- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz/uz -

Ўзбекистон – очиқ молиявий бозор сари

 
     Ўзбекистон сўнгги йилларда банк тизимини модернизация қилиш, молиявий инфратузилмани ривожлантириш, шаффофликни ошириш ҳамда инвестициялар учун қулай муҳит яратишга қаратилган кенг кўламли иқтисодий ва молиявий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Осиё тараққиёт банки мамлакатнинг асосий халқаро ҳамкорларидан бири ҳисобланиб, энергетика, транспорт, ижтимоий инфратузилма ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ислоҳотлар ва лойиҳаларни молиявий ҳамда эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда.
     Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан ЛАО-АРАЙЯ «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журналига эксклюзив интервьюни тақдим этди.
 
     – Ўзбекистон молия секторидаги ислоҳотларнинг ҳозирги бос­қичини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, банк ва молиявий инфратузилмадаги қайси асосий ўзгаришлар инвестиция муҳитини яхшилашда энг катта роль ўйнади?
     – Сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистон молия сектори комплекс ислоҳотлар дастури туфайли сезиларли тарақ­қиётга эришди. Ушбу дастур валюта­ни либераллаштириш, рақамли молия ва банк хизматларининг жадал ривожланиши, капитал бозори учун регулятор «қумдонлар»ни жорий этиш ҳамда корпоратив бошқарувни такомиллаштиришни ўз ичига олди. Сектор ҳанузгача асосан банклар то­монидан доминант қилинаётган бўлса-да, давлат улуши босқичма-бос­қич камайиб бормоқда: 2025 йил охирига келиб давлат банклари сектор активлари ва капиталида тахминан 65 фоизни ташкил этди, бу кўрсаткич 2019 йилда 86 фоиз эди. Бу ҳолат давом этаётган хусусийлаштириш жараёнлари ва корпоратив бошқарув ислоҳотлари натижасида хусусий сектор томонидан рақобат кучайиши учун шароит яратилаётганини кўрсатади.
     Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан қўллаб-қувватланган капитал бозори ислоҳотлари корпоратив облигациялар ҳажмини тахминан 326 млн. АҚШ долларига етказишга ҳам­да 948 минг нафар чакана инвесторларни жалб этишга олиб келди. Бу капитал бозорига банк кредитлари ва депозитларига муқобил молия­лаштириш манбаи сифатида қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади. Мамнунлик билан таъкидлаш жоизки, ОТБ кўмагида ташкил этилган ва банк­ларни узоқ муддатли ликвидлик билан таъминлаш мақсадида фаолият юритувчи Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси мамлакатдаги энг йирик корпоратив облигация эмитентига айланди. У деярли 100 млн. АҚШ доллари ҳаж­мида облигациялар чиқариб, уй-жой молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун капитал бозоридан фаол фойдаланмоқда.
     2025 йилда муҳим босқич сифатида ОТБ тарихида илк бор хорижда, ўзбек сўмида номиналланган облигациялар жойлаштирилди: июнь ойи­да 312 млрд. сўм (тахминан 24,7 млн. АҚШ доллари), декабрь ойида эса аёлларга тегишли корхоналар, мик­робизнес ва кичик тадбиркорлик субъ­ектларини қўллаб-қувватлаш мақ­садида 239,8 млрд. сўм (тахминан 20 млн. АҚШ доллари) ҳажмида иккинчи жойлаштириш амалга оширилди.
     Шу билан бирга бизнесни молия­лаштиришда капитал бозори инст­рументларидан фойдаланиш ҳануз­гача чекланган ҳолда қолмоқда. Хусусан, фонд бозорининг капитализацияси ялпи ички маҳсулотнинг атиги 15–16 фоизини ташкил этади, суғурта компаниялари ва Пенсия жамғармаси каби институционал ин­весторларнинг иштироки эса минимал даражада сақланиб қолмоқда. Биз Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2025 йил 18 декабрда қабул қилинган «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилаш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги фармони бозор ривожини жадаллаштиради, деб умид қи­ламиз. Ушбу ҳужжат икки томонлама листинг, хорижий валютадаги облигациялар каби янги инструментларни жорий этиш, инвесторлар учун имкониятларни кенгайтириш ва меъ­ёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкам­лашни назарда тутади.
