- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz/uz -

ТУРКСОЙ: маданий анъаналардан – маданий алоқаларга

 
     Икки қитъа – Европа ва Осиёни қамраб олган улкан ҳудудда «туркий дунё» тушунчаси тобора катта аҳамият касб этмоқда. Умумий тарихий илдизларга, ўхшаш тил ва маданий анъаналарга эга халқлар маънавий, маданий ва иқтисодий томондан яқинлашишга интилмоқда. Айнан шунинг учун 1993 йилда Қозоғистон Президенти ташаббуси билан Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ташкил этилди. Унинг асосий мақсади – маданий алоқаларни мустаҳкамлаш. Аммо жуда тез вақтда ТУРКСОЙ аҳамияти ортиб, бугун унинг фаолияти туркий давлатлар иқтисо­диётига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
     Ушбу ташкилот фаолияти, туркий дунё маданий ва иқтисодий алоқалари истиқболлари ҳамда Қозо­ғистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида Қозоғис­тон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида БАЛАЕВА хоним билан суҳбатлашдек.
 
     – Аида Галимовна, маданият – деярли фарқ ва чегараларсиз улкан фаолият майдони бўлиб, унда турли ривожланиш даражаси ва миллий анъаналарга эга мамлакатлар ўзаро алоқалар орқали бир-бирини бойитади ва тўлдиради. ТУРКСОЙ мамлакатлари маданий ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари, ривожланишнинг асосий вазифа ва йўналишлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
     – Маълумки, ТУРКСОЙ 1993 йил 12 июлда Олмаотада ташкил этилган бўлиб, туркийзабон давлатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Ўзбекистон ва қатор минтақавий иштирокчиларни бирлаштиради. Бу ҳарбий-сиёсий ёки иқтисодий итти­фоқ эмас, балки фақат маданий ташкилот бўлиб, унинг мақсади халқаро фестиваллар, концертлар, кўргазмалар ва бошқа маданий тадбирларни ўтказиш орқали умумий тарихий-маданий меросни ривожлантириш ва оммалаштириш, илмий, бадиий ва маърифий адабиётларни нашр этиш ҳамда туркий тиллар ва анъаналарни асраш­га қаратилган бошқа лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
     Бугун ТУРКСОЙ халқаро маданий ва маърифий ало­қаларнинг етакчиси бўлиб, мамлакатларимизнинг турли маданий ҳамжамиятлари ўртасида дўстона алоқалар, маданиятлараро мулоқот ва ҳамфикрликни мустаҳкам­лашга ёрдам бермоқда. Аммо устуворлиги жиҳатидан энг асосий вазифа умумий тарихий меросни асраш ва ўрганишдир.
Албатта, бу жиҳатдан биз учун энг муҳим ҳамкор – Ўзбекистон, чунки бу қадимги маданият, бой тарих ва маънавий анъаналарга эга бўлган, Қозоғистон тарихи билан чамбарчас боғланган мамлакатдир.
     Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг ташқи сиёсий ташаббуслари туфайли ­ТУРКСОЙ доирасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди, у мазкур жараёнга мислсиз шиддат ва изчиллик бахш этди. Ғарбдаги ҳамкорлар ҳам буни эътиборсиз қолдир­мади. Биласизки, Германиянинг «Фан ва сиёсат жамғар­маси» илмий-таҳлилий маркази (SWP) Қозоғистонни «ўрта давлатлар» – яъни АҚШ, Хитой, Россия каби қуд­ратли бўлмаса-да, аммо жаҳон сиёсий ва иқтисодий майдонида муҳим ўринга эга мамлакатлар қаторига киритди. Яқин вақтгача бу рўйхатдан Туркия, Исроил ва Ҳиндистон жой олган эди. Қозоғистон унга биринчи марта киритилди.
     – Туркий давлатлар ташкилотининг 15 йиллик фаолияти давомида маданият соҳасида кўплаб ўзаро воқеа ва тадбирлар бўлиб ўтди. Фикрингизча, уларнинг қайсилари иштирокчи мамлакатлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга ҳамда Ташкилот фаолияти ривожланишига катта таъсир кўрсатди?
     – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи Ташкилот ҳаё­тида энг аҳамиятли воқеа бўлди, у нафақат иштирокчи мамлакатлар орасида, балки халқаро даражада – ЮНЕСКОда кенг нишонланди. 2023 йил декабрида Парижда, БМТнинг фан, маданият ва таълим масалалари учун масъул ташкилотининг бош саҳнасида етти мамлакат артистлари иштирокида катта концерт ташкил этилди. Икки соатлик дастур давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Турк­манистоннинг бой мусиқий мероси тақдим этилди. Фик­римча, бу Ташкилотнинг глобал мультимаданий жамиятда тинчлик ва тараққиётни мустаҳкамлашга қўшган кўп йиллик ҳиссаси эътирофидир.
