Korporativ boshqaruv

Корпоратив форсайт ёрдамида компанияларни стратегик режалаштириш

2/2022

 
     Жаҳон иқтисодиёти­нинг бугунги глобаллашуви ша­роитида юқори марраларга эришиш учун сал­моқли моддий, молиявий, меҳнат ресурслари ва иқти­содий-сиёсий омиллар даркор. Мамлакатда кечаётган иқтисодий исло­ҳотлар ва иқтисодий сиёсатни яхши билганлар бундай асослар мавжуд ва кўзланган мақсадга эришиш мумкин, деб ҳисоб­лашади.
     Дунёдa кечaётгaн глoбaллaшув жapaёни тaъcиpи вa бoзop paқoбa­тининг кучaйиши нaтижacидa хўжaлик юpитувчи cубъектлapдa caмapaли cтpaтегик бoшқapувгa эҳтиёж то­бора opтмоқда. Стратегик бошқа­рувни амалга ошириш жараёни бир қанча инструментлардан кенг фойдаланишни ўз ичига олган бўлиб, бугун улардан энг долзарби – форсайт усулидир.
     Форсайт термини инглизчадан таржима қилинганда «келажакка назар», маъносини англатиб, маълум бир жараён ва ҳодисанинг келажакдаги ҳолатини кўра билишдир.
     Форсайт усули ҳар қандай ҳудуд­нинг иқтисодий ва ижтимоий шарои­тидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар томонидан кенг кўламли олиб бориладиган сўров асосида аниқла­надиган бир калит сифатида ишлатилади. Бу, ўз навбатида жамият ва давлатга улкан ижтимоий ва иқтисодий фойда келтиради. Европа мамлакатларида корпоратив форсайт нафақат йирик корпоратив тузилмаларда, ўрта ва кичик бизнесда ҳам кенг қўлланилади.
     Тадқиқотларга кўра, европалик экспертлар форсайтни келажакни ўрганиш учун фаол восита сифатида қўллашади. Компаниялар фаолияти бўйича келажакни режалаштиришда корпоратив форсайт муҳим омил сифатида қаралади .
Хўш, унинг қандай муҳим жиҳат­лари мавжуд? Европа Комиссиясининг сайтидаги маълумотларига кў­ра, форсайтнинг компанияларни бош­қа­ришда қуйидаги ўзига хос му­ҳим жиҳатлар бор:
     ● компанияда қабул қилинадиган қарорларнинг таъсирини бошқа ўзгаришлар билан бирлаштириш имкониятини кўриб чиқиш;
     ● компания раҳбариятини тезкор маълумотлар билан таъминлаш, қўллаб-қувватлаш ва турли соҳаларда амалга ошириладиган сиёсатни ишлаб чиқиш;
     ● келажакдаги устувор йўналиш­лар, яратилаётган янги технологиялар, замонавий ижтимоий талаблар ва муаммоларни аниқлаш ва ҳ.к.
     Корпоратив форсайт компанияларда бизнесни бошқаришнинг янги кўринишидаги механизмларидан би­ри бўлиб, рақобат муҳитини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўзгаришларга мослашишга ва динамик равишда ўзгарувчан глобал бозордаги позициясини узоқ муддат мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, корпоратив форсайт компаниялар учун келажакдаги ўзгаришларни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлаш, уларни мониторинг ва таҳлил қилиш, вужудга келиши мумкин бўлган таш­қи омиллар таъсирини ўз вақтида аниқлаш ва тегишли чоралар кўришни қамраб олади.
     Форсайт технологияси башорат қилиш методологияси асосланадиган тизим ҳисобланади. Сўнгги 10 йил ичида башорат бутун дунё бўйлаб сиёсий, стратегик режалаштириш ва бошқарувда кенг қўлланиладиган воситага айланди.
     Шуни айтиш лозимки, форсайтдан фойдаланишдан аввал ундан кўзланган мақсадни аниқ белгилаб олиш зарур. Бу билан форсайтнинг самарали усулларини танлаб олиб, амалий ҳаракатларни бошлаш мумкин. Бу жиҳатни БМТ томонидан чоп этилган «Форсайт – ривожланаётган мамлакатлар учун стратегик узоқ муддатли режалаштириш воситаси сифатида» номли қўлланмада келтирилган мисоллардан ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 1998 йили Бразилия форсайт бўйича ўзининг илк тажрибасини амалга оширди. 1996 йили Ҳиндистон ҳукумати ҳам ушбу дас­турни амалга оширишга киришди. Иккала мамлакатда мазкур дастур «Технология 2020» деган ном билан аталиши, ривожланиш бўйича 23-25 йилллик режаларнинг форсайт усулидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилганлиги бугунги кундаги ушбу давлатларнинг амалдаги ривожланиш босқичларидан ҳам билиб олсак бўлади.
