Tarmoq rivojlanishi

Ички туризм ривожига юксак эътибор

5-6/2022

     Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ўсиши ва аҳоли фаровон ҳаёт кечиришини бир неча омиллар орқали билиш мумкин. Айнан туризм кўплаб етакчи давлатларнинг асосий сармоя келтирувчи воситаси эканлиги, туризм орқали мамлакатга катта пул оқими кириб келиши ҳаммага маълум. Бугунги кунга келиб шахсан Президентимиз томонидан Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантиришга оид қабул қилинган муҳим қарорлар соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
 
     Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 30 апрелдаги «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қа­рори ижросини таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб саёҳат қилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ бир қатор амалий ишлар қилинди. 1 июндан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади ҳамда саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғар­малари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳи­собидан қоплаб берилади.
     Сўнгги йилларда Ўзбекистонга хориждан келаётган сайёҳлар оқими сезиларли ошиши кузатилди. Бу каби салмоқли ўсиш ички туризмда ҳам кузатилаётгани диққатга молик. Расмий статистикага кўра 2019 йилда Ўзбекистонда ички туризм сал­моғи 14 млн. 748 минг кишини ташкил этган ва бу кўрсаткич йил сайин ортмоқда.
     Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади, уларни саёҳат қилишга рағбатлантириш бўйича вазифалар белгиланаётгани соҳа ривожини таъминлайди. Масалан, Наврўз ва Янги йил арафасида, таътил кунлари ҳаво йўллари ва темир йўллари чегирмалар беряпти, йирик иш берувчилар ходимлари учун тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштиряпти ва бошқалар. Ёшлар туризми асосан, таълим тизими билан боғлиқ. Ёшлар таълим олиш учун бир жойдан иккинчи жойга кўчади ва ҳаракатланади. Инсон нима учун саёҳат қилади? Саёҳат биринчи нав­батда, солиштириш имконини беради. Биз яшаётган қоидалар бошқа жойларда умуман бошқачароқ, унумлироқ бўлиши мумкин. Буни билиш учун сиз албатта саёҳат қили­шингиз, бориб кўришингиз, солиш­тиришингиз керак. Aгар имкониятингиз бўлмаса, Ўзбекистон бўйлаб са­ёҳат қилинг: чекка ҳудуд, қишлоқ, овулларда инсонлар қандай яшаётганини кўринг. Бу мулоҳаза қили­шингизга, қандайдир хулосалар чи­қаришингизга ёрдам беради. Қола­верса, саёҳат инсонни руҳлантиради, атрофга янгича қарай бошлайди, нималарнидир ўзгартиришга ҳаракат ўзининг фикр доирасидан ташқарига чиқиб, глобал миқёсда тафаккур қи­лишига ёрдам беради.
     Ривожланган давлатлар ёшларида бир ажойиб тенденция бор: улар ўқишни битириб, маълум жойга ишга киради. Сўнг топган даромадидан саёҳат учун маблағ тўплайди. Уларнинг фикрича, саёҳат қилиш нафақат завқ олиш, балки ҳаётда муҳим қа­рорларни қабул қилишда асосий рол ўйнайди.
     Республикамиз бўйлаб гастрономик туризм, отда сайр қилиш ва тоғ­да чанғи учиш каби кўплаб сайёҳ­ликлар мавжудлиги ва бу турлар тобора халқимиз ва хорижликлар орасида оммалашаётгани бизда туризм нечоғлик ривожланаётганидан дарак беради. Зомин ва Бойсун тоғ­лари, Чимён курорт-зонаси, Сурхондарёдаги шаршара ва Паркентнинг шифобахш ҳавоси, Фарғона водийсидаги кулолчилик санъати дейсизми ёхуд Шаҳрисабздаги экзотик манзаралар ҳар бир нозиктаъб туристнинг эътиборини тортмай қолмайди, албатта.
     Саёҳатга сарфланган пул инсон капитали учун инвестиция бўлиб хизмат қилади. Саёҳат ортидан қанча тажриба, билим орттирилади. Ўзбекистонда 8600дан ортиқ тарихий обидалар жойлашган ҳудудлар бор. Хива, Бухоро, Самарқандни кўпчилик билади. Тоғли, чўл ҳудудларда ҳам кўришга арзигулик жойлар бор. Cаё­ҳат завқли одатга, маданий хор­диқ чиқариш эҳтиёжига айланиши керак.
     Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун республика ҳу­дудларида «Ўзбекистон бўйлаб саё­ҳат қил!» дастури доирасида ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилди. Ўз навбатида, саёҳат харажатларини қайтаришни молиялаштириш учун республика бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан 30 млрд. сўм маблағ Маданият ва туризм вазирлиги ҳузу­ридаги бюджетдан ташқари Туризм­ни қўллаб-қувватлаш жамғарма­сига ажратилди.
 
 
Муқаддас ЮСУПОВА, «O‘zIA» журнали мухбири
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.