Аммо ТУРКСОЙ юбилейи майдончаси фақат халқ анъаналари, ҳунармандчилиги, ўйинлари ва санъат усталари асарларини намойиш этиш учун хизмат қилди, деб ўйлаш хато. Туркий давлатлар ташкилотининг асосий вазифаси туркийлар ўз тарихий йўлини англашидир.
     2023 йилда Остонада «ТУРКСОЙ – 30 йил: якунлар ва истиқболлар» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Ташкилот фаолияти якунлари чиқарилди, «хатолар устида ишланди», кейинги ривожланиш истиқболлари белгиланди. Умуман бу аҳа­миятли воқеа олдидан ТУРКСОЙ кўп ишларни амалга оширди. Масалан, «Буюк дашт руҳи» сайёр кўргазмалари ташкил этилиб, Анқара ва Бурса шаҳарларида Ўзбекистон давлат санъат музейининг мусиқий жамланмасидаги илгари номаълум рассомлик санъати асарлари намойиш этилди. 2019 йилда Ўзбекистон давлат санъат музейида ва Анқарадаги Анатолия тамаддунлари музейида Қозоғистон Миллий музейи жамланмасидаги «Буюк Дашт: тарих ва маданият» асарлари кўргазмаси ўтказилди. 2022 йилда Анқарада ТУРКСОЙ Миллий музейлари бирлашмасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилиши эса музейлараро алоқа­ларни мустаҳкамлаш учун асос яратди. Шу туфайли Қозоғистон Респуб­ликаси Миллий музейи ушбу Бирлашма тадбирларида ҳар йили қатнашиб, музейлараро ҳамкор­ликни ривожлантириш устида ишла­моқда, жумладан, каталоглар нашр этиш, кўргазмалар ўтказиш, илмий лойиҳа­ларни амалга ошириш билан шуғулланмоқда.
     – ТУРКСОЙнинг охирги саммитларида қандай долзарб масалалар муҳокама қи­линди? Қандай вазифалар ҳал этилди?
     – ТУРКСОЙ фаолиятидаги асосий масала ва устувор жиҳат – туркий халқларнинг умумий моддий ва маданий қадриятларини асраш, ривожлантириш ва келгуси авлодларга қолдириш учун туркий халқлар ўртасидаги ҳам­корликдир. Бу Халқаро туркий маданият ташкилоти фаолиятининг асосий йўнали­шидир.
     2022 йил ноябрида «Бурса – Туркий дунё – 2022 маданий пойтахти» йилининг ёпилиш маросими доирасида ТУРКСОЙ маданият вазирлари доимий Кенгашининг 39-мажлиси бўлиб ўтди. Белгиланган режага туркийзабон давлатларнинг буюк артистлари ва маданият арбоб­лари номларини тиклашга имкон яратган тадбирлар киритилди. Кейинги йилларда юбилей илмий-амалий анжуманлари, фестиваллар ва кўргазмалар ўтказилди. Репертуар турли-туман эди: Марказий Осиё мамлакатлари Халқаро театр фестивалидан туркий гиламлар кўргазмасигача қамраб олинди.
     Шунингдек, «Туркий маданият биенналеси» халқаро анжумани доирасида «Қултегин ва унинг даври» номли қадимги туркий ёзувларни ўрганиш бўйича Халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Анжуман етакчи хал­қаро археологлар, этнограф ва тилшуносларни бир ерга жамлади, уларнинг аксарияти илк марта туркий халқ­лар тарихига оид ўз фикрини билдирди.
     Умумий фольклор меросини оммалаштириш мақсадида Туркий эпос этнография фестивалини ўтказдик. Унинг ноёблиги шундаки, бахшилар тарихий ривоятлар, қаҳрамонона достон ва эпослар, ижтимоий-маиший асарларни турли туркий халқлар анъаналарига мос равишда, улар қадим ўтмишда қандай бўлса, шундай ҳо­лича ўқиш санъатини намойиш этди.