     Ривожланган давлатларда форсайт методларидан энг кўп қўллани­ладигани «Делфи», «Муҳим технологиялар», «Экспертлар панели» каби усуллардир. Ушбу усуллар асосий тенденцияларни ўзгарувчан драйверларнинг ўзаро таъсирини ўрганишга қаратилган таҳлил – STEEPV ёрдамида аниқлаш имконини бе­ради.
     Масалан, бозорда ўзгарувчан тенденцияни ўз вақтида сеза олмаган «Nokia» компанияси билан боғлиқ ҳолатни кўриб чиқиш мумкин. Яқин ўтмишда мобиль технологиялар бозорида ўз позициясига эга бўлган ушбу компания соҳани ўзгартириш шароитида дунё бозорида ўз ўрнини сақлай олмади. Европа мамлакатларида энг илғор корпоратив форсайт тизимларидан бирига эга бўлган «Nokia» компанияси 2000 йилларнинг ўрталарида Американинг «Apple» компанияси билан уяли алоқа бозорида рақобат қила олмади. Бундай шартсиз мағлубият Финляндия компаниясининг ўзи бошқа­раётган бизнес келажагини белгилай олмаганлиги, корпоратив форсайт бирлиги учун аниқ жавобгарлик ва маъсулиятни белгилашда хатога йўл қўйган­лиги билан изоҳлаш мумкин.
     Сўнгги йилларда форсайтнинг энг оммабоп усулларидан бири сифатида делфи башорат қилиш усули кенг тарқалганлганлиги кўрсатиш мумкин. Мазкур усул маълум соҳадаги мутахассислар (2-3 минг) ўртасида сўровнома ўтказиш, шунингдек, сўровноманинг иккинчи босқичида улар билан қайта алоқа ташкил этишга асосланади. Ушбу башорат қилиш усули тадқиқотлар ўтказиш жараёнида ҳам кенг қўлланилади. Делфи усули Германия, Япония, Буюк Британия ва бошқа баъзи мамлакатларда фаол қўлланилмоқда. Ижобий натижага эришиш мақсадида сўровнома ўтказиш учун юқори малакали мутахассислар танлаб олинади, маъ­лум ҳудудларда эксперт комиссиялари тузилади ҳамда узоқ муддатли (йигирма беш йилдан ўттиз йилгача) даврда вужудга келиши мумкин бўл­ган ижтимоий, иқтисодий, илмий ва технологик ютуқларнинг рўйхати ишлаб чиқилади.
     Тадқиқотда қатнашадиган мутахассислар ҳар бир мавзуни баҳолаб, керакли манбалар мавжудлигини аниқлайди. Муҳим йўналишни амал­га оширишда юзага келиши мумкин бўлган тўсиқлар белгиланади.
     Бугунги кунда келажакдаги ўзгаришларни башорат қилишнинг яна бир «Муҳим технологиялар» деб ном­ланган усули асосан Франция, AҚШ, Чехия ва бошқа мамлакатларда кенг қўлланилмоқда. Ушбу усулнинг моҳияти шундаки, компания учун зарур маълумотларни шакллантириш юқори малакали мутахассислар билимига асосланади. Улар тад­қиқот соҳаларида муҳим технологияларни санаб ўтади. Одатда, бундай башоратни амалга оширишга кўплаб мутахассислар жалб этилмайди. Бундан ташқари, башорат қилиш истиқ­боллари беш йилдан ўн йилгача бўл­ган даврга мўлжалланган.
     Келажак ўзгаришларини башорат қилишнинг яна бир усули бу «Экспертлар панели» саналади. Кейинги пайтларда аксарият башоратли ло­йиҳа «экспертлар панели» усули ёрдамида тузилиб, уни амалга ошириш учун 12 кишидан 20 кишигача бўлган мутахассислар гуруҳи тузилади. Экспертларга маълум бир мавзу таклиф қилинади ва келажак учун мумкин бўлган вариантлар ишлаб чиқиш учун муддат (масалан, бир ой) берилади. Бу сўнгги ахборот-таҳлилий ишланмалар ва материаллардан фой­даланиш имконини яратади.
