Жилвакор тошнинг табиий сеҳри

3/2022

 
     Бугун юртимизнинг барча ҳудудлари том маънода бунёдкорлик майдонига айланган. Замонавий архитектура талаблари асосида барпо этилаётган иж­тимоий-маданий объектлар, турар жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нуқталари – буларнинг бари аҳоли учун қулай инфратузилмани яратиб, турмуш фаровонлиги даражасини оширмоқда.
     Табиийки, қурилиш ишлари кўлами кенгайиб бораётган бир пайтда пардозлаш материалларига бўлган талаб ҳам тобора ортяпти. Уй-жойлар, жамоат ва саноат биноларини қуришда пардозловчи материаллар сифатида табиий пардозбоп тошлардан қайта ишланган плиталар, меъморий маҳсулотлар кенг қўлланиб келинмоқда.
     Эътиборлиси, мамлакатимизда табиий пардозбоп тош (мармар, гранит, габбро ва бошқалар) конлари юздан зиёд бўлиб, уларни қайта ишлаш соҳаси изчил ривожланиб бораётир. Бугунги кунда республика ҳудудида табиий пардозбоп тошларни қайта ишлашга ихтисослашган 200 дан ортиқ корхоналар фаолият юритаётгани бунинг исботидир. Навоий вилоятидаги Gazgan stone масъулияти чекланган жамияти (йиллик ишлаб чиқариш қуввати 280 минг м2 бўлиб, 200 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланган) ана шундай йирик лойиҳалардан бири саналади.
Маълумки, Навоий шаҳридан 65 км шимолда, Нурота тизмасининг ғарбий чеккасидаги Ғозғонда энг нодир мармар ва гранит конлари жойлашган. Бу конлардан олинаётган пардозбоп тошлар кўкиш, пушти, оч сариқ, яшил, хуллас, 45 хилдан ортиқ рангга эга ва улар ўта иссиққа ҳамда намга чидамлилиги, ишлов учун қу­лайлиги билан ғоятда ноёб ҳисоб­ланади. Айниқса, Ғозғон мармарлари қадимдан машҳур бўлиб, Самар­қанд ва Бухородаги кўҳна обидаларни қуриш ҳамда безашда ишла­тилган.
     Яқинда шаҳар мақомини олган Ғозғонни табиий пардозбоп тошлар водийсига қиёслаш мумкин. Gazgan stone бу ерда фаолият кўрсатаётган нисбатан ёш ва иқтисодий салоҳияти юқори, истиқболли корхоналар қато­рида эътироф этилади. Унинг энг ил­ғор технологиялар билан жиҳозлан­гани Европа стандартлари асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда.
     Gazgan stone мармарлари нисбатан мўрт, яхши силлиқланади, ойнасимон акс беради ва юқори даражада декоратив. Улардан биноларнинг ички ва ташқи томонларини қоп­лашда ҳамда электротехника маҳ­сулотлари ишлаб чиқаришда фой­даланилади. Худди шундай, юқо­ри сифатли, чидамли гранитлари ҳам уй-жойлар ва бошқа қурилиш объектларини пардозлашда кенг қўл­ланилмоқда. Мебеллар учун қопла­малар, ванна ва раковиналар, брусчатка, плита… Gazgan stone маҳсу­лотларидан тайёрланаётган бундай қурилиш ашёлари ички ва ташқи бозорда харидоргир.
     Муҳими, Gazgan stone мармар ва гранитлари экологик тозалиги, хизмат қилиш муддати узоқлиги, табиий тузилиши, турли хил шакл ва ранг­ларга эгалиги харидорларни ўзига жалб этмоқда. Бу маҳсулотлардан қурилиш, ободонлаштириш ва йўлсозлик соҳаларида фойдаланилаётгани кўҳна тоштарошлик санъати ҳамда замонавий шаҳарсозлик анъаналарининг уйғунлашувига хизмат қиляпти.
     Бугунги кунда Gazgan stone давлат миқёсидаги лойиҳаларда, йирик иншоотлар қурилишида фаол иштирок этмоқда. Унинг маҳсулотлари Марказий Осиё ва Европа бозор­ларига чиқарилаётир. Эътиборлиси, айни пайтда янги карьерларни ўз­лаш­тириш ва ишлаб чиқаришнинг йил сайин ошириб боришга интила­ётган Gazgan stone экспорт географиясини ҳам кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш орқали юртимиз иқти­содиёти ривожига муносиб улуш қў­шиш йўлида дадил бормоқда.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.