Rivojlanish istiqbollari

Модернизация ва янги технологиялар – геология соҳаси тараққиётининг асосий омили

№ 3/2025

 
Модернизациянинг тарихий аҳамияти
 
     Геология ва тоғ-кон соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим стратегик ўрин эгаллайди. Ўтган асрнинг ўрталарида мутахассислар асосан механик ва кўп қувват талаб қила­диган ускуналардан фойдаланган, уларнинг иш унумдорлиги чекланган, хавфсизлик даражаси эса паст бўл­ган. Натижада иш жараёни кўп вақт талаб қилади, хавфсизлик талаблари етарли даражада таъминланмас эди. Айниқса, бурғилаш жараёнларида кўпинча техник носозликлар сабабли қудуқларда авариялар юз берган, геологик намуна олишда йўқотишлар катта бўлган.
     Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, иқтисодий тараққиёт­нинг асосий гарови – бу ишлаб чи­қариш жараёнларини узлуксиз янгилаб бориш, замонавий технология­ларни тадбиқ қилиш ва иш унумдорлигини оширишдан иборат. Шу нуқ­таи назардан сўнгги йилларда геология соҳасида амалга оширилаётган модернизация жараёнлари тарихий аҳамиятга эга бўлиб, мамлакат минерал-хом ашё базасини мустаҳкам­лашда асосий омилга ай­ланмоқда.
     Бугунги кунда «Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан қўлга кири­тилаётган замонавий бурғилаш ускуналари, рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган тизимлар илгари тасаввур қилиш қийин бўлган имкониятларни яратмоқда. Масалан, 2020 йилда бир ускуна ойига ўртача 450 метр чуқурликкача бурғилаш ишларини бажарган бўлса, ҳозирги пайтда замонавий ускуналар орқали бу кўрсаткич 2000 метрга етди. Бу фақат рақам эмас – балки геология соҳасидаги сифат ўзгаришларининг ёрқин ифодасидир.
     Модернизация жараёнлари фа­қат техник жиҳатдан эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам тарихий аҳамиятга эга. Чунки улар орқали нафақат корхонанинг рақо­батбардошлиги таъминланади, балки мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ҳам ҳисса қўшилади. Энг муҳими, геология соҳасидаги ҳар бир қадам келажак авлод учун стратегик захиралар яратиш, улардан оқилона фойдаланиш ва табиий бойликларни ас­раб-авайлаш билан узвий боғ­лиқдир.
 
Янги ускуналар – янги имкониятлар
 
     2021–2025 йиллар мобайнида жамият экспедицияларига Туркияда ишлаб чиқарилган замонавий, юқо­ри самарали бурғилаш ускуналари олиб кирилди. Масалан, 2021–2022 йилларда DBC Makina Sanayi ve Ticaret A.Ş. компаниясининг гидравликлаштирилган, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган ESD-9 ҳамда S-15, S-21 турдаги дизель ва электр қувватли ускуналари жорий этилди. Кейинчалик SONMAK RX-4 ва DBC S-21 ускуналари ҳамда элект­ровоз ва вагонлар ҳам сотиб олинди.
     Бу орқали бурғилаш ишларининг қуввати ва самарадорлиги кескин ошди. Масалан:
     Ер усти колонкали бурғилаш ишлари 2020 йилга нисбатан 35%га ўсиб, ҳар бир ускуна ойига 1300 метр кўрсаткичга эришди (2020 йил 450 пог.метрни ташкил қилган).
     Ер ости колонкали бурғилаш ишлари 30 фоизга ўсиб, ҳар бир ускуна ойига 500 метр (2020 йил 150 пог.метрни ташкил қилган)иш бажариш имкониятига эга бўлди.
     Замонавий реагентлар қўллани­ши орқали қийин қирқимли майдонларда ҳам намуна олиш самарадорлиги 100 фоизга етди.
     Бу ўзгаришлар нафақат иш сифатини оширди, балки хавфсизлик, иш жараёнларининг барқарорлиги ва вақт­нинг тежалишига ҳам хизмат қилди.
 
2025 йил режалари ва кўрсаткичлари
 
     Жорий йилда жамият тизимида жами 693,7 минг пог.метр бурғилаш ишлари режалаштирилган.
     Бундан ташқари, жамият тизимида ер ости тоғ-кон ишлари 6930 метр, ер усти тоғ-кон ишлари эса 303,1 минг куб метр миқдорда бажарилиши кўзда тутилган.
     Мазкур кўрсаткичлар бюджет маблағлари, «Олмалиқ КМК» ва «Навоий КМК» ҳамда шартнома асосида жалб этилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
 