     «Экспертлар панели» услубининг ўзига хос хусусияти шундаки, башорат жараёнининг ўзи кўпчилик учун очиқ маълумотлар тизими ҳисоб­ланади. Усулнинг асосий афзаллиги – бу бошқа шароитларда ташкил қи­лиш жуда қийин бўлган турли хил фаолият соҳалари ва илмий фанларнинг ўзаро алоқасини ифодалайди.
     1970 йилларнинг сўнгида «Motorola» компанияси янги башорат қи­лиш усулини ишлаб чиқди. Буни «йўл харитаси» ҳам деб номлаш мумкин. Бу услубнинг моҳияти бизнеснинг барча асосий таркибий қисм­ларини режалаштиришдан иборат бўлиб, маз­кур усулдан молия, маркетинг, тех­нологиялар, муҳандислик инфратузилмалари, бозорлар ва хизматлар соҳасини ривожлантиришда самара­ли фойдаланиш мумкин. Йўл хариталарини тузишнинг асосий аф­заллиги компания томонидан амалга оши­риладиган узоқ муддатли ривожланиш мақсадлари тўғрисида доимий тасаввур шакллантирилади ва уни мо­ниторинг қилиш имкони ту­ғилади.
     Бугунги глобаллашув даврида йирик компаниялар ўзгарувчан бозор шароитига мослашувчанлик қо­би­ли­ятини мустаҳкамлаш борасида бир қатор ижобий ишларни амалга ошир­моқда. Мамлакатимизда мазкур со­ҳада комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишда стратегик режалаш­тиришдан кенг фойдаланиш, унинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, белгиланган тад­бир­ларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилаётгани диқ­қатга сазовор. Ривожланган давлатлар тажри­баси мамлакатнинг му­вафақ­қиятли ижти­моий-иқтисо­дий ривожланиши кўп жиҳатдан стратегик режалаштиришни давлат бош­қаруви инструменти сифатида фойдаланишга боғлиқ­лигини кўрсатади. Стратегик режалаштиришнинг асосини ҳар бир мамла­кат, унинг ҳу­дудлари ва тармоқ­лари бўйича ишлаб чиқилган ўрта ва узоқ муддатли ижтимоий-иқ­тисодий ривожланиш прогнозлари, стратегиялари ва концепциялари ташкил қилади.
     Мамлакат иқтисодий ривожланишини стратегик режалаштиришда узоқ истиқболга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини ишлаб чи­қиш муҳим омил. Ривожланиш стратегияси – бу миллат келажагини яратиш инструменти саналиб, у мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлиги ва келгуси авлод манфаатларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий сиёсатнинг аниқ мақсади, устувор йўналиши ва вазифаларини белгилайди. Бундай дастур давлат бошқарув органларининг ҳаракати ва салоҳиятларини бирлаштириш имкониятини яратади.
     Биз стратегиянинг янги даврига кириб, стратегик режалаштиришдан стратегик менежментга ўтяпмиз. Форсайт комбинацияси стратегик ре­жалаштиришни амалга оширишда ўз ичига нафақат компания раҳбарлари, балки бошқарувчи ва мутахассисларни ҳам қамраб олади. Бу форсайт стратегияси ёрдамида муаммоларни батафсил ўрганиш, мақсадларни аниқ белгилаб олиш ҳамда муқобил вариантларни ишлаб чиқиш имконини беради.
     Барча корхона, ташкилот ва компаниялар ўзларининг узоқ муддатли стратегияларини ишлаб чиқиши ва стратегик режалаштиришни бос­қичма-босқич амалга ошириши зарур. Бу ўз навбатида тез ўзгарувчан бозор шароитида узоқни кўра билишликни таъминлайди. Умуман, кор­поратив форсайт стандарт воситалар ёрдамида аниқлаб бўлмайдиган ўзгаришлар ва сигналларни аниқлашга хизмат қилади, яъни мавжуд стратегияни шакллантириш воситаларига нисбатан қўшимча рол ўйнайди.
     Стратегик режалаштиришда яна бир муҳим йўналиш – бу маркетинг. Негаки, мазкур циклни амалга оширишда маркетинг компанияга зарурий маълумотларни ва унга бўлган эҳтиёжни қондиришни таъминлайди. Стратегик режалаштириш корпоратив форсайт билан чамбарчас боғ­лиқ. Сабаби – форсайтни келажакдаги ривожланиш йўналишининг бир инструменти десак, стратегик режалаштириш мана шу ривожланишнинг тизимли ишлар кетма-кетлигини ўз ичига олган комплекс дастур сифатида жорий қилиниши мумкин.
