форум иштирокчиларининг сони етти марта, ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперацияси асосида маҳсулот етказиб бериш учун тузилаётган шартномалар ҳажми 11 марта ошди, ҳозирда ярмаркада тақдим этилаётган экспонатлар сони 20 мингдан зиёдни ташкил қилмоқда.
Ҳар йили ярмаркага 100 минг нафардан ортиқ турли соҳа мутахассислари, шу жумладан, республикамиз етакчи корхоналарининг илмий, муҳандис-техник ходимлари ташриф буюришади. Тадбирнинг халқаро нуфузи ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, 2015 йилда саноат форумига жаҳоннинг 55 мамлакатидан, шу жумладан, Германия, Буюк Британия, Чехия, Канада, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Япония, Туркия, БАА, МДҲга аъзо ва бошқа мамлакатлардан 1300 нафар хорижий фирма ва компаниялар вакиллари ташриф буюрди. Ярмарка давомида 8,3 млрд доллардан ортиқ қийматдаги экспорт шартномалари тузилди, бу республикамиз бутун экспорт ҳажмининг қарийб ярмини ташкил қилади. Ишлаб чиқариш соҳасида кооперация алоқаларини кенгайтирган ҳолда республикамиз корхоналари маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирмоқда. Биргина ўтган йил якунларига кўра, 200 дан ортиқ янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар таклиф этилган бўлиб, улар жорий йилда маҳаллийлаштириш дастури асосида амалга оширилмоқда.
Анъанага кўра, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси икки босқичда ўтказилади: биринчи босқичда ҳудудий ва тармоқ кўргазма ва ярмаркалари бўлиб ўтади, иккинчи босқичда эса энг юқори поғонаси ҳисобланган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ташкил этилади. Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясининг кенгайиши ишлаб чиқариш самарадорлигини, меҳнат унумдорлигини, маҳсулот сифатини янада ошириш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим омил бўлмоқда. Зеро, ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши маҳсулот етказиб бериш, ишлаб чиқариш учун хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишда корхоналарнинг ўзаро самарали ҳамкорлик қилиши учун зарур инфратузилмани талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги «2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март-июнь ойларида мамлакатимизнинг барча минтақаларида 17 та ярмарка, шу жумладан, 13 та ҳудудий ва тўртта тармоқ ярмаркаси ўтказилди.
Ярмаркаларда республикамизнинг барча минтақаларидан беш мингдан зиёд саноат корхонаси иштирок этди. Тадбирлар жараёнида 2016 йил учун қўшимча равишда 1 трлн сўмдан ортиқ қийматдаги, шу жумладан, янги турдаги юқори сифатли маҳсулотлар: тоғ-шахта жиҳозлари, боғдорчилик учун мини-тракторлар, компрессорлар, GM туркумига мансуб автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, тегирмон асбоб-ускуналари, электр энергияси генераторлари, ЕВРО стандартлари даражасидаги мойлаш материаллари, керамика учун елим, травертин, санитария керамикаси, тиббий асбоблар, вакцина, фармацевтика препаратлари ва бошқа товарлар етказиб бериш учун шартномалар тузилди.
Бунда, тармоқ корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган техник хусусиятлари ва сифати хорижда ишлаб чиқарилган турдошларидан асло қолишмайдиган маҳсулотлар нафақат саноат корхоналарида, балки халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
2016 йил ноябрь ойининг бошида пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да навбатдаги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бўлиб ўтди. Ярмаркада уч мингдан зиёд корхона (2,2 мингтаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари) иштирок этди ва улар томонидан саноатнинг базавий тармоқларида мавжуд бўлган катта салоҳият ва имкониятлар намойиш этилди. Саноат мажмуининг етакчи корхоналари томонидан ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари, жумладан: геология-разведка, минерал-хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалик машинасозлиги, электр техника, кимё, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш, полиграфия, транспорт ва бошқа соҳалар учун мўлжалланган маҳсулотлар кўргазмага қўйилди. Шунингдек, илм-фанга асосланган технологиялар ҳам кенг намойиш этилди.