uz

Ўзбекистонда миллий ҳисоблар тизими кўрсаткичларини халқаро услубиётларга мувофиқлаштириш масалалари

5-6/2022

     Мамлакатда содир бўлаётган ижтимой-иқтисодий ҳодисаларни статистик кўрсаткичларда тўлиқ ва тўғри акс эттирилиши олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасини чуқур таҳлил қилиш, шунингдек, берилаётган имтиёзлар, киритилаётган инвестициялар самарадорлигини тўғри баҳолаш ҳамда улар асосида холис қарорларни қабул қи­лиш, самарали режалар ва дастур­ларни ишлаб чиқиш имконини беради. Мазкур ҳолат миллий ҳисоблар кўрсаткичларини халқаро услубиёт­ларга мувофиқлаштиришнинг нечоғ­лик долзарб масала эканлигини кўрсатади.
     Миллий ҳисоблар тизими (МҲТ) иқтисодий фаолият натижаларини ифодаловчи ҳисоблар ва жадвалларнинг муайян тўплами шаклида тузил­ган, ўзаро боғлиқ статистик кўрсаткичлар тизимини ўзида акс эттирадиган халқаро услубиёт бўлиб, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти­нинг барча жабҳаларини ўрганишга хизмат қилади.
     МҲТ назарий асосларининг вужудга келиши ҳамда ривожланиши кўп йиллик тарихга эга бўлиб, хал­қаро миқёсда тан олинган биринчи МҲТ халқаро стандарти «МҲТ-1953» ҳисобланади. Мазкур қўлланма 1968, 1993 ва 2008 йилларда янгиланиб, янада такомиллаштирилди.
     «МҲТ-1968»нинг ишлаб чиқили­ши миллий ҳисобчиликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Ушбу стандарт тамойиллари асосида БМТ миллий ҳисоблар бўйича йиллик статистик тўплам чоп этишни йўлга қўй­ди ҳамда кўплаб давлатлар «МҲТ-1968»ни миллий статистика амалиё­тига жорий қилиш ишларини амалга оширишди.
     1970 йили Европа ҳамжамияти МҲТнинг европача вариантини ишлаб чиқди. Халқаро ташкилотлар ва олимларнинг тинимсиз изланишлари натижасида «МҲТ-1993» халқаро стандарти ишлаб чиқилди ва БМТ то­монидан қабул қилинди. Ушбу стан­дартнинг ишлаб чиқилишида Р.Стоун, В.Леонтьев, П.Хилла, Ж.Хикс, Нанси Раглс, Роберт Айзнерларнинг ҳиссалари беқиёс. Мазкур стандарт­да иқтисодий статистиканинг турли бўлимлари ўртасидаги уйғунликка ҳам эътибор қаратилиб, бунда миллий ҳисоблардаги ташқи дунё ҳисоби тўлов баланси билан мувофиқ бўлиши таъкидланган. Шунингдек, «МҲТ-1993»да геология-қидирув ишларига харажатлар, дастурий таъминот, бадиий ва адабий ишланмалар асосий капиталнинг жамғарилиши сифатида талқин этилган. Бундан таш­қари ушбу стандартда соф қиймат­ликларни ҳисобга олиш услубиёти ишлаб чиқилган.
     «МҲТ-2008» халқаро стандарти 2009 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Статистика комиссиясининг 40-сессиясида қабул қили­ниб, ушбу қўлланмада бир қатор му­ҳим иқтисодий жараёнларни статис­тик кўрсаткичларда ифодалаш услубиёти такомиллаштирилган. Ушбу стандартда МҲТнинг асосий концепциялари сақланган бўлиб, иқтисоди­ётнинг муҳим аспектларини ўзида акс эттирувчи ЯИМ ва миллий даромаднинг муҳим компонентлари бўйича тарифлар ва таснифлар янгиланди. Мазкур ўзгаришлар молиявий инструментлар, марказий банк фаолияти, илмий тадқиқотларга харажатлар, ҳарбий харажатлар, молиявий ва номолиявий активлар тас­нифи билан операцияларни ўз ичига олади. Ушбу стандарт «Тўлов баланси (6 таҳ)», Истеъмол ва ишлаб чиқарувчи нархлари индекси бўйича халқаро қўлланма, Давлат молияси статистикаси халқаро қўлланмаси ва бошқа статистика соҳасидаги халқа­ро стандартлар ва қўлланмалар билан муво­фиқликда ишлаб чиқилган.
 