     Шунингдек, ТУРКСОЙ тадбирлари доирасида миллий спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларни ташкил этишга доир таклифлар ишлаб чиқилди. Бу жуда муҳим, чунки кўкпар, курес (кураш) ва бошқа беллашув турлари Европа классик олимпия турларидан сезиларли фарқ қилади ва уларни ўтказиш учун бирмунча бошқача қои­далар қўлланади. 2024 йилда Остонада бешинчи Кўчманчилар бутунжаҳон ўйинларини ўтказиш чоғида буни ҳисобга олдик.
     Бундан ташқари ТУРКСОЙ ёрдамида маданий мерос объектларини кейинги ўрганишга қаратилган қатор масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлдик. Масалан, қа­димги Сарайшик шаҳрини тиклаш мақсадида туркий мамлакатлар археологлари иштирокида илмий сафар уюштириш ҳақида келишиб олдик. ТУРКСОЙ маданий ҳаётга татбиқ этган ҳамда мунтазам такомиллашиб, янгиланиб бораётган яна бир анъана – «Туркий дунё маданий пойтахти» дастуридир. Белгиланган тартибга кўра ҳар йили Ташкилотга аъзо давлатларнинг бирида маданий пойтахт номига талабгор шаҳар тайинланади. Одатда, бу бой тарих ва археология объектларига эга шаҳардир. 2025 йилда Ақтау шундай шаҳар этиб танлангани сизга маълум. Турли йилларда Туркий дунё пойтахтлари этиб Остона, Эскише­ҳир, Қозон, Марв, Туркистон, Хива, Бурса ва бошқалар танланган эди. Бу йил Ақтауга маданий пойтахт мақоми берилди.
     5 апрелда Манғистау вилоятида бу во­қеага бағиш­ланган тантаналар бўлиб ўтди. Каспий денгизи соҳилида жаҳон эстрадаси юлдузлари, ўзбекистонлик ва бошқа мамла­катлар артистлари чиқишлари, номдор ҳу­нар­мандлардан маҳорат сабоқлари, дронлар томошаси ўтказилди. Бу тадбирларда ўн минг­лаб одамлар ҳозир бўлди. Жаҳон мега-юлдузи Димаш Кудайберген, озарбайжонлик юлдуз Роза Зергерли, ўзбекистонлик машҳур хонанда Юлдуз Усмонова ва таниқли эстрада қўшиқчиси Kalifarniya саҳнага кўтарилди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ва хорижий давлатлардан махсус меҳмонлар таклиф этилди.
     Қозоғистон Президенти байрам мурожаатида таъ­кидлаганидек, Ақтауга туркий дунё маданий пойтахти мақоми берилиши нафақат мамлакатимиз, балки барча қардош туркий давлатлар учун муҳим воқеадир. Унинг фикрича, тарих ва анъаналари узвий боғлиқ бўлган халқлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш умумий вазифамиздир.
     Тарихий Манғистау ўлкаси, Устюрт минтақаси туркий тамаддуннинг ажралмас қисмидир. Бу муқаддас замин халқимиз ва бутун туркий дунёнинг кўп асрлик маънавий меросини ўзида сақлайди.
     Асосий вазифа – туркий дунёни XXI асрнинг муҳим иқтисодий ва маданий маконига айлантириш. Амалда қардош мамлакатлар раҳбарлари туркийзабон жамият бирлигини таъкидламоқда. Манғистаудаги учрашув ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Манғистау – Буюк ипак йўлининг бир тармоғи. Қадим замонларда савдогар ва денгизчилар карвон йўлларида нафақат моллар ташиган, балки маданият ва тамаддун намуналарини тарқатган. Замонавий Манғистау денгиз ва қуруқликда ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ярмиси билан чегарадош эканлигини инобатга олсак, у логистика ва туризм соҳасида катта салоҳиятга эга. Лойиҳа келгуси самарали ҳамкорликни давом эттириб, туркий давлатлар муносабатларини янада мустаҳкамлайди, деган умиддамиз.
     Ақтау туркий дунё маданий пойтахти мақомига эришган йил доирасида ноябрь охирига қадар 30 дан ортиқ халқаро маданий ва ижодий лойиҳалар амалга оширилади. Илмий анжуманлар, кўргазма ва танловлар ўтказиш ҳам режаланган.
     – Туркийзабон халқларнинг маданий мероси ва маънавий-тарихий қадриятларини асраш ва кўпайтириш – Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятининг муҳим қирраси. Фикрингизча, қардош давлатлар илгари сурган қандай ташаббуслар халқларни янада яқинлаштиради, Туркий дунё маданий ­мероси ва ютуқларининг кенг тарқалишига ёрдам беради?
 
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин. [1]