Ilmiy yondashuv

Раҳбар аёллар меҳнатини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари

2/2022

 
     Сўнгги бир неча ўн йил ичида дунёнинг кўплаб давлатларида раҳбарлик лавозимларида аёллар улуши сезиларли даражада ошди. Ривожланаётган давлатларда хотин-қизларнинг бош­қарув ваколатлари ошиши таълим ва соғлиқни сақлаш масалаларига кўп­роқ эътибор қаратилиши билан изоҳ­ланса, ривожланган давлатларда уларнинг давлат тузилмаларида раҳ­барлик қилиши ижтимоий-сиёсий таъсир кўрсатмоқда.
     Аммо яқинда АҚШнинг 279 та компанияси ўртасида ўтказилган сў­ров шуни кўрсатдики, аёллар ишга қабул қилинган ходимлар сонининг 48 фоизини ташкил қилса, раҳбар­ликнинг кейинги босқичида уларнинг улуши 39 фоизгача тушмоқда. Ҳар бир навбатдаги босқичдан аёллар камайиб бориб, юқори даражадаги лавозимларда атиги 23 фоизи қол­моқда.
     2019 йил январь ҳолатига кўра, дунё миқиёсида 19 аёл давлат раҳ­бари ёки ҳукумат бошлиғи лавозимида фаолият юритган, вазирларнинг атиги 20,7 фоизи хотин-қизлар ҳисса­сига тўғри келган.
     «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳам айни шу мавзуда сўровнома ўтказиб, аёлларда эркаклар билан солиштирганда мансабда ўсиш қан­дай амалга ошишига доир ҳамюрт­ларимиз фикри билан қизиқди.
     45,8 фоиз иштирокчиларининг фикрича, аёлларда мансабда ўсиш эркаклардагига қараганда айтарли сабабсиз, қийинроқ кечади, «эркак­ларга хизмат ва мансаб пиллапояси бўйича кўтарилиш шунчаки осонроқ, чунки у эркак». Шу билан бирга ҳар тўртинчи респондент, умуман олганда, хотин-қизлар учун мансаб пиллапояси бўйича кўтарилиш фаолият соҳаси ва бандликнинг турига боғ­лиқлигини қайд этди.
     Ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадқиқот иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (93,8%) давлат бошқаруви тизимида ёки тадбиркорлик ва бизнесда юқо­ри лавозимларни эгаллаб турган аёлларга нисбатан ижобий муносабатда. Сўров иштирокчилари бундай фаол, мақ­садга интилувчан ва уддабурон аёлларни қўллаб-қувватлаш­ларини билдириб, уларни меҳнат ва касбий фао­лиятда ёки бизнесда намоён қи­лишга интилаётган бошқа аёллари учун на­муна деб ҳисоблай­дилар.
     Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етди. Юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хусусан, ташкилотчи ва ташаббускор опа-сингилларимиз орасида туман ҳокимлари бор, ҳудудларда ўринбосар ва мас­лаҳатчи лавозимларида самарали фаолият кўрсатаётган, йирик корхоналар, банклар ва компаниялар, тадбиркорлик субъектларини бошқара­ётган аёлларимиз сафи кенг. Ана шундай катта салоҳиятни янада ошириш, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хо­тин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди.
     Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев таъкидлаганидек, бундай замонавий билим ва истеъдодга, етак­чилик қобилиятига эга, эл-юртимиз учун фидойи хотин-қизларимиз – халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
     2020 йилда юртимиз тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони сезиларли ошгани, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этгани, Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етгани республикада бу борада амалга оширилаётган сиёсатнинг яққол натижасидир.
     Ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-по­ғонага кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил илгари 128-ўринни эгалаганди.
     Таҳлиллардан маълум бўлдики, охирги уч йилда Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлис қуйи палатасида аёллар улуши 2,5 мартага, юқо­ри палатада эса 19 % га ошган. Аёл судьялар сафи ҳам кенгайган. Лекин 2020 йилда 2018 йилга нисбатан маъмурий-бошқарув ходимлари таркибида опа-сингилларимиз улуши 2 фоизга камайганини кўриш мумкин.
