2014 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида ЮНВТО бош котиби Талеб Рифаи шундай деганди: «…Биз Ўзбекистонда амалга оширилган буюк ўзгаришлар гувоҳи бўлдик. Туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётган Президент Ислом Каримовнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли Ўзбекистон туризмни ривожлантиришнинг асосий марказларидан бири бўлишига ишонамиз». Дарҳақиқат, Ўзбекистонда халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишда тинчлик, хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик мавжуд бўлиб, республикамиз бошқа мамлакатларга нисбатан жуда катта туристик-рекреацион салоҳиятга эгалиги билан ажралиб туради. Ушбу туристик-рекреацион салоҳиятни ноёб тарихий обидалар, моддий-маданий ва меъморчиликнинг улуғвор ва бетакрор намуналари, туристик фирмалар, меҳмонхоналар ва бошқа коммуникация тармоқлари, транспорт воситалари, умумий овқатланиш объектлари, кўнгилочар объектлар ва воситалар, даволаш, соғломлаштириш, спорт ва бошқа йўналишлардаги объектлар ташкил қилади. Шу билан бирга, республикамиз ҳудудлари имкониятларини юқори даражада намоён этувчи бошқа турдош ташкилотларнинг бирлашган хўжалик-ташкилий ва ҳудудий гуруҳлар мажмуалари самарали фаолият юритаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Мамлакатимизнинг жуғрофий туристик салоҳиятини халқаро мутахассислар томонидан мажмуали баҳолашда унинг юқори даражада эканлиги (58,7 %) ҳамда хорижий ва маҳаллий туристлар учун туристик ҳудудларнинг ўта жозибадорлиги аниқланди. Яъни, Ўзбекистоннинг ярмидан ортиқ табиий ва ландшафт ресурсларидан туризм соҳасининг кўплаб хизмат турларини ривожлантиришда фойдаланиш мумкин.
Аммо, туристик салоҳиятнинг юқори кўрсаткичларига қарамасдан, унинг республикамиз иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиш даражаси ниҳоятда паст. Шу сабабли, айни пайтда унинг ЯИМдаги улушини аниқлашда Ўзбекистон туристик-рекреацион салоҳиятини миллий ҳисоботлар тизимининг меъёрларида тармоқлараро ва халқаро таққослаш имконини берадиган баҳолаш методларини амалга ошириш туризм соҳасидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Жумладан, туризмни статистик нуқтаи назардан баҳолашнинг мажмуавий тизимини яратиш учун туристик маҳсулотларга бўлган талаб ва таклиф натижаларидан олинадиган маълумотларни гуруҳлаштиришга имкон берадиган статистик шаклларни яратиш масалалари фанда ва амалиётда кўп қиррали ва мураккаб жараён эканлиги маълум бўлмоқда.
Ҳудудий объектларнинг ресурслар имкониятларидан фойдаланиш даражасига таъсир этувчи туристлар оқимини қабул қилиш салоҳиятини, албатта, эътиборга олиш зарур бўлади. Яъни, ҳудуднинг қабул қилиш салоҳияти – бу, табиий ресурсларга жиддий зарар етказмайдиган, саёҳат якунида салбий таассуротлар уйғотмайдиган, маҳаллий аҳолига турли хил ижтимоий-иқтисодий муаммолар туғдирмайдиган ҳолатда фаолият юритадиган объектларнинг юқори даражадаги максимал юкламасига айтилади.
Ҳудуднинг ресурс салоҳияти – бу, жамият фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олувчи кўп қиррали тушунча ҳисобланади. Уни аниқлашда иқтисодий, экологик ва ижтимоий жиҳатларни ҳисобга олиш зарур. Жумладан, уларнинг бир қисми бевосита ҳудуднинг туристик ресурсларини, бошқаси минтақада туризмни ривожлантиришга таъсир кўрсатувчи омиллар эканлигига эътибор қаратилади.
Қайд этилаётган салоҳиятни баҳолашда баъзи услубий ёндашувларни кўриб чиқиш зарур. Улардан биринчиси, ҳудуднинг туристик ресурслар кадастрини ишлаб чиқиш ҳисобланади. Мазкур кадастрни ишлаб чиқишдан асосий мақсад – минтақаларда туризмни ривожлантириш учун барча омиллардан самарали фойдаланиш йўлларини аниқлашдан иборат. Бунинг учун, кадастрда туристик ресурсларнинг мажмуали тавсифи мавжуд бўлиши, уни сифат ва миқдор жиҳатдан ўзлаштиришни баҳолашнинг иқтисодий самарадорлиги, батафсил ҳисобга олиш омиллари, таснифи, фойдаланиш таҳлили, асосий истиқболи, туристик-рекреацион ресурслар муҳофазаси бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг барчаси кўзда тутилган бўлиши лозим. Мазкур кадастрни тузишда уни ишлаб чиқиш бўйича қуйидаги тамойилларга риоя қилинади: яъни, яхлитлик, объективлик, узлуксизлик ва кўргазмали кўринишга эга бўлиш.
