Madaniyat

Ўзбекистон – Туркия алоқаларининг истиқболли йўналиши

5/2020

     Ўзбекистон дунёнинг етакчи давлатлари билан тенг ва самарали алоқалар ўрнатиш, ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш йўлини ривожлантиришдан манфаатдор. Бу давлатлар орасида Туркия Республикаси алоҳида ўрин тутади. Хусусан, маданий-гуманитар алоқалар томонлар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
     Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек ­НАЗАРБЕКОВ билан мазкур соҳада ўзбек-турк алоқалари кўлами ҳамда аҳамияти, маданий ҳамкорликни янада юксалтиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида суҳбатлашдик.
 
     – Озодбек Аҳмадович, суҳбати­миз аввалида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги бугунги маданий ало­қалар борасида икки оғиз тўхталиб ўтсак…
     – Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон ҳар тарафлама очиқ сиёсат олиб бор­моқда. Хусусан, ташқи сиёсатда туб ўзгаришлар амалга оширилди. Албатта, бу жараёнда Ўзбекистоннинг янги «маданий дипломатияси» яратилди. Қардош туркий тилда сўзлашувчи давлатлар билан яқин муносабатлар йўлга қўйилди.
     Шу ўринда Туркия Республикаси билан ҳамкорликнинг янги бос­қичига ўтилганини қайд этиб ўтмас­ликнинг иложи йўқ. Инчунун, маданият соҳа­сида икки давлат ўртасида том маънода янги давр бошланди, десак асло муболаға бўлмайди. Аввало, ушбу ҳамкорликнинг ҳу­қуқий асослари мустаҳкамланди. 2018 йил 30 апрелда Ўзбекистон Рес­публикаси Ҳукума­ти билан Туркия Республикаси Ҳуку­мати ўртасида маданий ҳам­корлик тўғрисида битим имзоланди.
Кези келганда турк халқининг юртимиз маданий ва илмий меросига бўлакча муҳаббати борлигини айтиб ўтмоқчиман.
Ҳозирги кунда Туркия томони билан юртимиздаги маданий мерос объектларини ҳамкорликда реставрация қилиш юзасидан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда ТИКА ташкилоти ва «Гурсой Групп» компаниялари билан яқин алоқалар ўрнатилган.
     Шунингдек, турли ҳужжатли ва бадиий фильмлар орқали тарихий шахслар образларини яратишда катта тажрибага эга бўлган Туркия кино компаниялари билан ҳам биргаликда сўнмас асарлар яратиш устида иш олиб бориляпти. Бунга мисол тари­қасида Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги масла­ҳатчиси, профессор Бекир Карлиға жанобларининг таклифига асосан ўзаро ҳамкорликда буюк алломамиз Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодига оид ҳужжатли фильм суратга олинганини келтириш мумкин.
     Шу билан бирга тарихий қаҳ­рамонлар ҳақида яратган сериаллари орқали машҳур бўлган «Бўздағ фильм» ширкати билан қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг йирик лойиҳа – «Мендирман, Жалолиддин» кўп қисмли сериали суратга олин­моқда.
     Умуман олганда, икки давлат вакиллари ҳамкорликда турли маданий тадбирларда фаол иштирок этиб кел­моқда. Юртимизда ўтказилган Хал­қаро мақом санъати анжумани, Хал­қаро бахшичилик санъати фестивали ва «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида Туркия мусиқа жамоалари қатнашди.
     Буларнинг барчаси нимадан далолат беради? Келтириб ўтилган мисоллар, шубҳасиз, Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида маданият соҳа­си етакчи ўринда эканини яна бир бор исботлайди.
     – Жорий йилнинг июль ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов билан Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушоғлу ўртасида ўтган учрашувда Анқара ва Истанбулда биринчи марта Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди. Лекин пандемия билан боғ­лиқ вазият режаларни ўзгартириб юборгани табиий. Айтинг-чи, ушбу муҳим тад­бир доирасида нималар режалаштирилган эди ва сир бўлмаса, у қачон ўтиши кутилмоқда?
     – Ўзбек ва турк маданий муносабатларида муҳим воқеа бўлиши кутилган Туркия Республикасида Ўзбекистон маданияти кунлари коронавирус пандемияси туфайли вақтин­чалик қолдирилди.
     Очиғини айтаман, ҳозирги кунда турк томони билан мазкур тадбирни келгуси йилда ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Маданият кунлари доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Дастлаб Анқара шаҳрида тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган фотокўргазма, ўзбек кинолари намойиши ҳамда ўзбек санъат усталарининг концерт дастури ташкиллаштирилади.
     Истанбул шаҳрида кўплаб ватандошларимиз истиқомат қилишини инобатга олиб, бу ерда ўзбек диаспораси билан учрашув ҳамда ўзбек санъаткорлари иштирокида 2 та концерт дастури ўтказилиши кўзда тутилган. Албатта, тадбир доирасида туркиялик ҳамкорлар билан ишланган фильм намойиши ҳам тақдим қилиниши белгиланган. Умид қила­мизки, мана шу эзгу ниятларимиз ижобат бўлиб, келаси йили бу тадбир юқори савияда ташкил этилади.
     – Ўш шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) маданият вазирлари доимий кенгашининг 37-йиғи­лишида қадимий ва навқирон ша­ҳарларимиздан бири – Хива 2020 йилда «Турк дунёси маданият пойтахти» деб эълон қилинди. Бу йил давомида Хива бутун турк дунёси иштирокидаги кенг кўламли маданий ва ижодий тадбирлар хал­қаро майдончасига айланиши лозим эди. Коронавирус туфайли форумлар, тақдимотлар ва бошқа кўзда тутилган тадбирлар «тақ­дири» нима бўлди? Уларни тўлиқ амалга ошириш, Хиванинг турк дунёси маданият пойтахти сифатидаги мақомини узайтириш имконияти мавжудми?
     – ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан 2020 йили Хива шаҳри «Турк дунёси маданият пойтахти» деб эълон қи­линишини мамлакатимиз ва туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ўртасидаги ўзаро биродарлик алоқалари­нинг яна бир ёрқин натижаси сифатида кўриш мумкин.
 
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.