Ilmiy yondashuv

Ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солишни такомиллаштириш

5-6/2022

     Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ­ни ҳисоб­лаб чиқиш ва тўлаш тартиби белгиланган. Кодексга муво­фиқ Ўзбекистон Республикаси ҳуду­дида ер қаъ­ридан фойдали қазилма­ларни қазиб олишни ва техноген минерал ҳосила­лардан фойдали қа­зилмаларни ажратиб олишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахс­лар ер қаъри­дан фойдаланганлик учун со­лиқ тўловчилари, деб эътироф этилади.
     Қонунчиликдаги шартларга риоя этган ҳолда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар қиммат­баҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширишга тааллуқли қисм бўйича солиқ тўловчилар бўлмайди, яъни шу қисмга кирувчилар солиқ тўловчи бўлиб ҳисобланмайди.
     2021 йил 6 октябрдаги «Геология-қидирув ишларини янада рағбатлан­тириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6319-сонли фармони ва Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар ер қаъридан фойдаланувчи компанияларга солиқ солиш қоидаларини сезиларли ўзгаришига сабаб бўлди. Фармонда чет эл инвес­тицияларини кенг жалб қилган ҳол­да фойдали қазилма конларини саноат усулида ўзлаштириш, замонавий усуллар ва технологиялар ёрдамида геология-қидирув ишларини рағбатлантириш ҳамда ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш назарда тутилган.
Илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг камайтирилиши ишлаб чиқариш кор­хоналарининг ривожланишида улкан аҳамият касб этади.
     Ушбу фармон ва Солиқ кодексига киритилган янги ўзгаришлар энг кўп инвестициялар талаб қиладиган фойдали қазилмалар турлари бўйича ставкаларни сезиларли даражада камайтирди. Масалан, газ бўйича со­лиқ ставкалари 30 фоиздан 10 фоизга, нефть – 20 фоиздан 10 фоизга, олтин ва мис – 30 фоизга, уран бўйича – 20 фоизга камайтирилди. Бу ер қаъридан фойдаланувчининг оши­рилган чиқимларни талаб қила­диган фойдали қазилмаларни қазиб олиш имкониятига эга бўлиши учун амалга оширилди. Юқори солиқ ставкаларида ер қаъридан фойдаланувчи ўз харажатларини оқлаш учун табиий ресурсларни фақат таркибида юқори даражада фойдали қазил­малар бўлганда ишлатишга ҳаракат қилади. Ставкаларнинг камайтирилиши самараси камроқ бўлган конларнинг рентабеллигини оширади. Шунингдек, ушбу ставкалар бошқа мамлакатларда белгиланган ставкалар билан рақобатлашиш имконини беради.
     Жумладан, ер қаъридан фойдаланганлик учун қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш) солиқ ставкалари Россияда 6 фоизни, Бразилияда 1,5, Мексикада 7,5, Аргентинада 8, Қозо­ғистонда 5 ва Танзанияда 7 фоиз бўлса, Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари қимматбаҳо металлар учун 7 фоиз белгиланди («Навоий КМК» АЖ ва «Олмалиқ КМК» АЖ учун ер қаъри­дан фойдаланганлик учун ставкалари алоҳида қилиб белгиланган).
     Солиқ кодексининг 451-моддасига асосан қазиб олинган табиий газ ёки нефтни қайта ишлайдиган солиқ тўловчилар учун «netback» механизми жорий этилган. Халқаро амалиётда «Netback» механизми кенг қўлла­нилади, у нархнинг етказиб бериш занжирининг аниқ нуқтасида ташиш ва қайта ишлаш чиқимларини айирган ҳолда маҳсулотнинг якуний қий­матидан «тескари ҳисоблаш» асосида аниқланишидан иборат. Унга кўра кўрсатилган солиқ тўловчилар қазиб олинган ва ишлаб чиқарилган маҳсу­лотларни бирламчи қайта ишлаш ва ташиш харажатларини ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган базадан чегириб қолиш ҳуқу­қига эга. Шу билан бирга чегириб ташланадиган харажатларнинг асос­лилигини назорат қилиш учун ваколатли орган назарда тутилмаган. Ер қаъридан фойдаланганлик учун со­лиқ солинадиган базани белгилаш учун «netback» механизми бўйича чегириб ташланадиган харажатлар миқдори углеводородларни ва қим­матбаҳо металларни сотиш суммаси­нинг 3 фоизидан ошмаслигини белгилаш лозим. Таклиф этилаётган тартибни қабул қилиш табиий ресурслардан ва ер ости бойликларидан оқилона фойдаланишни таъминлайди, шунингдек, ер ости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан солиққа тортиш мақсадида харажатларни асоссиз ошириб юбориш ҳо­латларининг олдини олади. Газ конденсатига «netback» механизми ҳу­қуқининг кенгайиши бир-бирини тўлдирувчи минераллар бўлган газ ва газ конденсатининг технологик параметрларининг ўхшашлиги туфайли юзага келади. Халқаро амалиёт газ ва газ конденсатига солиқ солишнинг ягона механизмини назарда тутади.
     Солиқ кодексига кўра қиммат­баҳо, рангли ва радиоактив металларни, шунингдек, нодир ер элемент­ларини қазиб олишда солиқ базаси ушбу фойдали қазилмаларни реализация қилишнинг ўртача олинган нархидан келиб чиқиб, уларга ишлов бериш (уларни бойитиш), уларни қайта ишлаш ва (ёки) транспортда ташиш харажатлари чегириб ташланган ҳолда аниқланади.