Бу жиҳат ҳудуднинг ресурс салоҳиятини баҳолашда самарали усул бўлиб, у жаҳон амалиётида туристик ресурслар мониторинги асосини ташкил этади, бундай тарздаги мониторинг тадбирларини амалга ошириш учун компьютерли геоахборот тизимларидан фойдаланилади.
Рекреацион-туристик ресурсларни баҳолаш ишлари бир неча муҳим омилларни ҳисобга олган ҳолда ёки параметрларни блоклар бўйича ўрганиш шаклида амалга оширилади. Шунга қарамасдан, табиий ва ижтимоий салоҳиятнинг барча компонентларини миқдор жиҳатдан тўлиқ баҳолаш мумкин эмас. Шунинг учун якуний, жамланма баҳолашга эришиш учун барча сифат кўрсаткичларини миқдор кўрсаткичларига айлантириш талаб этилади. Сифат кўрсаткичларининг одатдаги чегаралари қуйидагича: «жуда паст, паст, ўртача, юқори, ўта юқори». Сўнг, сифат шкаласини беш балли тизимга келтириб оламиз. Кейин баллар оддий қўшиш орқали ҳисоблаб чиқилади. Бироқ, барча объектлар ёки ҳудудни туристик-рекреацион салоҳиятини интеграл баҳолаш нисбий ҳисобланади. Чунки, у сифат кўрсаткичларини бошқа объектларнинг баҳолари билан таққослаш орқали онгли равишда талқин қилинадиган баҳолашдир.
Туризмни ривожлантириш базасини яратишда ҳамда барча шарт-шароитларни интеграл баҳолаш ишларини ташкил этишда табиий ҳамда ижтимоий-иқтисодий, таркибий омилларни ҳисобга олиш талаб этилади. Мазкур тадқиқот ишида туризм ташкилотчилари ҳамда бевосита туристик-рекреацион хизматлар истеъмолчилари нуқтаи назари эътиборга олинган ҳолда, технологик жиҳатлар ҳисобга олинмасдан ҳудуднинг туристик салоҳиятини баҳолаш ишлари амалга оширилди.
Кўрсаткичларни саралаб олишда муҳим ўрин иқтисодий вазифаларни ечиш учун қарорлар қабул қилишда уларнинг ҳар бирини нисбий аҳамиятини аниқлашга эътибор берилади. Бироқ, шуни қайд этиш керакки, танлаб олинган омиллар таъсир доирасининг турли хиллиги сабабли, улар етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, турли омиллар учун турли вазнли кўрсаткичлар ёки аҳамиятлилик коэффициенти қўлланади. Шу мақсадда параметрларнинг ҳар бир блоки учун мос равишдаги аҳамиятлилик коэффициенти татбиқ этилади. Вазнлик коэффициенти у ёки бу тарзда танланган кўрсаткичнинг муҳимлигидан, баҳоланадиган ҳудуднинг таққосланишидан келиб чиқиб, эксперт сўровномаларини ўтказиш методи орқали аниқланади. Экспертлар сифатида «Ўзбектуризм»нинг вилоят филиали ходимлари, бўлим мутахассислари ҳамда вилоят ҳокимиятининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича мутахассислари иштирок этиши мумкин.
Вилоят туманлари ресурслар базасини баҳолашда туристик-рекреацион объект ва туристик-рекреацион фаолиятнинг тузилмавий кўринишлари назарда тутилган. Мазкур замонавий ёндашувлар турист томонидан амалга ошириладиган саёҳатнинг бош мақсадига мантиқан боғлиқ равишда кўриб чиқилади. Бу ҳолатда рекреация мақсади ва туристик-рекреацион фаолиятнинг тури ажратиб кўрсатилади, уларнинг ҳар бирининг тавсифи ва баҳолаш мезони эътиборга олинади.
Масалан, Самарқанд вилояти бўйича ўрганилган туманлар таснифига таяниб, улардаги туристик-рекреацион объектларни баҳолаш ишларини амалга оширамиз. Шу билан бирга, ҳудуднинг туристик-рекреацион салоҳиятини ҳамда туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш имкониятларини аниқлаймиз. Яъни, қайд этилган интеграл иқтисодий-жуғрофий ва ҳудудий мезонлар туристик-рекреацион хизмат кўрсатишнинг юзага келган ҳолатини объектив аниқлаш имконини беради.
Ҳеч шубҳасиз, туристик оқимларни кенгайтириш учун ҳудудий ресурслар, объектлар ва қулай шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда Каттақўрғон, Нуробод, Самарқанд, Ургут ва Тайлоқ туманларида туристик-рекреацион салоҳиятни юқори поғонага кўтариш имкониятларини юзага келтириш мумкин.
Зумрад УСМОНОВА,
мустақил изланувчи