Mutaxassis fikri

Туризм соҳасидаги инновацион янгиликлар

5-6/2022

     Ўзбекиcтон – сайёҳлик учун энг қулай, гўзал манзаралари ва пурвиқор тоғлари, ҳар қандай нозик дидли сайёҳга ҳам хуш келувчи ширин таомлари бисёр, диққатга сазовор Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби мегаполис шаҳарларга бой юрт. Президентимиз томонларидан соҳага берилаётган юксак эътибор сабаб, айтиш жоиз бўлса нафақат ташқи, балки ички туризм ҳам тобора ривожланмоқда. Юксалиш омиллари бир талай: шулардан бири соҳага шиддат билан кириб бораётган инновацион ишланмалар, техник ғоялар ва қулай мобил иловалар.
 
     Туризм соҳасининг ҳозирги ривожланиш босқичида ахборот технологиялари ва дастурий таъминот муҳим ўрин тутади. Эволюция ва техника тарақ­қиёти туризмга ва экскурсия тадбирларини ташкил этишга ҳам кириб борди. Бу бўйича ноёб мултимедия қўлланмалари ишлаб чиқилган ва GPS навигация ёрдамида мобил телефонлар учун сайёҳларга таклиф этилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳо­зирги кунда IT-ишлаб чиқув­чилар ва туризм бозорининг энг илғор иштирокчилари орасида, шу жумладан, туризм бизнесини оптималлаштириш ва туристларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун мобил технологияларни жорий этиш ва мос­лаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Замонавий операцион тизимга эга уяли телефон ва саёҳат­чилар учун фойдали дастурлар тўп­лами вақт ва пулни тежашга, диққат­га сазовор жойларни топишга ва саёҳат пайтида ажралмас ёрдамчига айланишга ёрдам беради.
     Қувонарлиси, Ўзбекистон ­ЮНВТОнинг туризм соҳаси энг тез ривожланаётган 20 мамлакат ичида 4-ўринда эътироф этилди.
     «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» рейтингида 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилиб, «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағри­кенглик даражаси юқори» бўлган 10 та мамлакат қаторига кирди.
     «Halal Travel Frontier 2020» ҳисо­ботида мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди.
     National Geographic Traveler (АҚШ) рейтингида «Йил янгилиги» номинацисида ғолиб, деб топилди.
     Туризмда инновацияларнинг жадал ривожланиши 1972 йилда «United States Luggage» компанияси ходими Бернард Дэвид Садоу томонидан ғилдиракли жомадонлар ихтироси учун патент олиниши билан бошланган ва соҳанинг буткул электронлашуви ҳамда унда сунъий интеллект иштироки фаоллашуви билан давом этаяпти. 50 йилча аввал оғир юклар сабаб ўртага чиққан инновация ва бугунги кашфиётлар мо­ҳиятан бир негизга эга, яъни ҳар қан­дай инновация муаммо ва унинг ечимини излашга алоқадор бўлади. Бугуннинг энг катта муаммоси – инсонларнинг ниҳоятда қулай ҳаётга интилиши ва доимо бунга халақит берувчи омиллар келиб чиқавери­шидир. Масалан, Ер сайёраси аҳо­лиси кўпайиши, турли соҳалардаги мураккаб ривожланишлар «Big Data» – «улкан ахборотлар» масаласини вужудга келтирди. Меҳмон­хоналар, аэропортлар ёки туризм бизнесининг бошқа субъектлари бир неча юзлаб, балки минглаб мижозларнинг ахборотларини таҳлил қилиши, уларга самарали хизмат кўрсатиши керак. Ундан ташқари бу бизнеслар ўз ходимлари ва ҳамкорлари билан боғлиқ ахборотлар оқимини бошқариши ҳам керак. Шу туфайли соҳанинг кўп тармоқларида автоматлаштириш жараёнлари кечмоқда. Инсонлар амалга ошириши қийин бўлган ишларни компьютерлар, робототехника ва сунъий онг бажариши бизнинг давримизга келиб одатий ҳолга айланмоқда. Бунга меҳмон­хоналарни автоматлашган тарзда бошқариш имкониятини берувчи Opera, Amadeos, Fidelio, Epitome PMS ва бошқа шу каби дастурларнинг ри­вожлангани мисол бўлади.
     Яна шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, туризм бизнеси субъектлари ўз маҳсулотини мижозларга самарали етказмоқчи бўлса, албатта замонавий коммуникация усулларидан фойдаланиши керак. Бизнесларнинг ўз интернет сайтлари, ижтимоий медиада ёки саёҳат қилувчилар орасида машҳур йирик онлайн платформалар, хусусан Booking.com, TripAdvisor, Expedia, Cheapair каби сайтларда ўз саҳифалари бўлиши ва улар стратегик юритилиши маркетингга инновацион ёндашишнинг яққол мисоли бўлади. Чунки фойдаланувчиларнинг интернет кенгликларида қолдирадиган фикрлари, ўзларига кўрсатилган хизматга берадиган баҳолари асосида шаклланадиган рейтинглар сифатли маҳсулот таклиф этувчи компаниялар учун ҳаққоний реклама, жамоатчилик билан алоқа ўрнатиш (PR) механизми бўлиб хизмат қилади.
     Ўзбекистонда туризм жаҳон бозори талаблари билан ривожланиб бораяпти, албатта. Бугун юртимизга ташриф буюрмоқчи бўлган сайёҳ интернет орқали ўз саёҳатини режа­лаштириши, меҳмонхона ва авиакомпаниялар онлайн хизматларидан фойдаланиши мумкин. Мамлакат ҳу­дудида смартфонлардаги махсус мобиль иловалар орқали такси ча­қиртириш, овқат буюртма қилиш, ресторанда жой банд қилиш ёки бораётган манзиллари ҳақида интернетдан маълумот олиш имконияти бор. Ахборот технологиялари шу та­риқа саёҳат индустриясида тарақ­қий этишни давом эттиради. Мисол тари­қасида қуйидаги фактларни санаб ўтиш мумкин:
     Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларидаги йирик ва жадал ривожланаётган онлайн агентлик ҳисоб­ланган Oriental Express CA Ўзбекистон туристик хизматларини тарғиб қилишда фаоллик кўрсатаяпти, йилдан-йилга OrexCA.com фойдаланувчилари диёримиз, ундаги ранг-баранг урф-одатлар, туристик манзил­гоҳлар ҳақида шу манбадан маълумот олади. Қолаверса, Ўзбекистонда туроператорлар ва меҳмонхоналар ўртасида интернет воситасида ахборот алмашиш сервиси – Hotelios жорий қилинган. Мазкур тизим МДҲ давлатлари орасида муқобили йўқ бўлган инновацион лойиҳа ҳисоб­ланади. Суғурта полисларини онлайн олиш имкониятларининг мамлакатимизда жорий қилингани ҳам шулар жумласидандир.
 
 
Азизбек ФАЁЗОВ,
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлигининг туризм лойиҳалари ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.