Раҳбар аёллар улуши, унинг ўзгариши ҳудудий ва тармоқлараро хусусиятларга эга. Иқтисодиёт тармоқ­лари трансформация натижасида «аёллар» ва «эркаклар»никига бўли­ниб қолгани ҳудудларнинг иж­тимоий-иқтисодий ривожланишини белгиловчи айнан шу тармоқларнинг ус­тунлиги аёлларнинг ҳам қарор қабул қилиш даражаларини белги­ламоқда.
     Вилоятлар кесимида таҳлил шуни кўрсатдики, маъмурий-бошқарув хо­димлари таркибида Қорақалпоғистон Республикасида (32,5%), Андижон (34,1%), Фарғона (31,1%) вилоятларида аёлларнинг улуши юқори даражада. Сурхондарё (17,6%), Навоий (18,1%), Жиззах (18,8%) вилоятларида раҳбар­лик лавозимларида фаолият олиб бораётган аёллар сони энг паст даражададир.
     Бошқарув соҳасида хотин-қизлар­нинг имкониятлари ва унга таъсир этувчи бевосита ва билвосита омилларни аниқлаш, эконометрик таҳлил орқали раҳбар аёллар сонини ошириш борасида илмий асос­ланган так­лифларни ишлаб чиқиш айни заруратдир.
     Шундан келиб чиққан ҳолда рес­публикамизда раҳбар аёллар сонига никоҳ, туғилиш, ўртача иш ҳақи миқ­дори, олий таълим муассасаларни битирган аёллар ҳамда давлат секторидаги хотин-қизлар бандлиги таъсири ўрганилди. Таҳлиллар натижасида 10 та никоҳланган, ҳар 1000 та туғилишга бир нафар аёл раҳбар чи­қиши аниқланди. Яъни бизнинг шароитимизда аёллар раҳбарлигига асосий тўсиқ бўлаётган омиллардан бири бу туғилиш экан. Олий ўқув юрт­ларини битирган ҳар юз нафар аёлдан 28 нафари, давлат секторида банд бўлган ҳар 10 аёлдан бир нафари раҳ­барликка тайинланаётгани маълум бўлди.
     Аёлларнинг барча даражадаги қарорларни қабул қилишда, етакчи опа-сингилларимизнинг давлат органлари ва жамоат ташкилотлари фао­лиятида реал иштирок этиши учун шарт-шароит яратиш – янги Ўзбекис­тонда хотин-қизлар меҳна­тини ташкил этиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор вазифаси ҳи­собланади.
     Замонавий шароитларда аёллар меҳнатини ташкил этиш стратегиясида ушбу масаласини ҳал қилиш учун қуйидагиларни таклиф қиламиз:
     ● хотин-қизларни сиёсий, давлат фаолияти ва бошқарувида иштирок этишга тайёрлашни ташкил этиш;
     ● хотин-қизлар учун тегишли малака ошириш ва қайта тайёрлаш дас­турларини ишлаб чиқиш, ўзини ўзи бошқариш маҳаллий органлари раҳ­барлари ва қишлоқ жамоалари етак­чиларини тайёрлаш бўйича ўқув дас­турларини жорий этиш;
     ● хотин-қизларнинг анъанавий тарзда иш билан банд бўлган тар­моқлар (таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар) билан чекланиб қолмасдан, давлат хизматида барча фаолият турларига киришини таъминлаш;
     ● сиёсий партияларда хотин-қиз­ларни ҳокимиятга кўтариш бўйича самарали механизмлар, стратегия ва дастурлар мавжудлигини рағбатлан­тириш, хотин-қизлар сиёсий тажрибасини шакллантириш ва ривожлантириш;
     ● хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нодавлат жамоат бирлашмалари ва ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш;
     ● сиёсат, илм-фан, тадбиркорлик ва бошқарув соҳасида муваффақият қозонаётган аёлларнинг ижобий қиё­фасини шакллантириш, биографик ўрганиш;
     ● давлат ва нодавлат корхоналарда ишлаётган масъулиятли, олий маълумотли ва ташаббускор хотин-қизлардан Умуммиллий аёллар кадр­лар захирасини шакллантириш, раҳ­бар аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
     ● турли даражадаги давлат органларида ишлаш, хотин-қизлар уюшмалари, марказлари ва бошқа ташкилотларни ташкил этишни рағбат­лантириш, тажриба алмашиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарур.
 
 
Азиза ИРМАТОВА, иқтисодиёт фанлари доктори

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.