Иқтисодий самара ва рақобатбардошлик
 
     Ҳар қандай модернизация жараёнининг асосий мақсади – ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, харажатларни қисқартириш ва маҳ­сулот ёки хизматларнинг рақобатбар­дошлигини таъминлашдан иборат. Геология соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. «Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган янгиланишлар на­тижасида иқтисодий самарадорлик кескин ошди.
     Аввало, замонавий бурғилаш ус­куналарининг жорий қилиниши қи­дирув ишларида харажатларни оптималлаштириш имконини берди. Бу эса нафақат иш унумдорлигини ошир­ди, балки хизматлар таннархини ҳам сезиларли даражада камайтириш имконини яратди.
     Иқтисодий самарадорликнинг яна бир муҳим жиҳати – вақт тежалиши. Илгариги ускуналарда режадан ташқари тўхташлар, эҳтиёт қисм­ларни кутиш ёки қудуқларда юзага келган аварияларни бартараф этиш кўп вақтни оладиган бўлса, ҳозирги замонавий станокларда бу каби ҳо­латлар кескин қисқарди. Натижада соф бурғилаш вақти 30 фоиздан 48,5 фоизгача ошди. Бу кўрсаткич халқа­ро стандартларга жавоб берадиган даражада юқори ҳисобланади.
     Шу билан бирга геология-қиди­рув ишларида самарадорликнинг ошиши компаниянинг халқаро майдондаги нуфузига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Бугунги кунда «Ўзбек геология қидирув» АЖ нафақат рес­публика ҳудудида, балки хорижий давлатларда ҳам халқаро тендерларда иштирок этиб, рақобатбардош хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса миллий геология соҳасини ташқи бозорга олиб чиқиш ва мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
     Қўшимча равишда айтиш мумкинки, модернизация жараёнлари орқали ишлаб чиқаришда энергия ва ресурслар тежалиши таъминлан­моқда. Масалан, ёқилғи-мой маҳсу­лотларидан оқилона фойдаланиш, технологик материалларни тежаш, геологик намуна олишда 100 фоиз натижага эришиш – барчаси иқтисодий самарадорликнинг асосий кўрсаткичларидир.
     Шундай қилиб, замонавий технологиялардан фойдаланиш фақат техник жиҳатдан эмас, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам улкан натижалар бер­моқда. Энг муҳими, бу жараёнлар орқали «Ўзбек геология қидирув» АЖ миллий ва халқаро миқёсда ра­қобатбардош компанияга айланиб бормоқда.
 
Рақамлаштириш – самарадорлик гарови
 
     Замонавий геология-қидирув ишларини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳар бир босқичига рақамлаш­тириш ва автоматлаштириш жараёнлари жорий этилмоқда. «Ўзбек геология қидирув» АЖ ҳам ушбу йўналишда илғор тажрибаларни ўз фаолиятига татбиқ этмоқда.
     Аввало, рақамли технологиялар иш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш имконини бер­моқда. Яъни экспедицияларда олиб борилаётган бурғилаш ишлари, ишчи кучидан фойдаланиш, техник ресурслар сарфи, ҳатто йўқотишлар ёки ортиқча харажатлар онлайн тарз­да кўрилмоқда. Бу жараёнлар фото ва видео лавҳалар билан ҳуж­жат­лаштирилиб, тезкор қарор қабул қилиш имконини яратмоқда.
     Иккинчидан, рақамлаштириш ор­қали технологик материаллар ва ёқилғи-мой маҳсулотларидан самарали фойдаланиш таъминланмоқда. Масалан, аввал иш жараёнларида йўқотишлар ёки самарасиз сарфлар кўп кузатилган бўлса, ҳозирги ра­қамли мониторинг тизимлари орқа­ли улар минимал даражага келти­рилди.
     Учинчидан, рақамли технология­лар ходимларнинг ишини автоматлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Дала шароитида ҳисобот тайёрлаш, маълумот тўплаш, геологик намуна ва қудуқ маълумотларини тизимга киритиш каби жараёнлар дастурий комплекслар ёрдамида ав­томатлаштирилди. Бу эса инсон омили таъсирини камайтиради ва иш жараёнларини аниқ, тезкор ҳамда ишончли қилиб беради.
     Шунингдек, рақамлаштириш жараёни хавфсизликни таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга. Замонавий датчиклар ва сенсорлар ёрдамида ускуналарнинг иш ҳолати, ер қаъри­даги босим ва ҳарорат кўрсаткич­лари, хавфли ҳолатлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш имкони яратилди. Натижада авариялар ва иш жараёнида тўхташ ҳолатлари сезиларли даражада камайди.
     Бундан ташқари рақамли технологиялар халқаро майдонда ҳам ра­қобатбардошликни таъминлайди. Чунки бугунги кунда тендер ва йирик халқаро шартномаларда иш жараёнларини рақамли кузатиш, ҳисобот­ларни электрон форматда тақдим этиш, аниқ ва онлайн маълумотлар тақдим қила олиш – энг муҳим талаб­лардан бирига айланди.
     Шу тариқа «Ўзбек геология қи­дирув» АЖ нафақат техник модернизация, балки рақамлаштириш жараёнлари орқали ҳам ўз фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу эса соҳанинг самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, инсон меҳнатини енгиллаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва геология-қидирув ишларини халқаро стандартларга мос равишда амалга ошириш имконини бермоқда.
 
«Ўзбекистон–2030» стратегиясидаги вазифалар ижроси
 
     Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган топши­риқлар доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамият «Навоийуран» ДК билан тузилган шартнома асосида «Жанубий Суграли» майдонида геотехнологик қудуқларни бурғилаш ва ўзлаштириш ишларини бошлади.
     Шу мақсадда Хитойнинг SPT-900SE маркали айланувчи роторга эга замонавий бурғилаш ускуналари сотиб олинди ва амалиётга жорий қилинди.
 
Кадрлар салоҳияти ва янги иш ўринлари
 
     Ҳар қандай модернизация, техника ва технологияларни янгилаш жараёнлари инсон омилисиз самара бермайди. Замонавий ускуналардан тўлиқ фойдаланиш, рақамли технологияларни тўғри йўлга қўйиш ва геология-қидирув ишларининг сифатини ошириш, аввало, юқори малакали кадрлар салоҳиятига боғлиқ.
 
 
Сергей ДЕРЯГИН, Бошқарув раиси ўринбосари, бош муҳандис
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.