     Фойдали қазилмаларнинг айрим турларига нисбатан солиқ базасини аниқлашнинг ўз хусусиятлари мавжуд. Масалан, олтин, кумуш, платина, палладий, мис, рух, қўрғошин ва молибден бўйича солиқ базаси руда, концентрат ва қайта ишлашнинг якуний маҳсулоти таркибидаги ҳар бир металлга нисбатан аниқланади.
     Солиқ кодексида «Металларнинг айрим турларини қазиб олиш чоғида солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари» белгиланган бўлиб, бунда олтин ва мисни реализация қилиш чоғида – қазиб олинган металлнинг қиймати, ушбу қиймат руда, концентрат ва қайта ишлашнинг якуний маҳсулоти таркибида мавжуд бўлган металл ҳажмига нисбатан қўлланиладиган солиқ даври учун ўртача арифметик биржа баҳо­си ва ўртача олинган реализация қилиш баҳоси ўртасида олинган юқорироқ нарх бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, унга ишлов бериш, уни қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари чегириб ташланмайди. Бунда солиқ тўловчи олтин ва мис бўйича солиқ базасини ушбу харажатларни чегириб ташлаган ҳолда белгилашга ҳақли, деб кўрсатилган.
     Амалда ушбу солиқни бундай тартибда ҳисоблаш механизми солиқ тўловчиларга ноқулайликлар яратиш билан бир вақтда йил давомида ҳар хил тартибда солиқни ҳисоблашни тақозо этади. Шунингдек, ер қаъри­дан фойдаланганлик учун солиқ ҳи­соботида олтин миқдори ўлчов бирлиги килограммда, кумуш тоннада, палладий килограммда, техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олинган фойдали қазилмалар миқ­дори ўлчов бирлиги тоннада юритилиши белгиланган.
     Солиқ кодексининг 451-1 моддасига қуйидаги мазмунда ўзгартириш киритиш таклиф этамиз: «олтин ва мисни реализация қилиш чоғида – қазиб олинган (ажратиб олинган) металлнинг қиймати, ушбу қиймат руда, концентрат ва қайта ишлашнинг якуний маҳсулоти таркибида мавжуд бўлган металл ҳажмига нисбатан қўлланиладиган солиқ (ҳисо­бот) даври учун ўртача олинган реа­лизация қилиш баҳоси бўйича ҳи­соб-китоб қилиниб, унга ишлов бериш, уни қайта ишлаш ва транспорт­да ташиш харажатлари чегириб ташланмайди. Бунда солиқ тўловчи олтин ва мис бўйича солиқ базасини ушбу харажатларни чегириб ташлаган ҳол­да белгилашга ҳақли».
     Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ўртача олинган реализация қилиш баҳоси бўйича ҳисоб-китоб қилиш механизми солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш билан бир вақтда, ҳисоботларни юритишда но­аниқликлар ва хато-камчиликларга йўл қўйилишини ва натижада солиқ тўловчиларга нисбатан молиявий (маъмурий) жарималар қўлланили­шининг олди олинади.
     Шунингдек, солиқ ҳисоботларида фойдали қазилмалар (олтин, кумуш, палладий) миқдорининг бир хил ўлчов бирлиги (грамм)да юритилиши барча ҳисоботлар (бухгалтерия, молиявий, статистик ҳисоботлар)ни шакллантиришда, уларни таҳлил қи­лишда қулайлик яратади.
     Солиқ тўловчилар солиқни Кодекснинг тегишли моддаларига му­вофиқ аниқланган солиқ базасидан ва тегишли солиқ ставкасидан келиб чиқиб, мустақил равишда ҳисоб­лайди. Фойдали қазилмаларнинг алоҳида турлари бўйича солиқ суммаси солиқ базасидан ва белгиланган солиқ ставкасидан, лекин белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаган ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
     Кодекснинг 454-моддасида «Со­лиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳи­соботларини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби» га мувофиқ солиқ тўловчилар томонидан солиқ ҳисо­боти ҳар бир ҳисобот ва солиқ даври тугагандан кейин солиқ ҳисобида турган жойдаги, норуда қурилиш материаллари бўйича эса – қазиб олиш амалга оширилган жойдаги солиқ органларига юридик шахслар томонидан – солиқ даври бошланганидан эътиборан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот давридан ке­йинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай, жисмоний шахслар томонидан – йилда бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай тақдим этилади, шунингдек, солиқни тўлаш юридик шахслар томонидан – ҳар ойда ке­йинги ойнинг 20 санасидан кечиктирмай амалга оширилади, дейилган.
     Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича ҳисоботларни тақдим этиш муддатини 20 санадан 15 санага ўзгартириш таклиф эти­лади.
     Юқорида берилган таклифларимиз амалиётга татбиқ этилса, хусусан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатининг ўзгартирилиши солиқнинг бюджетга белгиланган муддатда ва бир маромда тушумини таъминлабгина қолмай, давлат бюджети харажатларини ўз вақтида молиялаштириш имконини ҳам яра­тади.
 
 
Нурмат ДЖУЛИБЕКОВ,
«Навоий КМК» АЖ Маъмурий масалалар бўйича директори, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.