     ОТБ ҳукумат билан маҳаллий ­бозорда облигациялар чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ма­саласида музокаралар олиб бор­моқда. Бу заём олувчилар учун валюталарга боғлиқ хатарларни камайтиради, янги халқаро инвесторларни жалб этади ва капитал бозорини ри­вожлантиришга хизмат қилади.
     Ислоҳотларни чуқурлаштириш ва барқарорлигини таъминлаш учун қуйидаги чоралар зарур:
     ● давлат банкларини тижоратлаштиришни жадаллаштириш ва давлатнинг молия соҳасида ҳамда мақсадли кредитлашдаги ролини камайтириш;
     ● активларни таснифлаш ва капитал талаблари соҳасидаги регулятор бўшлиқларни бартараф этган ҳолда пруденциал тартибга солиш ва назоратни янада мустаҳкамлаш;
     ● микромолиялаштириш каби нобанк молиявий хизматларни кенгайтириш;
     ● бизнес ва инфратузилмани молиялаштириш учун узоқ муддатли, турли манбаларни таъминлайдиган капитал бозорини янада ривожлантириш.
     Бунинг барчаси хусусий инвести­циялар салоҳиятини тўлиқ очиш ҳам­да Ўзбекистонда инклюзив ва бар­қарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун ҳал қилувчи аҳа­миятга эга.
     – ОТБ Ўзбекистонда инклюзив молияни кенгайтириш ва микромолиялаштириш секторини ислоҳ қилишни фаол қўллаб-қувватла­моқда. Ушбу чора-тадбирларнинг микро, кичик ва ўрта бизнес (ММCП) ҳамда заиф гуруҳлар учун молияга кириш имкониятини оширишдаги самарадорлигини қандай баҳолайсиз?
     – Микро, кичик ва ўрта корхоналар, шунингдек, компанияларнинг заиф сегментлари учун молияга кириш имкониятини кенгайтириш инклюзив иқтисодий ўсишда ҳал қи­лувчи аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистон сезиларли ютуқларга эришди. Инклюзив молия секторини ривожлантириш дастури доирасида ОТБ 100 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Ушбу маблағлар танлаб олинган банклар ва микромолия ташкилотлари орқали ММCПга йўналтирилмоқда. Шу билан бирга микромолия секторини кенгайтириш, қонунчиликни янгилаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қи­лишни яхшилаш ва рақамли назоратни кучайтиришга қаратилган асосий сиёсатларни ишлаб чиқишда ҳам кўмак берилди.
     Микромолия секторини тузилмавий янгилаш муҳим босқич бўлди. Даромад келтирувчи лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган янги турдаги молиявий муассаса – депозит қабул қилувчи микромолия­вий банк фаолияти учун зарур нор­матив-ҳуқуқий ҳужжатлар жорий этилди. 2025 йилда олдиндан иккита лицензия берилди ва 2026 йилда улар тўлиқ лицензияларга айлантирилиши кутилмоқда. «Инклюзив молия секторини ривожлантириш дас­тури»нинг 3-поддастури доирасида ОТБ 2026–2027 йилларда ҳам соҳани ислоҳ қилиш бўйича маслаҳатлар ва молиявий хизматларнинг очиқлиги, шаффофлиги ҳамда аҳоли учун қу­лайлигини оширишга қаратилган техник ёрдам кўрсатишни давом эттиради (айниқса, етарлича хизмат кўрсатилмаётган жамоалар учун).
     Суверен операцияларга қўшимча равишда, ОТБ хусусий сектор инструментларидан ҳам фойдаланиб, ММCПни молиялаштиришдаги тафовутни қисқартирмоқда. Хусусан, «Ипак Йули» банки ва «Ҳамкорбанк»­га миллий валютада иккита кредит ажратилди – ҳар бири тахминан 625 млрд. сўм (тахминан 50 млн. АҚШ доллари) миқдорида бўлиб, аёлларга тегишли корхоналар ва «яшил» инвестицияларни мақсадли молиялаштиришга йўналтирилган. Бу кредитлар Тошкентдан ташқари ҳудуд­ларда, ўрта муддатли сўмдаги молиялаштириш имкониятлари чекланган жойларда бизнес учун молияга киришни кенгайтирмоқда.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин. [1]