Дунёда МҲТнинг жорий этилиши ҳолати
 
     Ҳозирда ривожланган давлатларнинг аксарияти миллий ҳисоблар кўрсаткичларини БМТ ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг
     «МҲТ-2008» халқаро стандарти қоидаларига мувофиқ шакллантир­моқда. ХВЖнинг маълумотларига кўра, унга аъзо бўлган 193 та мамлакатдан 1 таси «МҲТ-1968», 56 таси «МҲТ-1993», 136 таси «МҲТ-2008» хал­қаро стандарти қоидалари асосида миллий ҳисоблар кўрсаткичларини шакллантириб келмоқдалар (1-расм).
     Мустақил давлатлар ҳамдўстли­гига аъзо давлатларнинг 5 таси «МҲТ-1993», 6 таси «МҲТ-2008» халқаро стандарти қоидалари асосида миллий ҳисоблар кўрсаткичларини шакл­лантиради (1-жадвал).
 
Ўзбекистонда МҲТ халқаро услубиётини жорий этиш жараёнлари
 
     Ўзбекистон миллий статистика амалиётига МҲТ халқаро услубиётини жорий қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси­нинг 1994 йилдаги 433-сонли қаро­рига асосан бошланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сонли фармони, 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4273-сонли қарори ҳамда 2020 йил 3 августдаги ПҚ–4796-сонли қарори МҲТни статистика амалиётига кенг жорий қилишни янада жадаллаштиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
     2017-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида­ги Статистика агентлиги томонидан миллий ҳисоблар кўрсаткичларини ҳисоблаш услубиётлари «МҲТ-2008» халқаро услубиёти қоидаларига му­вофиқлаштирилди ва шу асосда қу­йидаги ишлар амалга оширилди.
     МҲТ, давлат молияси статистикаси ва тўлов баланси кўрсаткичлари ўзаро мувофиқлаштирилди. Бунда ЯИМ ҳисоб-китобларини давлат молияси статистикаси ва тўлов баланси маълумотларига мувофиқ равишда амалга ошириш ва Қўмита­нинг расмий веб-сайтида эълон қи­либ бориш йўлга қўйилди. Ушбу ҳи­соб-китоблар асосида ЯИМ ва у би­лан боғлиқ мак­роиқтисодий кўрсаткичларнинг 2010 йилдан йиллик ва 2017 йилдан чораклик динамик қа­торлари шакллантирилиб, эълон қи­линди.
     ЯИМни дискрет чораклар асосида ҳисоблаш тажрибасини жорий этиш орқали чораклик миллий ҳи­соблар такомиллаштирилди. Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 8 февралдаги «Тармоқлар кесимида иқтисодий статистика кўрсаткичларини дискрет даврлар бўйича ҳисоб­лаш тажрибасини амалиётга жорий этиш тўғрисида»ги 2-сонли қарори қабул қилинди. Дискрет чоракларга асосланган ЯИМ ҳисоб-китобларини амалиётга жорий этиш орқали чораклик миллий ҳисобларни такомиллаштириш мақсадида «Иқтисодий статистика кўрсаткичларини дискрет чораклар асосида шакллантириш тартиби» ишлаб чиқилди ва Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 31 мартдаги 9-сонли қарори билан тас­диқланди.
     Ушбу услубий низом асосида иқтисодий фаолият турлари кесимида ЯИМнинг дискрет чораклар бўйича ҳисоб-китоблари амалга оширилди, 2017 йилдан динамик қаторлар шакл­лантирилди ва Статистика агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
     «Ресурслар ва ишлатилиш» жад­валларини тузиш тажрибаси такомиллаштирилди. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркибини ўрганиш мақсадида 23 турдаги саволномалар ишлаб чи­қилди ҳамда 2020 йилнинг май-август ойларида республиканинг барча ҳудудларида жами 31 961 та хўжалик юритувчи субъектлар (номолиявий корхоналар, банклар ва су­ғурта ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар в.б.)ни қам­раб олган ҳолда танланма кузатувлар ўтказилди.
     Кузатувга кўра аниқланган «Харажатлар-ишлаб чиқариш»нинг янгиланган коэффициентлари асосида 2019-2020 йиллар учун «Ресурслар ва ишлатилиш» жадваллари шакллантирилди ва фойдаланувчиларга тақдим этилди.
     2020-2021 йиллар давомида ХВЖ ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг миллий ҳисоблар статистикаси бўйича техник кўмак миссиялари доирасида «Ресурслар ва ишлатилиш» жадвалларини тузиш тажрибаси такомиллаштирилди ҳамда бунинг натижасида мазкур жадваллар амалдаги 81 та тармоқ ва 81 та маҳсулот­лар кесимидан 143 та тармоқ ва 143 та маҳсулотлар кесимига етказилди.
     Халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда «Ресурслар ва ишлатилиш» жадвалларини тузиш амалиётини та­комиллаштириш мақсадида «Товарлар ва хизматлар ресурслари ва ишлатилиши жадвалларини тузиш бўйича услубий низом» ишлаб чи­қилди ҳамда Давлат статистика қўмита­сининг 2021 йил 16 декабрдаги 56-сонли қарори билан тасдиқланди.
     Статистик кўрсаткичлар ҳисоб-китобларига халқаро таснифлагич­лар жорий этилди. ЯИМни Якуний истеъмол усулида ҳисоблашда давлат бошқаруви органларининг якуний истеъмол харажатлари «Давлат бошқаруви органлари функцияларининг таснифи» бўйича шакллантирилди. Якуний истеъмол усулида ҳи­собланадиган ЯИМ таркибида уй хў­жаликларининг якуний истеъмол харажатлари кўрсаткичи «Мақсадлар бўйича индивидуал истеъмол таснифи» асосида шакллантирилди.
     Капитал билан операциялар ҳи­соби «Асосий фондлар таснифлаги­чи»ни жорий қилиш орқали такомиллаштирилди.      Активларни турлари бўйича таснифлаш йўлга қў­йилди.
     Уй-жой эгалари томонидан ўз истеъмоли учун ишлаб чиқарилган яшаш хизматларини баҳолаш «МҲТ-2008» халқаро услубиётига мослаштирилди. Уй-жой эгалари томонидан ўз истеъмоли учун ишлаб чиқа­рилган яшаш хизматларини ба­ҳолаш бўйича Услубий низом ишлаб чи­қилди ва Давлат статистика қў­мита­сининг 2020 йил 29 августдаги 31-сонли қарори билан тасдиқланди. Ўз уйида яшаш бўйича шартли хизматларни баҳолаш ва ушбу хизматларни ЯИМ ҳисоб-китобларида акс эттириш йўлга қўйилди.
     Ўз уйида яшаш бўйича шартли хизматларни қўшган ҳолда ЯИМ ва у билан боғлиқ макроиқтисодий кўрсаткичлар қайта ҳисобланди.
     2-жадвалдан кўриш мумкинки, ўз уйида яшаш бўйича шартли хизматларни баҳолаш услубиётининг ўзгариши Ўзбекистонда ЯИМ ҳажмининг 2016-2020 йилларда 3,8 % дан 5,3 % гача ошишига олиб келди.
     2-расм маълумотлари шуни кўрсатадики, ўз уйида яшаш бўйича шартли хизматларни баҳолаш услубиётининг ўзгариши 2016-2020 йилларда ЯИМ ўсиш суръатининг 0,1-0,2 % га камайишига сабаб бўлди.
     Ўзбекистонда рақамли иқтисо­диётнинг ривожланишини баҳолов­чи статистик кўрсаткичлар тизими ишлаб чиқилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасининг «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисо­диёт статистикасини юритиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат йиғма кўрсаткичлар тизимини жорий этиш тўғ­рисида»ги қўшма қарори имзоланди. Ушбу қарор билан «Ахборот иқтисо­диёти ва электрон тижорат» йиғма кўр­саткичи ҳамда унинг таркибига кирувчи фаолият турлари рўйхати тасдиқланди. «Ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат соҳаси бўйича ялпи қўшилган қиймат ҳажмини ҳи­соблаш тартиби» ишлаб чиқилиб, Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 31 майдаги 16-сонли қаро­ри билан тасдиқланди ҳамда амалиётга жорий этилди.
 
Ўзбекистонда молиявий воситачилик хизматлари ҳисоб-китоблари «МҲТ-2008» халқаро услубиётига мувофиқлаштирилди
 
     Ушбу жараёнларнинг якуний бос­қичи сифатида молиявий воситачилик хизматлари ҳисоб-китоблари «МҲТ-2008» халқаро услубиёти талаблари асосида ХВЖ ва ОТБ экс­пертларининг тавсияларига мувофиқ Давлат статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган «Билвосита ўлчанадиган молиявий воситачилик хизматлари ишлаб чиқаришини ҳи­соблаш бўйича услубий низом» асосида 2017-2022 йиллар учун амалга оширилди.
     Молиявий воситачилик хизматлари ҳажми «МҲТ-1993» услубиёти бўйича молиявий воситачилар томонидан олинган ва улар томонидан тўланган фоизлар ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланган ҳамда шартли тармоқнинг оралиқ истеъмоли сифатида бошқа хизматларга қўшган ҳолда қуйидаги формула асосида акс эттирилган.
 