     2020-2021 йилларда жаҳоннинг барча давлатлари кўзда тутилмаган (форс мажор) вазият билан юзлашди. Оқибатда кўпчилик мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати кескин пасайгани ҳеч кимга сир эмас.
     Жаҳонга машҳур, автомобиль ишлаб чиқарувчи «Ford» компанияси пандемия даврида GE Healthcare билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасига оид бир қанча жиҳозлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, жумладан, нафас олиш тизими, айниқса COVID-19 билан касалланган беморларга ёрдам берувчи мослама, юзни тўсиб турувчи шитлар ва бошқа тиббий шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқар­моқда. Бу билан компания ўзгарувчан бозор шароитида ўзининг эгилувчанлик хусусиятини таъминлай олди.
     Қайд этиш лозимки, бугунги кунда инвестиция оқимларнинг ўсишини жаҳон иқтисодиётидаги сусайиш ва иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши, Европа минтақасидаги қарздорлик ва бюджет тақчиллиги муаммолари, хорижий валюталар курси тақдирининг ноаниқлиги ва молия бозорларидаги рискларнинг ортиши каби чегаралаши мумкин бўлган омиллар таъсири кучаймоқда. Ривожланган давлатларда инвестицияларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишга оид қуйидаги учта йўналишга алоҳида эътибор қаратилади:
     ● импорт ўрнини босиш стратегиясини ривожлантириш;
     ● таянч тармоқлар ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш;
     ● илм-фан соҳаси ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш.
     Хусусан, Жанубий Корея Респуб­ликасининг инвестиция стратегияси бу борада диққатга сазовор. Ушбу мамлакат хорижий инвестициялардан самарали фойдаланишда шундай сиёсат олиб борганки, ривожланган мамлакатлардан, жумладан АҚШ ва Япониядан инвестициялар жалб қи­лиш жараёнига мазкур давлатлардаги самарали менежмент услублари ва ишлаб чиқариш технологиясини татбиқ қилишга интилган.
     Шунингдек, ривожланган мамлакатлар инвестиция фаолиятида бой тажриба тўпланган бўлиб, ундан Ўзбекистон амалиётида самарали фойдаланиш хорижий инвестицияларни жалб қилиш амалиётини такомиллаштириш ва инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш имконини беради. Айниқса, Япония инвестиция сиёсатининг тажрибаси алоҳида устуворликларга эга экани билан ажралиб туради. Бу борада мамлакатимизда ҳам инвестиция сиёсатининг муҳим устуворликларидан бири айнан хорижий инвестицияларни жалб қи­лишда узоқ муддатли лойиҳалар асо­сида илғор техника ва технологиялар киритишга қаратилган.
     Хулоса сифатида айтиш лозимки, стратегик режалаштириш ва форсайт ҳозирги кунда долзарб ҳисобланган масалалар ечимини ишлаб чиқишда энг самарали инструмент ҳисобла­нади. Мамлакатимизда стратегик ре­жалаштириш билан бир қаторда келажак методикаси сифатида баҳола­наётган ва ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ўтган форсайт усули ва унинг янги механизмларининг меъёрий асосларини яратиш жамият тараққиётининг муҳим талабидир.
 
 
Умид КОСТАЕВ,
«НКМК» АЖ Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи,

иқтисодиёт фанлари доктори, доцент;
 
Ибодилла ОРТИҚОВ,
«НКМК» АЖ Корпоратив молия бўлими мутахассиси;
 
Ботиржон ЭРГАШОВ,
«НКМК» АЖ Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими иқтисодчиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.