Rivojlanish sohasida

Қувват ва энергия – мамлакат фаровонлиги учун

3/2022

 
     Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини замонавий ва энг муҳими, экологик тоза технологиялар асосида кенг кўламли модернизация қилишга киришди. Корхона янги қурилмаларни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш баробарида мавжуд нефть-кимё ишлаб чиқаришини, маҳсулот ассортиментини кенгайтиришга интилмоқда.
     Бухоро НҚИЗ бош муҳандиси Бахтиёр МУСТАФОЕВ билан шу ва бошқа муҳим жараёнлар ҳақида суҳбатлашдик.
 
     – Бахтиёр Жумабаевич, аввало, айни пайтда заводда ишлаб чиқа­рилаётган маҳсулотларнинг асосий турлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
     – Ҳозирда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бензин, дизель фракциялари, суюлтирилган газ, техник олтингугурт маҳсулотларининг 9 та турини ишлаб чиқармоқда. 2000 йилда заводнинг қуввати А-76 ва А-72 бензинлари учун мўлжалланган эди, 2005 йилдан бошлаб АИ-80 ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2021 йилдан эса Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи республика тарихида биринчи марта маҳсулот қаторини АИ-98 юқори октанли автомобиль бензини билан тўлдирди. Ушбу русумдаги автомобиль бензинлари асосан сиқиш даражаси 12 дан 14 гача оширилган моторли автомобилларда қўлланилади. АИ-98 бензини юқори детонацияга қарши хусусиятлари (октан тавсифлари) туфайли двигатель ишлаш қув­ватини оширади, тезлик динамикасини яхшилайди, теб­раниш ҳамда шовқин даражасини пасайтиради ва ёқилғи сарфини сезиларли тежайди. Биз 380 тонна ҳажмдаги АИ-98 автомобиль бензини партиясини ишлаб чиқариб, унинг физик-кимёвий хусусиятла­рини синовдан ўтказдик. O‘zDSt 3031:2015 «Автомобиль бензини. Техник шартлар» стандарти талабла­рига муво­фиқ АИ-98 автомобиль бензинини серияли ишлаб чиқа­риш учун муво­фиқлик сертификати ­олинди.
     Маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш бўйича лок-бўёқ маҳ­сулотлари учун нефтни ҳайдаш маҳ­сулоти ҳисобланган нефть эритувчиси – нефрас ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Биз шунингдек, технологик (компрессор) ва бошқа ас­боб-ускуналарни совутиш учун мўлжалланган пропан хладагентни ишлаб чиқарамиз. Завод 2009 йилдан бошлаб ҳозирги вақтда «Uzbekistan Аirways» компанияси томонидан парвозларда қўлланилаётган Jet А-1 авиа­ция керосинини ишлаб чиқар­моқда. Jet А-1 авиа ёқилғисининг ўзига хос хусусиятлари – юқори даражадаги тозалик, ёнғин ва портлаш жиҳатидан хавфсизликка эга.
     Таъкидлаш лозимки, 25 йил давомида заводимиз ички бозорнинг 65 фоизидан ортиғини маҳсулот билан узлуксиз равишда таъминлаган ҳолда, республика энергетика маж­муасининг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Мамлакатни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш – бу давлат раҳбари, ҳукумат, «Ўзбекнефтгаз» АЖ қарорларида белгилаб берилган вазифалар асосида заводимиз раҳбарияти, мутахассислари ва операторларининг биргаликдаги фаолиятининг бош мақсади ҳисобланади. Унга туну кун меҳнат қилиш, шу жумладан, эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қурилмаларини таъмирлаш, кадрлар тайёрлаш чора-тадбирлари туфайли эришилади. Жараённинг ҳеч бир босқичи тўхтаб қолиши мумкин эмас – заводнинг ҳар бир ходими ўз иши учун жавоб беради.
     – Корхонанинг самарали, бар­қарор фаолияти ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш замонавий технологияларни талаб қилади. Технологик жараённинг асосий босқичлари қандай, қанақа асбоб-ускуналар ўрнатил­ган ва унинг афзалликлари ни­мада?
     – Биринчи босқич хомашё тайёрлашдан бошланади. Лойиҳага кўра бунда Қашқадарё вилоятидаги Кўк­ду­малоқ нефть ва газ конденсати кони захираларига эътибор қара­тилди. Бирламчи қайта ишлаш жараёнлари нефтдаги кимёвий ўзга­ришларни назарда тутмайди, балки унинг бешта фракцияга физик ажралишини ўзида намоён этади. Бензин, керосин ва дизель фракциялари биргаликда оч тусли нефть маҳсулотла­рини, мазут эса оғир нефть қолдиқ­ларини ҳосил қилади. Хом нефтнинг муайян ҳажмидан қанча кўп енгил фракциялар олинса, шунча кам мазут қолади. Шундай қилиб, қайта ишлаш натижасида олинадиган оч тусли нефть маҳсулотларининг ҳажми нефт­нинг бошқариш мумкин бўлган энг муҳим тавсифи ҳисобланади.
     Иккиламчи жараёнларнинг мақ­сади ишлаб чиқариладиган мотор ёқилғисининг ҳажмини оширишдан иборат бўлиб, улар нефть таркибига кирувчи углеводородлар молекулаларининг кимёвий модификацияси, уларнинг оксидланиш учун қулайроқ шаклларга айланиши билан боғлиқ. Барча иккиламчи жараёнларни уч турга бўлиш мумкин: чуқурлашти­рувчи (крекинг, кокслаш ва ҳ.к.), хусусиятларини яхшиловчи (риформинг, гидротозалаш, изомеризация ва ҳ.к.) ва ёғларни ишлаб чиқариш жараёнлари, алкиллаш, ароматик углеводородлар ва ҳоказо.
     Компанияда ишлаб чиқарилади­ган маҳсулотлар сифатини назорат қилишнинг кўп босқичли тизими йўлга қўйилган. Ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи юқори малакали мутахассислар томонидан назорат қилинади. Маҳсулот ISO 9001 хал­қаро стандарти талабларига мувофиқ сертификатланган сифат менежменти тизими назорати остида ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари Марказий завод лабораторияси хомашё ва тайёр маҳсулотларнинг сифатини, технологик жараённинг юритилишини, экологик мониторингни, ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этиш, маҳсулот сифатини ошириш, янги технологик жараёнларни ишлаб чи­қиш, мавжудларини ва маҳсулот­ларни такомиллаштиришга қаратил­ган илмий-тадқиқот ишлари ва тад­қиқотларнинг олиб борилишини назорат қилади.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.