Q = L – D, (1)
 
     Бу ерда, L – кредитлар фоизли даромадларидан тушум; D – депозитлар учун фоизли тўлов.
     «МҲТ-2008» услубиёти бўйича эса молиявий воситачилик хизматлари ҳажми кредит (депозит)ларнинг фоиз ставкалари ва базис ставкаси (кредитлар ва депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси) ўртасидаги фарқни ҳисобот давридаги кредит (депозит)ларнинг ўртача қолдиғига кўпайтириш орқали қуйидаги формула асосида институционал секторлар кесимида ҳисобланди.
 
Q = (rL – rr) × yL + (rr – rD) × yD, (2)
 
     Бу ерда, yL – ҳисобот даврига кредитларнинг ўртача қолдиғи; yD – ҳи­собот даврига депозитларнинг ўртача қолдиғи; rL – кредитлар бўйича фоиз ставкаси; rD – депозитлар бўйича фоиз ставкаси; rr – базис ставкаси.
     Мазкур услубиёт бўйича молиявий воситачилик хизматлари ҳажми иқтисодий фаолият турларининг оралиқ истеъмоли ҳамда уй хўжаликларининг якуний истеъмолига тақсимланди.
     3-жадвал маълумотларидан кў­риш мумкин, молиявий воситачилик хизматлари ҳажмининг такомиллаш­тирилган услубиётининг жорий этилиши натижасида ЯИМ ҳажми 2018-2021 йилларда 0,5-0,6 % га ошди (2-жадвал). Бу ҳолат МҲТ-2008 асосида баҳоланган молиявий воситачилик хизматлари ҳажмининг МҲТ-1993 асосида баҳоланган молиявий воситачилик хизматлари ҳажмига нисбатан камайганлиги билан изоҳ­ланади.
     3-расмда молиявий воситачилик хизматлари ҳажмининг такомиллаш­тирилган услубиётининг ЯИМ ўсиш суръатларига таъсири акс эттирил­ган. Жорий этилиши натижасида 2021 йил учун номинал ЯИМ ҳажми 734,9 ­трлн. сўмдан 738,4 трлн. сўмга ошди ва ЯИМнинг реал ўсиш суръати ўзгармади.
     Ўзбекистонда МҲТни такомиллаштириш бўйича олдинда турган биринчи даражали вазифалар
     Ўзбекистон статистика соҳасида МҲТни такомиллаштириш бўйича келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар қуйидагилар­дан иборат:
     ● ЯИМни доимий нархларда ҳи­соблаш услубиётини янада такомиллаштириш (базис йилининг ўртача нархларида ҳисоблаш ва икки ёқ­лама дефляция қилиш усулини жорий қилиш);
     ● «Харажатлар ва ишлаб чиқа­риш» жадвалларини доимий нархларда баҳолаш амалиётини жорий этиш;
     ● Халқаро таққослаш дастурининг навбатдаги глобал босқичида иштирок этиш;
     ● Кузатилмайдиган иқтисодиётни баҳолаш амалиётини халқаро тав­сиялар асосида такомиллаштириш;
     ● МҲТ соҳасида кадрлар сало­ҳиятини янада ошириб бориш.
     Қайд этилган асосий йўналишлар бўйича тизимли ишларни йўлга қў­йиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, қўйилган вазифаларни тўлиқ бажариш натижасида МҲТ кўрсаткичларининг сифати яхшиланиши ва шаффофлиги ошишига эришилади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз миллий иқтисодиётини янада кенг­роқ тавсифлаш, макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисоб-китобларини халқаро услубиётга мувофиқлашти­риш орқали статистик кўрсаткичларнинг халқаро таққослаш даражасини ошириш, макроиқтисодий таҳлилни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётини акс эттирувчи кўрсаткичларнинг хорижий инвесторларга янада тушунарли бўлиши ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини, халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш каби ижобий натижаларга эришиш имконини ­яратади.
 
 
Баходир БЕГАЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президетни ҳузуридаги Статистика агентлиги директори, и.ф.д., профессор
Аброрали МАМАДЖАНОВ,
Статистика агентлиги бошқарма бошлиғи, И.ф.ф.д. (PhD)

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.